Хитойда энг катта юк ташувчи дрон синовдан ўтказилди
Учувчисиз бошқариладиган учиш қурилмасининг қанотлари кенглиги 16,1 метрни, баландлиги эса 4,6 метрни ташкил этади.
Хитойда дунёдаги энг катта юк ташувчи дрон синовдан ўтказилди, деб хабар беради Reuters. Учувчисиз бошқариладиган учиш қурилмасининг қанотлари кенглиги 16,1 метрни, баландлиги эса 4,6 метрни ташкил этади.
Мазкур дрон Хитой ҳукумати томонидан молиялаштириладиган Sichuan Tengden Sci-tech Innovation Co. компанияси томонидан ишлаб чиқилган. «Tengden томонидан яратилган учувчисиз бошқариладиган учиш аппарати дунёдаги энг машҳур енгил самолёт — тўрт ўриндиқли Cessna 172 дан бироз катта», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, дроннинг синов парвози 20 дақиқага яқин давом этган. Ёз фаслининг бошларида ҳам хитойликлар яна бир юк ташрувчи дронни синовдан ўтказганди — AVIC компаниясининг HH-10 учувчисиз бошқариладиган учиш аппарати. У 700 килограммга яқин юкни 520 километр радиусга таший олади.
Хитойда ҳаво маконидаги чекловлар олиб ташланаётгани боис мамлакат транспорт компаниялари ҳаво таксилари билан бирга, учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари ишлаб чиқарилишини ҳам рағбатлантирмоқда. Маҳаллий авиация регулятори прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб, ушбу соҳага йўналтирилган маблағлар 279 миллиард долларга етади — бу 2023 йил билан таққослаганда тўрт баробарга кўп демак.
«Хитойда учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари ёрдамида тижорий етказиб беришлар бошланган», — деб ёзади Reuters. Хусусан, май ойидан Phoenix Wings компанияси Хайнан орол вилоятидан Fengzhou-90 дронлари ёрдамида меваларни Гуандунга етказиб беришни бошлаган.