Курскка ҳужум уруш динамикасини қандай ўзгартирди? Таҳлилчилар билан суҳбат
Иккинчи жаҳон урушидан кейин биринчи марта хорижий давлат қўшинлари Россия ҳудудининг бир қисмини эгаллаб олди. Хўш, Украинанинг Курскка ҳужуми урушнинг боришига қандай таъсир қилмоқда? Kun.uz “Геосиёсат” дастурида бу ҳақдаги саволлар билан сиёсий таҳлилчиларга юзланди.
— Украинанинг Россия ҳудудларига кириши уруш динамикасини ўзгартирдими, шундай бўлса қайси нуқталарда сезилди?
Сайфиддин Жўраев: Украина ҳарбийларининг Россия ҳудудига кириб боришининг асосий сабабларидан бири – Россия қўшинларини чалғитиб, уларни фронтдан ортга тортиш эди. Улар нариги томонда овора бўлиб турган вақтда, бу ерда ғалабага эришишга эътибор қаратилган эди. Лекин Украина ҳудудларидаги Россия қўшинлари олинмади, қайтадан янги-янги ерлар эгалланмоқда. Россия ўзининг ички резерврларидан қўшин олиб келиб бу ерни мустаҳкамламоқда.
Бу жиҳатдан олиб қараганда ўзгариш динамикаси Россиянинг фойдасига бўлди. Чунки Россияга янги имкониятлар пайдо бўлди, ичкарига кириш учун албатта. Иккинчи томондан Америка, Ғарб давлатлари Украинанинг бу ишини очиқ қўллашмади. Агар қўллашганида, динамика ўзгарган бўлар эди. Россия бу ҳаракатни террористик ҳаракат деб баҳолади ва шунга яраша қонуний жиҳатдан мустаҳкамлади ҳам. Мана шу жиҳатдан ўзгариш Россия фойдасига бўлди.
Шуҳрат Расул: Мен Сайфиддин аканинг фикрларига умуман қўшилмайман. Бугунги кунда Украина Россиянинг 82 та туманини эгаллаб турибди. Мана, яқинда Голошков туманидаги 3 та кўприк ҳам портлатилди. Жами 3 та туман қўлдан кетяпти, Курск вилоятининг 40 фоизи босиб олинди, фронт бўйлаб ҳисоблайдиган бўлсак 80 км босиб олинган. Ичкарига 40 км кириб борилди. Ҳозир ҳисоблаб кўрадиган бўлсак, Сирдарё вилоятига тенг ҳудуд Россия тасарруфидан чиқди. Сизнинг маълумотингиз бўйича эса барчаси Россия фойдасига ҳал бўлмоқда.
Сайфиддин Жўраев: Интернетда ҳар хил фикрлар берилади, бу ерда аудиторияга маълумотларни текшириб бериш керак, сунъий равишда шишириб кўрсатмасдан.
Шуҳрат Расул: Тўғри, аудиторияга ишончли маълумотларни бериш керак. Фронт салкам икки баробарга кўпайганини рад этиб бўлмайди. Голушков туманининг ўзи 12 кун ичида босиб олинган ҳудудга тенг. Бу ерда 3 та кўприк портлатиб юборилди, Россия қўшини эса оператив қуршовда турибди.
Ҳозир Украина жимлик сақламоқда. Барча матбуотга сиздирилаётган маълумотлар русларнинг Z телеграм каналлари орқали берилмоқда. Улар Россия генерал штабларига норозилик билдириб, ёлғон маълумотларни чиқараётганликда айбламоқда.
— Ғарб давлатлари бу операция учун Украинага ёрдам берганми?
Камолиддин Раббимов: Америка томонидан бу операциядан хабардор эмаслиги ва бу ишга қарши ҳам эмасмиз, тарафдори ҳам эмасмиз деган маънода баёнотлар берилди. Европа Иттифоқидан Германия ҳам бу масалада масофа сақламоқда, чунки Россия ҳудудига бостириб кириш орқали уруш юқорироқ босқичга чиқиб кетмаслигидан улар манфаатдор. Бу ерда спутник орқали маълумотларни Украинага етказган давлат Англия ҳисобланади. Буюк Британиянинг бундай ҳарбий тактикаларда тажрибаси катта. Бирлашган Қиролликда империалистик тафаккур, алоҳида лойиҳалар бор ва шунинг учун ҳам Британиянинг лойиҳалари Американинг амбицияларидан каттароқ деган фикр ҳам йўқ эмас. Британия бу ҳужум ҳақида аввалдан хабардор бўлган, лекин бу ҳақда ҳеч қандай расмий баёнотлар берилаётгани йўқ. Фақатгина қўллаб-қувватлов билдиряпти.
