Жаҳон | 23:10 / 22.08.2024
16176
4 дақиқада ўқилади

“Бу кучишлатар тузилмаларнинг муаммоси” — Путин Курск областидаги хавфсизлик учун масъулиятни ўзидан соқит қилди

У 90 дан ортиқ аҳоли пункти ва 1200 километр квадратдан ортиқ ҳудуди Украина армияси назорати остига ўтган Курск областидаги хавфсизик масалалари кучишлатар тузилмаларнинг муаммоси эканини айтган.

Фото: kremlin.ru

Бу ҳақда РФ президенти В.Путин чегараолди ҳудудлардаги вазият бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилган.

“Хавфсизлик масалаларига тўхталсак, бу кучишлатар тузилмаларнинг масъулият зонасидаги муаммолар ҳисобланади”, — деган Путин Курск, Белгород ва Брянск областлари губернаторлари ва ҳукумат аъзоларига юзланиб.

“Умид қиламанки, маҳаллий ва ҳудудий ҳокимият органлари, ҳукумат ва кучишлатар идоралар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик йўлга қўйилган ва бу ҳам бу ерда олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш учун ўзининг ижобий ролини ўйнайди”, — деган Россия президенти.

12 август куни ўтказилган шу каби йиғилишда Путин Россия ҳудудидан “душманни сиқиб чиқариш”ни талаб қилиб, содир бўлган ишларда ғарбни айблаган ва Украина қуролли кучларига “муносиб жавоб” қайтаришини маълум қилган эди. Ўшандан буён ўтган 10 кун ичида Украина ҳарбийлари Курск областида эгаллаган майдонини камида бир ярим баробарга оширган: 12 август куни эгалланган ерлар 800 км квадрат дейилган бўлса, 20 августга келиб УҚК бош қўмондони Олександр Сирский 1263 км квадрат ҳақида гапирган.

Сейм дарёси узра кўприклар портлатилганидан сўнг яна 570 км квадрат майдон Украина назоратига ўтиши мумкин, бундан ташқари камида 3 минг россиялик аскарлар қамал ҳолатига тушиб қолиши мумкин, деб ёзган Bild нашри.

Украина қуролли кучларининг Курск областига ҳужуми Иккинчи жаҳон урушидан буён чет эл армиясининг Россия ҳудудига кенг кўламли энг йирик босқини бўлди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, бу ҳужум Россия раҳбариятини шок ҳолатига солиб қўйган. Хусусан, В.Путинни 2022 йилнинг кузидан — рус қўшинлари Херсонни ташлаб чиқишга мажбур бўлганидан буён бу қадар афтода аҳволда кўришмаган. Курскдаги мудофаанинг барбод бўлиши Россия қуролли кучлари Бош штаби қўмондони Валерий Герасимовнинг карйерасига нуқта қўйиши мумкин. Bloomberg манбаларига кўра, Герасимовга ҳужум тайёрланаётгани тўғрисида разведка маълумотлари етказилган, бироқ у ахборотга жиддий эътибор бермаган ва президент Путинга бу борада ҳисоб бермаган.

Ўтган ҳафтада Путин ўзининг собиқ шахсий тансоқчиси Алексей Дюминга Курск остонасида кучишлатар тизимларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш вазифасини топширган. У ерга Мудофаа вазирлиги жумладан Москва ва Ленинград ҳарбий округларидан шошилинч тарзда муддатли ҳарбий хизматчиларни ташламоқда. Дюминнинг тайинланиши Курскдаги пачавадан сўнг Путин ортиқ Бош штабга ишонмай қўйгани ва кризисли ҳолатларда унга шахсан содиқ инсонларга таянишидан далолат беради, деган “Важние истории”га РФ Мудофаа вазирлигидаги манба.

Кризис шароитларида ўзини бўлаётган воқеалардан четга олиш Путин учун хос, дейди Британиянинг Royal United Services Institute таҳлилчиси Марк Галеотти. Путин Covid-19 тарқалган чоғларда ҳам ўзини шундай тутган. Бу Россия президентининг характерли чизгиси: агар чиндан ҳам мураккаб вазият туғилса, у Путиннинг эмас, исталган бошқа одамларнинг муаммосига айланади, деб ҳисоблайди Галеотти.

Мавзуга оид