Жаҳон | 23:01 / 20.08.2024
3651
4 дақиқада ўқилади

АҚШда Мао Цзэдуннинг котибга тегишли кундаликлар бўйича суд иши бошланди

Кундаликлар коммунистик Хитой асосчисининг котиби, маҳрум Ли Руига тегишли бўлган. У ҳужжатларни Стэндорд университетига қолдириб кетган бўлиб, унда Хитой Коммунистик партиясининг бошқарув усули ҳақида сўз боради.

Фото: Getty Images

Калифорнияда Стэнфорд университетининг хитойлик юқори мартабали амалдорга тегишли кундаликларни сақлай олиш-олмаслик масаласига бағишланган суд жараёни бошланди. Иш Хитой ҳукуматининг цензурага қарши кураши сифатида баҳоланмоқда.

Кундаликлар коммунистик Хитой асосчиси Мао Цзэдуннинг котиби, маҳрум Ли Руига тегишли бўлган. Ли 2019 йилда вафот этганидан кейин унинг беваси ҳужжатлар энди ўзига тегишли эканини таъкидлаган ҳолда Пекинга қайтаришни сўраб, судга мурожаат қилган.

Стэнфорд ушбу даъвони рад этмоқда. Унда айтилишича, Хитой ҳукуматининг танқидчиси бўлган Ли ўз кундаликлари Коммунистик партия томонидан йўқ қилиниши мумкинлигидан хавотирланиб, уларни университетга топширган.

1935 йилдан 2018 йилгача бўлган давр оралиғида ёзилган кундаликлар Хитой Коммунистик партияси бошқарувининг асосий қисмини ўз ичига олади. Ўтган саксон йил давомида Хитой қашшоқлик изоляциясидан чиқиб, жаҳон иқтисодининг ажралмас қисмига айланди.

«Агар кундаликлар Хитойга қайтарилса, улар тақиқланади… Хитой партия етакчиларининг танқид қилинишига рухсат бериш борасида яхши репутацияга эга эмас», — дейди Стенфорд адвокатларидан бири Марк Литвак.

Ўзининг ислоҳотчи қарашлари билан танилган Ли Хитойда таниқли давлат арбоби бўлиб, бир вақтнинг ўзида партия уни ҳурмат қилар ва уни ўзига яқинлаштирмасликка ҳаракат интилар эди.

Ёш кадр сифатида у Маонинг эътиборига тушиб қолади ва 1950 йиллар ўрталарида Хитой етакчисининг шахсий котибига айланади. Аммо бу лавозим узоқ вақт сақланиб қолмайди.

Ли сиёсий йиғинда Маонинг қарашларини танқид қилгач, у партияда аъзолигидан ўчирилади ва ҳибсга олинади. У юзлаб партия амалдорлари ва жамоат арбоблари қаторида эътибордан четлатилади. Ли бошқалар каби 1976 йилда, Маонинг вафотидан кейин яна сиёсатга қайтади. У Гидроэлектроэнергия вазирлиги ва партиянинг амалдорларни муҳим лавозимларга тайинлайдиган бўлимига раҳбарлик қилади.

Нафақага чиққанидан кейин ҳам Ли партияда ислоҳотлар ўтказишни давом эттиради. Аммо унинг аччиқ ҳақиқатлари, жумладан, Си Цзинпинни қилган танқидлари ҳукуматга ёқмайди. Унинг меҳнатлари цензурага учраб, китоблари Хитойда тақиқлаб қўйилади.

Шунга қарамай, у партия оқсоқоли сифатида ҳурмат ва имтиёзларга эга эди. Ли вафот этганида у ҳурмат-эътибор билан дафн этилади. Марҳум ҳокимиятда бўлган вақтидаги фаолиятини батафсил кундаликларига ёзиб борган.

Хусусан, унинг қайдларида Тянанмэн майдонидаги қирғин ҳақида ҳам сўз боради — бу Хитойда деярли муҳокама қилинмайдиган қалтис мавзу.

Унинг қизи Ли Нанян 2014 йилда отасининг ҳужжатлари, жумладан, кундаликларини Стэнфорд университетига топширишни бошлайди. 2019 йилда унинг ўлимидан кейин BBC Chinese’га берган интервюсида Нанян отасининг васиятини бажарганини айтган. Ўша йилнинг ўзида Ли Руининг рафиқаси Чжан ўгай қизи Нанянга қарши судга даъво киритади.

Мавжуд маълумотларга кўра, Чжан Ли Руининг иккинчи хотини. Беванинг айтишича, кундаликларда унинг Ли билан «ўта шахсий муносабатлари» ҳақида сўз боради. Кундаликлар Стэнфордда жамоатчилик эътибори учун очиқ бўлгани боис, аёл уларнинг намойиш этилишидан «ҳиссий изтироб» чекаётганини билдирган.

Пекин суди Чжан фойдасига қарор қабул қилиб, кундаликлар унга топшириши бўйича ҳукм чиқарган. Стэнфорд ушбу қарорни рад этди. Университет юристларнинг таъкидлашича, Хитой судлари сиёсий масалаларда холис эмас ва университетга ўзини ҳимоя қилиш имконияти берилмаган.