Жаҳон | 22:30 / 22.08.2024
13556
2 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов россияликларга нисбатан жорий қилинган санкциялар тескари самара берганини айтди

Унинг айтишича, аввал трансмиллий компанияларга фаол сармоя киритган россиялик тадбиркорлар энди Россия бозорига сармоя киритишни бошлаган.

Фото: Corriere Della Sera

Сиёсий сабабларга кўра Европа Иттифоқининг россиялик ишбилармонларга қарши санкцияларини жорий этиши «катта хато», деди USM Holding компанияси асосчиси Алишер Усмонов. Унинг қайд этишича, авваллари трансмиллий компанияларга фаол сармоя киритган россиялик тадбиркорлар энди Россия бозорига сармоя киритишни бошлаган. Бу ҳақда миллиардер Италиянинг Corriere Della Sera нашрига берган интервюсига гапирди.

Тадбиркорнинг фикрича, Европанинг Россияга қарши санкцияларидан энг катта зарарни европаликларнинг ўзи кўтармоқда. У чекловларни «заифлик белгиси» деб атади ва уларнинг ёрдами билан тескари мақсадларга эришилганини таъкидлади.

«Улар бизнес элитасини жазоламоқчи бўлишди, россияликлар эса пулларни уйига қайтарди. Россия иқтисодиёти санкцияларга мослашмоқда, қўшни бозорлар эса зарар кўрмоқда. Европа Россия энергетика ресурсларини рад этди ва уларни анча қимматроқ нархда сотиб олишга мажбур. Мен оқ-қора тасвирни чизмоқчи эмасман – санкциялар, шубҳасиз, ҳамма учун зарарли, аммо ҳозирча европаликлар учун кўпроқ», деди Усмонов.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, санкциялар ва савдо тўсиқлари кучайиб бораётган дунёда «имкониятлар трансмиллий компаниялар учун камроқ, минтақавий ва миллий корхоналар учун эса кўпроқ бўлади».

Алишер Усмонов 2022 йил 28 февралида, Россиянинг Украинага босқини бошланганидан сўнг, Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган эди. Шунингдек, унга қарши АҚШ санкциялари ҳам жорий этилди. Усмонов ушбу санкцияларнинг бекор қилиниши учун бир қанча судларда курашмоқда.

Мавзуга оид