Эрон президенти мамлакат оғир иқтисодий аҳволда эканини маълум қилди
Масъуд Пизишкиён Эрондаги оғир вазиятда Америка ёки чет элликларни эмас, ўз мамлакати расмийларини айблади.
Эрон оғир иқтисодий шароитда, одамлар эса норози. Бу ҳақда Эрон президенти Масъуд Пизишкиён маълум қилди. «Бу Америка ёки чет элликларни эмас, ўзимизнинг айбимиз», деди президент парламент йиғилишида. Унинг сўзларидан Anadolu иқтибос келтирди.
«Мамлакат оғир шароитда ва одамлар оғир иқтисодий аҳволда. Иқтисодиёт, ижтимоий, экология, таълим ва маданият соҳаларидаги адолатсизлик ва номутаносиблик барчага таъсир қилмоқда», деди президент.
Пизишкиён ўз нутқида адолат масаласига алоҳида тўхталди. «Ҳукуматнинг вазифаси адолатли иш тутиш, яъни халқни рози қилишдир. Бу биз бутун қалбимиз билан ишонадиган тамойил. Ҳеч бир дин, имом ва пайғамбар одамлар учун адолат чегарасидан чиқмаган. Улар диндорми ёки динсизми, туркми, форсми, арабми, бегонами ёки маҳаллийми, фарқи йўқ. Барча кураш адолат билан боғлиқ», деди сиёсатчи.
Эрон президенти мамлакатга қарши таҳдидлар ҳақида гапирар экан, асосийси АҚШ эканлигини айтди.
«Америка санкциялар киритади, лекин бирлашсак, бу таҳдидларни бартараф эта оламиз. Минтақада кескинлик, уруш ва қон тўкилиши кузатилмоқда. Қўшниларимиз билан муносабатларимиз суст, ижтимоий капиталимиз пасайиб, ички яхлитлигимиз заифлашди, ҳукуматнинг миллат олдида обрўси пасайди. Бу бизнинг заиф томонларимиздир», деди Пизишкиён.
Унинг ишонтиришича, расмийлар мамлакатда қашшоқликни камайтиришга ҳаракат қилишда давом этади. «Биз бу халқни бошқариш учун эмас, унга хизмат қилиш учун келдик. Давлат хизмат қуроли бўлиши керак, акс ҳолда бу аҳамиятсиз ва фойдасиз», деб қўшимча қилди у.
Мавзуга оид
16:58
Эронда WhatsApp ва Google Play блокдан чиқарилади
20:58 / 24.12.2024
Bloomberg: Россияга Эрон қуролларининг чорак қисмини бизнесмен Ҳусайн Шамҳаний етказиб бермоқда
19:06 / 22.12.2024
Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
14:52 / 20.12.2024