Жаҳон | 09:16 / 13.08.2024
1974
3 дақиқада ўқилади

Трамп узоқ танаффусдан сўнг Х ижтимоий тармоғига қайтди

Узоқ муддатли танаффусга қарамай, 88 миллиондан ортиқ обуначини сақлаб қолган АҚШ собиқ президентининг аккаунтидаги аввалги ёзув 2023 йил августига тўғри келади. Доналд Трамп Илон Маскка катта интервю бермоқчи.

Фото: Valentin Wolf / imagebroker.com / Global Look Press

Х ижтимоий тармоғининг фойдаланувчиси сифатида узоқ вақт кўринмаганидан сўнг, АҚШ собиқ президенти ва Республикачилар партиясидан бўлажак сайловларда ягона номзод Доналд Трамп ушбу ахборот платформасига қайтди. 12 август, душанба куни у ўзининг 2,5 дақиқалик сайловолди видеосини эълон қилди. Унда Трампнинг 2016 йилдаги сайловлардаги биринчи ғалабасидан то ҳозирги президентликка номзодигача бўлган йўли кўрсатилган. Шундан сўнг, Трамп турли давомийликдаги бир қанча шунга ўхшаш видеоларни эълон қилди. 

Трамп аккаунтидаги аввалги ҳақиқий фаоллик 2021 йилнинг январида бўлиб, у кунига бир нечта видео ва твитлар жойлаштирган. Ўшанда бу ижтимоий тармоқ ҳали Twitter деб номланган - миллиардер Илон Маск унинг эгаси бўлгунга қадар. Маск сўнгги ойларда Республикачилар партиясидан президентликка номзодга катта молиявий ёрдам кўрсатишини эълон қилди.

Трампнинг ижтимоий ҳаёти тарихи

Twitter Доналд Трампнинг аккаунтини «зўравонликни янада қўзғатиш хавфи туфайли» доимий равишда 2021 йилнинг январида - унинг тарафдорлари Капитолий биносида уюштирган тартибсизликлардан кейин блоклаб қўйди. Ўша пайтда деярли 89 миллион фойдаланувчи Трампга обуна бўлган, ҳозирги маълумотларга кўра, улар «содиқлигини» сақлаб қолишган. 2022 йил ноябрида Илон Маск Трампнинг аккаунтини блокдан чиқарди, бироқ ўшандан бери у ерда 2023 йил 24 августда фақат битта пост эълон қилинди – Трампнинг қисқа вақт ичида ҳибсга олингандаги қамоқхона сурати. 

Ўтган йилдан бери Трамп барча йирик онлайн-сервисларга киришни тиклади. Бироқ, у асосан ўзининг Truth Social платформасидан фойдаланади, бу ерда унинг аудиторияси Х’га нисбатан анча кичик - тахминан 7,5 миллион обуначи.

Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Америка вақти билан 12 август куни кечқурун Илон Маскка катта интервю беришини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, тафсилотлар кейинроқ маълум бўлади. 

NYT сўрови: Ҳаррис Трампдан учта асосий штатда ўзиб кетди

АҚШ вице-президенти, Демократик партиядан президентликка номзод Камала Ҳаррис учта муҳим штат – Мичиган, Висконсин ва Пенсилванияда Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трампни ортда қолдирди. Буни The New York Times газетаси ва Siena College тадқиқот институти томонидан 10 август куни эълон қилинган сўров натижалари тасдиқлайди. 

АҚШ президентлигига номзодлар Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп 10 сентябр куни теледебатда учрашади. Бу ҳақда 8 август куни баҳсга мезбонлик қиладиган ABC телеканали маълум қилди. «Вице-президент Ҳаррис ва собиқ президент Трамп иштирок этишларини тасдиқлашди», дейилади канал хабарида.

Мавзуга оид