Ўзбекистон | 09:13 / 21.08.2024
2223
3 дақиқада ўқилади

БМТ Қорақалпоғистонда сув, канализация ва экология бўйича янги лойиҳаларни ишга туширди

БМТ агентликлари Оролбўйи минтақаси Кўп шериклик траст фонди кўмагида Қорақалпоғистонда иккита янги лойиҳани ишга туширди. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қорақалпоғистондаги долзарб экологик ва саломатлик муаммоларини ҳал қилишга қаратилган иккита янги лойиҳа бошлади, дея хабар қилмоқда ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси.

Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича Кўп шериклик траст фонди (КШТФ) томонидан қўллаб-қувватланадиган лойиҳаларга қуйидагилар киради:

  • ЮНИCЕФнинг «Қорақалпоғистон Республикасининг тўртта туманида иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш ва энг кўп жабрланган жамоаларни хавфсиз сув, канализация, гигиена ва соғлиқни сақлаш хизматлари билан таъминлаш» лойиҳаси;
  • БМТ Тараққиёт дастури ва Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг «Оролбўйи минтақасидаги аҳолининг экологик муаммоларни ҳаво сифати, ер ва сув ресурсларини бошқаришда инновацион ёндашувлар орқали ҳал қилиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш» қўшма лойиҳаси.

ЮНИCЕФ лойиҳаси Мўйноқ, Қўнғирот, Бўзатов ва Тахтакўпир туманларидаги 15 мингдан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик суви ва иқлимга чидамли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга қаратилган.

Шунингдек, у Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва 10 та маҳаллада маълумотлар асосидаги иқлимга чидамли сув, санитария ва гигиена ечимлари мониторинги тизимини мустаҳкамлаш, шунингдек, 5100 дан ортиқ болалар ва ўсмирларни инклюзив иқлимга чидамлилиги бўйича билим билан таъминлашдан иборат.

БМТТД ва ФАОнинг қўшма лойиҳаси маҳаллий ҳамкорлар ва ҳамжамиятларга экологик хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган. У ҳаво, ер ва сувни бошқариш бўйича амалий ечимларни ишлаб чиқиш, жамиятларнинг иқлим ўзгаришига мослашиши ва уни юмшата олишини таъминлайди.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида минтақада сувни тозалаш, ўрмонларни тиклаш ва тупроқни барқарорлаштириш бўйича янги ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу тадбирлар шимолий учта туманнинг — Мўйноқ, Қўнғирот ва Тахтакўпирнинг 376 мингдан ортиқ аҳолисига, айниқса хавфли гуруҳдаги аёлларга тўғридан тўғри фойда келтириши мумкин.

Бундан ташқари, 16 август куни БМТнинг «Инсонга йўналтирилган, иқлим шароитига чидамли бирламчи тиббий ёрдам ва сув, соғлиқни сақлаш муассасалари ва мактабларда санитария ва гигиена амалиёти учун пойдевор қўйиш» қўшма дастури якунланди.

Мавзуга оид