Жамият | 19:43 / 20.08.2024
108
4 дақиқада ўқилади

Озарбойжонлик шоира Алишер Навоий университети фахрий профессори бўлди

Турк оламининг машҳур шоираси, ўзининг хайрли амаллари билан қалблардан ўрин олган ишбилармон Хураман Муродовага Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фахрий профессори унвони топширилди.

Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари, Озарбойжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик корпуси ҳамда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданий маркази вакиллари, журналистлар ва талабалар иштирок этди.

Тақдирлаш маросимига бағишланган тадбирни очиб берган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов икки давлат ўртасидаги адабий ва маданий алоқалар ҳақида сўз очиб, икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан бу алоқалар янада кенгаяётганини қайд этиб, адабиёт ва илм аҳлининг ҳам бунда муайян хизматлари борлигига урғу берди. Бу борада сўнгги вақтларда катта хизмат кўрсатган шахслар орасида шоира Хураман Муродова ҳам борлигини қайд этиб, ректор ўзи раҳбарлик қилаётган университетнинг Илмий кенгаши бир овоздан унга “фахрий профессор” унвони бериш тўғрисида қарор чиқарганини эълон қилди. Хураман Муродованинг ўзбек тилида чоп этилган “Ўзбекистон ҳам ватаним” номли шеърлар китоби тақдимоти ҳақида гапирар экан, ректор Шуҳрат Сирожиддинов ушбу асарни ўзбек адабиёти учун аҳамиятга молик тарихий ҳодиса деб атади. Ўз чиқиши якунида ректор университет Илмий кенгаши қарорига кўра Хураман Муродовага фахрий профессорлик дипломи ва мантиясини топширди.

Сўзга чиққан Озарбойжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Ҳусайн Гулиев озарбойжон ва ўзбек халқлари умумий тарихий илдизга эга эканини қайд этиб, шу ришталарга асосланган қардошлик муносабатлари бугунги кунда ҳам юксак савияда эканини таъкидлади. Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг икки қардош давлат ўртасидаги маданий, сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги улкан саъй-ҳаракатлари ҳақида сўзлар экан, элчи бу йўналишда ҳар икки давлатнинг тегишли давлат ташкилотлари, жамоатчилиги ва фуқароларининг ҳам муайян хизматлари борлигини урғулади. Элчи Ҳусайн Гулиев Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг бу қадамини икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш деб баҳолади ҳамда олий ўқув юрти раҳбарияти ва Хураман Муродовага соҳадаги қимматли хизматлари учун ўз ташаккурларини билдирди.

Шундан сўнг бизнесмен ва турк оламининг севимли шоираси Хураман Муродова ўзбек халқига Озарбойжондан салом йўллади ва турк оламининг нуфузли илмий марказларидан бири ҳисобланувчи Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети жамоасига ўзининг ижодини юксак қадрлаганликлари учун чуқур миннатдорлик изҳор этди. Ўзбекистон ҳам ўзи учун Озарбойжондек қадрли эканини қайд этган шоира бу юртга келмасдан аввал унинг қалбида бу қадимий, сирли ўлкага нисбатан улкан муҳаббат барқ ургани, Ўзбекистон, ўзбек халқи ва қадим Туркистон ўлкасига аталган ўнлаб шеърлар ёзганини билдириб ўтди. Унинг ижодига ўзбек ўқувчилари томонидан билдирилган катта қизиқиш ундаги шоирлик руҳини янада мустаҳкамлаб янги ижодга руҳлантирганни таъкидлади. Хураман Муродова унинг шахси ва ижодига нисбатан намойиш этилган улкан диққат-эътибор учун ўзбек халқига, уни фахрий унвонга лойиқ кўрган университет ректорати ва жамоасига ташаккур билдирди.

Сўзга чиққан профессор Нурбой Жабборов, Шуҳрат Барлос, доцент Гулбаҳор Ашурова Хураман Муродовани табриклаб, ижодий муваффақиятлар тилашди.

Қайд этиш керакки, меценат, ишбилармон ва шоира Хураман Муродова Турк олами фанлар академиясининг ҳам фахрий профессори ҳисобланади, Турк оламининг Олтин юлдузи ва медали соҳибаси, “Ҳумай” миллий мукофоти лауреати, “Вектор” халқаро фанлар академияси фахрий профессори, Ўзбекистон халқаро адабиёт, санъат, ижтимоий фанлар академиясининг фахрий академиги ва бошқа ш.к. унвонлар соҳибасидир. У 5 та шеърий китобнинг муаллифи саналади, унинг ёзган шеърларига қўшиқлар басталанган, шеърий тўпламлари турк ва ўзбек тилларига таржима қилинган.

Мавзуга оид