“Сокин инқилоб” — Ҳиндистонда велосипедлар қизларнинг мактабга қатнашида асосий транспортга айланди
Ҳиндистоннинг қатор штатларида мактабга борадиган қизлар сонини кўпайтириш учун ўқувчиларга бепул велосипед берилади. Бу ҳаракатлар ўз натижасини кўрсатяпти: қизларнинг мактабни тамомлаш кўрсаткичи ортмоқда.
Ҳиндистоннинг энг қашшоқ штати Биҳарда яшовчи Нибҳа Кумари 15 ёшида велосипед унинг ҳаётини қандай ўзгартиргани ҳақида BBC’га ҳикоя қилиб берди.
Икки йил давомида у ҳафтасига олти кун, кунига икки соатдан велосипедда мактабга қатнаган. Нибҳа штат ҳукумати берган велосипеддан фойдаланган.
“Велосипедим бўлмаганда, ўрта мактабни тугатишим даргумон эди. Бу менинг ҳаётимни ўзгартирди”, — дейди ҳозир 27 ёшга кирган аёл.
Бегусарай туманидаги фермернинг қизи Нибҳа энг яқин бошланғич мактабда ўқиш учун 10 километр узоқликдаги холасиникида яшашга юборилган. Қизлар учун йўлда юриш қийин, жамоат транспортига ишониб бўлмасди.
Нибҳа юқори мактабда ўқишни давом эттириш учун уйига қайтганида, велосипеддан фойдаланишни бошлади ва нотекис қишлоқ йўлларидан мактабга қатнади.
“Велосипедда мактаб ва мураббийлик машғулотларига қатнашни бошлаганидан кейин қизларга ишонч ошди. Ҳозир кўпчилик қизлар мактабга боряпти. Уларнинг аксариятида бепул велосипед бор”, — дейди Бегусарайдаги тиббиёт ходими Бҳуванешвари Кумари.
ScienceDirect журналида чоп этилган тадқиқотда Ҳиндистондаги қишлоқ жойларида мактабга қатнайдиган болалар ва велосипед ҳайдаш ҳақида қизиқ фактлар берилган.
Сришти Агравал, Адит Сет ва Раҳул Гоэл томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, Ҳиндистонда велосипед ҳайдаш энг кўп қишлоқ қизлари орасида оммалашган: бу кўрсаткич икки баравардан кўпроққа ошган: 2007 йилги 4,5 фоиздан 2017 йилда 11 фоизгача. Бундан кўриниб турибдики, велосипед ҳайдаш мамлакатда гендер тафовутини қисқартиришга хизмат қилмоқда.
“Бу шовқинсиз инқилоб. Буни инқилоб деб аташимизга сабаб шуки, аёлларнинг уйдан ташқарига чиқиши, хусусан, велосипед ҳайдаши жиҳатдан гендер тенгсизлиги юқори бўлган мамлакатда қизлар ўртасида велосипедда юриш даражаси ошди”, — дейди Агравал хоним.
2004 йилдан бошлаб велосипедларни бепул тарқатиш бўйича давлат дастурлари ўғил болаларга қараганда кўпроқ қизларга қаратилганди, чунки рўзғор ишлари ва мактабларнинг узоқлиги сабаб қизлар орасида ўқишни ташлаш фоизи юқори эди. Бундай ёндашув фақат Ҳиндистонга хос эмас – Колумбия, Кения, Малави ва Зимбабве каби мамлакатларда ҳам велосипедлар қизларнинг мактабга қатнаши ва ўқишни давом эттиришида самарали восита ҳисобланади. Аммо Ҳиндистонда бу кўрсаткич кўлами бошқа мамлакатларга қиёслаганда каттароқ.
Уч тадқиқотчи (улар Деҳлидаги Ҳиндистон технология институти ҳамда Мумбайдаги Нарси Монжи номидаги бошқарув тадқиқотлари институти вакиллари) ўз изланишлари давомида 5-17 ёшли мактаб ўқувчилари учун транспорт турларини таҳлил қилди, ўқувчиларга бепул велосипед бериш бўйича давлат дастурларининг самарадорлигини кўриб чиқди ва уларнинг болалар орасида велосипед ҳайдаш оммалашишига таъсирини тестдан ўтказди.
Тадқиқотчилар бутун мамлакат бўйлаб мактабга велосипедда борадиган ўқувчилар фоизи 2007 йилдаги 6,6 фоиздан 2017 йилда 11,2 фоизга ошганини аниқлади.
Ўтган ўн йил ичида қишлоқ жойларда мактабга велосипедда бориш сони икки баравар кўпайган, шаҳарларда эса бу кўрсаткич ўзгармаган. Ҳинд шаҳарларида йўллар хавфсиз эмаслиги барчага маълум: уларда мактабга велосипедда бориш кўрсаткичининг пастлиги йўл ҳаракати хавфсизлигининг ёмонлиги ва йўлларда автомобилларнинг кўплиги билан боғлиқ.
Мамлакатда велосипед инқилоби қишлоқларда катта аҳамиятга эга бўлиб, Биҳар, Ғарбий Банголия, Ассам ва Чаттисгарҳ каби штатлар бу борада етакчилик қилмоқда. Мазкур штатлар аҳолиси Европанинг баъзи йирик давлатлари билан таққосланади. Тадқиқот узоқ масофаларга велосипедда бориш шаҳарга қараганда қишлоқ жойларда кўпроқ оммалашганини кўрсатди.
Ҳиндистон ҳукумати одамларнинг велосипед ҳайдаш одати ҳақида 2011 йилда — аҳолини сўнгги рўйхатга олиш вақтида хабар беришни бошлаганди. Ўшанда ишга борадиганларнинг атиги 20 фоизи велосипедни асосий транспорт тури сифатида кўрсатган. Лекин қишлоқ аҳолиси шаҳардагига нисбатан кўпроқ велосипедда юрган (17 фоизга 21 фоиз). Бундан ташқари, аёлларга (4,7 фоиз) қараганда эркаклар (21,7 фоиз) ишга кўпроқ велосипедда борган.
“Халқаро кўрсаткичлар билан таққослаганда, велосипед ҳайдашда гендер тафовут даражаси дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади”, — дейди Агравал хоним.
Америкалик суфражист Сюзан Б. Энтонининг машҳур гапи бор: “Велосипед аёлларни озод қилишга бошқа нарсалардан кўра кўпроқ ҳисса қўшади. У аёлларга эркинлик ва мустақиллик ҳиссини беради”.
Тадқиқотчилар ёши улғайган сари аёлларнинг велосипедда юриши камаядими деган, савол устида бош қотирмоқда. Нибҳа турмушга чиқиб, янги оиласининг уйига кўчиб ўтгандан кейин велосипед ҳайдашни тўхтатган. У ўқитувчилик касбини эгаллаш учун ҳозир ҳам машғулотларга қатнайди, ундан ишга қандай бориши ҳақида сўралганда қисқа жавоб берди: “Менга энди велосипед керакмас”.
Мавзуга оид
18:07 / 24.12.2024
Ҳиндистон 2040 йилда Ойга ўз космонавтини учиради
23:25 / 23.12.2024
Бангладеш Ҳиндистондан собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани экстрадиция қилишга ёрдам беришни сўрамоқда
11:42 / 18.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳиндистон заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш имконини ўрганмоқда
20:02 / 17.12.2024