Жаҳон | 23:30 / 12.08.2024
5591
2 дақиқада ўқилади

Исроил Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» ҳужуми сабаб қўшинларини жанговар шай ҳолатга келтирди

АҚШ президенти Жо Байден Яқин Шарқдаги кескинликни муҳокама қилиш мақсадида Франция, Германия, Италия ва Буюк Британия етакчилари билан музокаралар ўтказди.

Фото: Bloomberg

Исроил Эрон ва Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати томонидан ҳужумлар уюштирилиши хавфи сабаб ўз қўшинларини юқори шайлик ҳолатига келтирди, деб хабар беради The Wall Street Journal.

Нашр маълумотларига кўра, Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» ҳужум уюштиришга тайёргарлик кўрмоқда, аммо шу билан бирга, Исроил ҳукумати зарбалар ростдан ҳам берилиш ёки берилмаслигини билмайди.

Пентагон минтақага бошқарилувчан ракеталар билан жиҳозланган сув ости кемасини юборганини ва иккинчи авиаташувчининг ҳам етказилишини тезлаштираётганини маълум қилди.

Исроил ҳукуматининг собиқ расмий вакили Эйлон Левининг таъкидлашича, Исроил «Эрон яқин орада уюштирадиган ракеталар ҳужуми» сабаб юқори жанговар шай ҳолатга келтирилган. Американинг Fox телеканалига кўра, Эрон яқин 24 соат ичида Исроилга зарба бериши мумкин.

АҚШ президенти Жо Байден Яқин Шарқдаги кескинликни муҳокама қилиш мақсадида Франция, Германия, Италия ва Буюк Британия етакчилари билан музокаралар ўтказди. «Биз бутун бошли ҳужумлар серияси содир бўлишига тайёр туришимиз керак», — дейди Оқ уй вакили.

Буюк Британия, Франция ва Германия 12 август куни Эронни Исроилга ҳужум қилишдан тийилиб туришга чақирган эди.

Мавзуга оид