Россия ҳудудига ўзининг қуроллари, ракеталари орқали ҳужумни амалга оширишга рухсат берган биринчи давлат Британия ҳисобланади. Кейинчалик Франция буни қўллади. Германия ва АҚШда эса кутилмаганда ядровий урушга айланиб кетмасин деган хавотир сабабли эҳтиёткорлик устун.
— Москва уруш бошланганидан бери ядро қуроллари ҳақида жуда кўп гапириб келаётганди. Украина Россия ҳудудларига кирган бир вақтда, тактик ядро қуроли масаласи нега кўтарилмаяпти?
Ойбек Сирожов: Бу фақат Курск билан боғлиқ масала эмас, Германия ва Америка ўртасида 2026 йилгача ўрта ва узоқ масофали ракеталарни Германия ҳудудига 2026 йилгача жойлаштиришга келишилди. Бунга баҳона сифатида Калининград ҳудудига Россия ядровий қуролларни жойлаштирган деган фикр илгари сурилди. Ва бу Россия томонидан ядровий қуролларни чиқариш борасидаги фикрларни чеклаб қўйди. Ядро уруши бутун жаҳонни таназзулга олиб келади. Ҳозиргача қўрқитиш мақсадида бу огоҳлантиришлардан фойдаланилаётган эди.
Сайфиддин Жўраев: Барча давлатлар қизил чизиқ масаласини белгилаб қўйган ўзига ва ўшандан кимдир ўтса, демак, кимда ядро қуроли бўлса фойдаланишади. Ҳозирча Россиянинг қизил чизиқлари босиб ўтилмади ва у бу ҳаракатни амалга оширмаяпти.
Ойбек Сирожов: Америка ҳам бошқа давлатлар ҳам бу жараёнлар катта босқичга кўтарилиб кетишидан манфаатдор эмас. Айнан шу сабабдан буни уруш даражасига чиқармади, террористик ҳужум сифатида баҳоланди.
— Россия КХШТга мурожаат қилиши мумкинми?
Сайфиддин Жўраев: Бундай шароитда КХШТни таклиф қилиш учун имконият йўқ. Чунки бу ташкилотнинг салкам 90 фоиз ҳарбий салоҳияти Россиянинг ўзига тегишли. Агар Беларус сингари давлатни бу ишга жалб қилса, Россиянинг сиёсий обрўсига путур етиши мумкин, чунки бошқа давлатларни ҳам ҳарбий ҳаракатларга тортган бўлади. Бу эса сиёсий, иқтисодий салбий жиҳатларнинг ортишига олиб келади.
Ойбек Сирожов: Агар ўртага учинчи ёки тўртинчи давлатлар кирадиган бўлса, яъни КХШТ аралаштирилса, иккинчи томонда ҳам шарт-шароит пайдо бўлади, масалан Франция ўз қўшинларини Украинага юборишга тайёрлигини айтган. Можаронинг бундай кенгайиши учинчи жаҳон урушига айланиб кетиши мумкин. Бундан на коллектив ғарб, на Украина манфаатдор эмас. Шу сабабдан Украинанинг Курскка ҳужуми Россия томонидан чуқур ўйланиб, террористик ҳужум дея эътироф этилди.
Тўлиқ суҳбатни видео шаклида томоша қилинг.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:05
Зеленский: Путин Словакия бош вазирига Украинага қарши «иккинчи энергетика фронти» очишни буюрди
09:31
ГУР: Дронлар Украина чегарасидан 2000 км узоқликдаги нишонларга ҳужум қила олади
08:56
АҚШ Украинага 1,25 млрд долларлик ёрдам пакетини тайёрламоқда
19:14 / 27.12.2024