Жаҳон | 08:51 / 12.08.2024
9368
3 дақиқада ўқилади

Курскда яшовчи юзлаб фуқаролар жанговар ҳаракатлар зонасида бедарак йўқолди

Ҳафта ўртасидан бери «Лиза Алерт» қидирув ташкилотига Курск вилоятидаги жанговар зонада бедарак йўқолганлар бўйича 200 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Фото: РосСМИ

«Лиза Алерт» қидирув гуруҳига Курск вилоятидаги Украина Қуролли кучлари (УҚК) ва Россия армияси ўртасидаги жанглар зонасида жойлашган аҳоли пунктларида одамларни қидириш бўйича камида 200 та сўров келиб тушди. Бу ҳақда 11 август, якшанба куни «Агентство» нашрига қидирув ташкилотининг ҳудудий бўлими маълум қилди.

«ВКонтакте» ижтимоий тармоғида алоқага чиқишни тўхтатган қариндошларини топишда ёрдам сўраган яна юзлаб эълонлар пайдо бўлди, дея хабар беради «Агентство». Улар 7 августда - Украина армиясининг ҳужуми бошланганидан кейинги иккинчи куни нашр этила бошланди. Ҳисоб-китобларга кўра, жума кунидан бошлаб фақат «Подслушано Суджа» гуруҳида фойдаланувчилар 148 киши қидирилаётгани ҳақида хабарлар чоп этишган. 

«Лиза Алерт» минтақавий бўлинмаси саҳифасида ҳам эълонлар пайдо бўляпти. 11 август куни ярим тунда уларнинг сони 70 тадан ошди. «Биз аниқ рақамни айтишга тайёр эмасмиз, чунки ҳозирча статистик маълумотлар йўқ, аммо сўнгги икки-уч кун ичида биз 200 та сўровга яқинлашдик», — деди ташкилотнинг Курск вилоятидаги матбуот котиби Олеся Парталюк. 

Курск вилоятида жанглар

Украина Қуролли кучлари 2024 йил 6 августдан буён Курск вилоятида ҳарбий операция ўтказмоқда. Коренев ва Суджа туманларида фаол жанглар кетмоқда. 10 август куни Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди.

Бир кун аввал Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Курск вилоятидан 76 мингдан ортиқ киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берган эди. Сўнгги 24 соат ичида вилоятнинг чегарадош ҳудудларидан 8 мингдан ортиқ аҳоли мустақил равишда ва «уюшган колонналар»да чиқиб кетди, деб хабар қилди 11 август куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Украина ҳукумати УҚКнинг Курск вилоятидаги ҳарбий ҳаракатларига расман изоҳ бермаяпти. Украина хавфсизлик хизматининг юқори мартабали мулозими AFP агентлигига айтишича, операцияда «минглаб» украиналик ҳарбийлар иштирок этяпти. Унинг сўзларига кўра, ҳужумнинг мақсади - Россия кучларини «чўзиш» ва мамлакатни «беқарорлаштириш».

Мавзуга оид