«Россия Озарбойжон орқали янги бозорларга газ етказиб бермоқчи» — эскперт Путиннинг Бокуга ташрифи ҳақида
Эксперт фикрича, бу ташриф фақат Россия ва Озарбойжон алоқалари билан чекланмайди.
Россия президенти Владимир Путин 18-19 август кунлари давлат ташрифи билан Озарбойжонда бўлди. Россия раҳбарининг сафари Курск областида ҳарбий ҳаракатлар кетаётган вақтга тўғри келди.
Бокуга икки кунлик ташриф давомида Владимир Путин ва Илҳом Алиев иттифоқчилик муносабатлари, стратегик шериклик алоқаларини муҳокама қилди. Сафарнинг қатор мақсадлари бор. Аввало, уруш туфайли ғарб томонидан иҳоталанган Россия томони буни иложи борича кўрсатмасликка ҳаракат қилмоқда.
Kun.uz ушбу ташрифнинг мақсадлари бўйича сиёсатшунос эксперт Антон Дударёнок билан гаплашди. Унинг фикрича, ташриф фақат Россия ва Озарбойжон алоқаларига боғлиқ эмас.
«Россия ва Озарбойжон муносабатлари Россия-Украина можароси ортидан ўзгаргани йўқ. Чунки Москва ва Боку прагматик ташқи сиёсат тарафдори, икки давлат ҳам алоқалари ёмонлашишини эмас, яхшиланишини истайди. Миллий манфаатлар шуни тақозо қилади.
Ташрифни кўпроқ умумий баҳолаш керак, бошқа томондан эмас. Путин Озарбойжонга ўтган икки йил ҳисобидан биринчи марта бораётган бўлиши мумкин, лекин раҳбарлар доимий мулоқотда бўлган.
Президент Путин ташрифининг биринчи мақсади – энергетика ва энергоресурслар бўйича ҳамкорлик масаласи. Иккинчиси – халқаро транспорт коридорлари мавзуси. Шу йил охирида «Газпром» тузган шартнома, яъни Украина ҳудудидан газни Европага етказиб бериш шартномаси муддати тўлиқ тугайди. Шундай шароитда Россия газини Эронга етказиб бермоқчи, айнан Озарбойжон орқали. Яна бир вариант эса Россия газини Марказий Осиёга етказиб беради, бунда ҳам Озарбойжон орқали экспорт мўлжалланяпти», дейди Беларус Стратегик тадқиқотлар институти эксперти Антон Дударёнок.
Медиада Путиннинг Озарбайжонга сафари Курск областидаги вазиятга боғлиқ экани хусусида хабарлар тарқалди. Бироқ, сиёсатшунос фикрича, ташриф аввалдан режаланган бўлган. «Олий даражадаги мулоқотларни ташкиллаш кўп вақт олади, бир неча соат ёки кунда буни қилиш имконсиз», дейди у.
Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, Москва яна Озарбойжон ва Арманистон орасига тушишни ҳам кўзламоқда. Масалан, Риа Новости Кремлга таяниб, Россия томони Озарбойжон ва Арманистон муносабатларини нормаллаштиришга ҳар томонлама ҳисса қўшишга тайёрлиги ҳақида ёзган. Гап шундаки, сўнгги ойларда икки давлат тинчлик шартномасини тузиш бўйича тўғридан тўғри музокаралар олиб бориб, уни имзолашга тайёрлигини билдирмоқда. Бироқ, мана шу тинчлик битими лойиҳасидан Озарбойжон ва унинг эксклави Нахичеванни боғловчи «Зангезур йўлаги» ҳақидаги банд чиқариб ташланган. Бунинг муҳокамаси кейинга қолдирилган. Боку ва Москва Озарбойжон ва Нахичеван ўртасидаги бу йўлак Россия назоратида бўлишини истаган. Россиядан норози Арманистон эса бунга қарши чиқмоқда. Москва ва Ереван ўртасидаги келишмовчиликлар иккинчи Қорабоғ урушидан кейин юзага келди. Арманистон уруш вақтида Россия ва КХШТ унга ёрдам бермаганидан норози бўлди.
Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:41 / 27.12.2024
Россиянинг Саратов областида мигрантларга яна 3 соҳада ишлаш тақиқланди
20:59 / 27.12.2024
Россия флоти замонавий атом сувости кемасига эга бўлди
19:14 / 27.12.2024
Украина Курск областида илк марта КХДР аскарини асирга олди — ОАВ
18:40 / 27.12.2024