Жаҳон | 13:33 / 13.08.2024
3224
4 дақиқада ўқилади

Белгород области Краснояружский районини 11 минг киши тарк этди

Белгород областида Россиянинг Курск области ва Украинанинг Суми области ўртасида жойлашган Краснояружский райони 11 минг нафар аҳолиси уйларини тарк этди. 

Фото: Россия ФВВ

12 август куни «тезкор вазият туфайли» Белгород области Краснояржский районининг 11 мингдан ортиқ аҳолиси «ўз турар жойларини тарк этишди». Бу ҳақда област губернатори Вячеслав Гладков 13 август, сешанба куни эрталаб маълум қилди

«Ҳозир мингга яқин одам вақтинчалик жойлаштириш марказларида, улар озиқ-овқат, ётоқхона, зарурий нарсалар билан таъминланган», деди у минтақада жанглар кетаётганига аниқлик киритмасдан. Бир кун аввал россияпараст Telegram-каналлари Украина Қуролли кучлари (УҚК) томонидан ҳужумлар содир этилгани ҳақида хабар берган эди. 

Хабар эълон қилган вақтда, 13 август куни Москва вақти билан эрталаб соат 8 да Гладков минтақадаги ракета хавфи ҳақида уч марта маълум қилган ва уч марта уни ўзгартирган.

Белгород области аҳолисини эвакуация қилиш

Губернатор Гладков Россиянинг Курск области ва Украинанинг Суми области ўртасида жойлашган Краснояржский райони аҳолиси эвакуация қилинишини маълум қилди. Кейинчалик маҳаллий ҳокимият ҳудудга киришни ёпди. 

Шу куни, 12 августда Краснояржский райони раҳбари Андрей Мисков ўша вақтга келиб у ерда тахминан 11,5 минг киши қолганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳудудда қолган 500 киши маъмурият ходимларидир.

Аввалроқ губернатор Вячеслав Гладков Краснояржский районидаги Вязовое қишлоғи икки марта миномёт ҳужумига учрагани, электр узатиш линияси шикастлангани, электр қуввати захира линиялар орқали етказиб берилаётгани ҳақида ёзган эди. 

Украинанинг Курск областидаги операцияси 

Украина Қуролли кучлари 2024 йилнинг 6 августидан буён Курск областида ҳарбий операция ўтказмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги ва Россия тарғибот-ташвиқоти Telegram-каналлари хабарларига кўра, Украина қўшинлари Россия чегара ҳудудининг бир қисмини қўлга киритиб, 10 километрдан кўпроқ ичкари томон кириб борган. 12 август куни Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский Курск областида 1000 квадрат километрга яқин ҳудуд Украина армияси назоратида эканлигини маълум қилди. 

Курск областидаги ҳарбий амалиётда «минглаб» украиналик ҳарбийлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда Украина хавфсизлик соҳасидаги исми ошкор этилмаган юқори мартабали ходимга таяниб, AFP хабар берди. Унинг сўзларига кўра, ҳужумнинг мақсади - Россия кучларини «чўзиш» ва мамлакатни «беқарорлаштириш».

Белгород областидаги АТО режими 

10 август куни Белгород областида аксилтеррор операцияси (АТО) режими жорий этилди. У жисмоний шахсларнинг ҳужжатларини текшириш ва ҳужжатлар йўқ бўлган тақдирда уларни ички ишлар органларига юборишни ўз ичига олади. Аҳолига маълум ҳудудлар ва объектларга кириш тақиқланиши мумкин. Расмийлар электрон ёзишмаларни ўқиш ва телефон суҳбатларини тинглаш ҳуқуқига эга. Ушбу чора фуқароларни «вақтинчалик кўчириш»ни, шунингдек, транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатини чеклашни назарда тутади. Хавфсизлик хизматига уй-жой ва ер участкаларига тўсиқсиз кириш ҳуқуқи берилади.

Мавзуга оид