Ўзбекистоннинг 7 та вилоятида сел хавфи эълон қилинди
18-19 август кунлари кутилаётган ёмғирлар ёғиши ортидан тоғли ҳудудларда сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкин. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар эҳтиёткор бўлиш сўралмоқда.
Жорий йилнинг 18-19 август кунлари ёмғирлар ёғиши сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари кузатилиши хавфи бор. Бу ҳақда Ўзгидромет агентлиги директори Шерзод Ҳабибуллаев огоҳлантирди.
Унга кўра, қуйидаги ҳудудларда сел-сув тошқинлари юзага келиши мумкин:
- Қашқадарё вилояти — Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида;
- Самарқанд вилояти — Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманларида;
- Жиззах вилояти — Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида;
- Тошкент вилояти — Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида;
- Наманган вилояти — Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида;
- Фарғона вилояти — Сўх, Фарғона, Бешариқ туманларида ва Шоҳимардон ҳудудида;
- Андижон вилояти — Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманларида ва Хонобод шаҳрида.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришлари сўралмоқда.
Шунингдек, республика ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин.