Жаҳон | 19:26 / 15.08.2024
5421
3 дақиқада ўқилади

Украина фондига 52 доллар ўтказган АҚШ ва Россия фуқароси «давлатга хиёнат»да айбланди

Суд ҳукми билан Карелина 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди, шунингдек, у 300 минг рубль миқдорида жарима тўлайди.

Фото: Reuters

Свердловск вилоят суди АҚШ ва Россия фуқароси бўлган Ксения Карелинани «давлатга хиёнат»да айбдор деб топиб, уни 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқарди, деб хабар беради суд матбуот хизмати.

Судьялар қарори билан, шунингдек, унга 300 минг рубль миқдорида жарима тайинланди. Прокурорлар Карелинага 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланишини сўраган. Аввалроқ судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлган эди.

Судланувчининг адвокати Михаил Мушаилов ҳукм устидан қисман шикоят киритилишини маълум қилди.

«Суд ҳукмининг ашёвий далиллар борасидаги қисмига қарши даъво киритамиз. Мазкур ҳолатда телефон далилий ашё ҳисобланади. Телефонда кўплаб шахсий маълумотлар, оилавий суратлар бор, аммо суд уларни йўқ қилишни буюрди», — дейди Мушаилов.

Екатеринбурглик Ксения Карелина Лос-Анжелесда яшаб келган. Ижтимоий тармоқларга Урал федерал университетида таҳсил олганини ёзган. 2021 йилда у АҚШ фуқаролигини олганини, 2023 йилда берган интервьюсида америкалик эркакка турмушга чиққанини айтган.

Карелина 2024 йилнинг февралида Екатеринбургда, қариндошлариникига келганида қўлга олинган ва у Украина Қуролли кучлари учун пул тўплаганликда айбланган. ФХХ версиясига кўра, Карелина 2022 йил февралдан бери «Украина ташкилотларидан бирининг манфаатларини кўзлаб фаол равишда пул йиққан. Ташкилот эса маблағларни кейинчалик Украина Қуролли кучларига тактик тиббий воситалар, қурол ва ўқ-дорилар сотиб олиш учун ўтказган».

«Биринчи бўлим» инсон ҳуқуқлари лойиҳаси маълумотларига кўра, Карелинага қарши очилган жиноят иши материалларида қайд этилишича, 2022 йил 24 февраль куни у ўз ҳисоб рақамидан АҚШдаги украиналиклар томонидан очилган Razom for Ukraine фондига 51,8 доллар ўтказган. Кучишлатар тизим ходимлари пул ўтказмасидан Карелина телефонини титиб чиққанидан кейин хабар топган. Ҳибсга олингунга қадар Карелина майда безорилик учун маъмурий жавобгарликка тортилган, аммо у маъмурий қамоқдан чиқишга улгурмаган — жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид