Дунёни ўзгартираётган сунъий интеллект: Ўзбекистоннинг режалари қандай?
Бугун деярли ҳамма соҳаларга сунъий интеллект технологиялари кириб келяпти, унинг имкониятлари ва самарадорлиги ҳаётимизни енгиллаштирмоқда. Хўш, Ўзбекистон ҳукумати сунъий интеллектдан қанчалик фойдаланмоқда, бу борада қандай режалар бор? Kun.uz Рақамли технологиялар вазирлиги Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Азиз Атабековни суҳбатга таклиф этди.
– Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларининг ривожланиш ҳолати қандай? Давлат органларида қайси соҳа вакиллари бундан кенг фойдаланмоқда?
– Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил февраль ойида сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун шароитлар яратишга доир қарор қабул қилган. Бу биринчи бўлиб таълимда намоён бўлди: 4 та нуфузли олий таълим муассасаларида сунъий интеллект соҳасида янги факультет ташкил этилди. Бу университетлар: Тошкент ахборот технологиялари университети, Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Техника университетлари. 15 та университетларда амалий фан сифатида киритилди. Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги қошида Сунъий интеллект технологиялари илмий тадқиқот институти ташкил қилинди. Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги давлат ахборот тизимларини ишлаб чиқариш ва қўллаб-қувватлаш ягона интегратори – UZINFOCOM. Ушбу ташкилот ёрдамида “Мухлиса” овозли тизими ва “MyID” ишлаб чиқилди. MyID тизимидан 70 дан ортиқ идора ва ташкилотларнинг 10 миллиондан ортиқ фойдаланувчилари бор. “Мухлиса” овозли ёрдамчисидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган BYD автомобилларда фойдаланиш бўйича келишув имзоланган.
– 13 август куни президент ҳузурида ўтказилган тақдимотда сунъий интеллект технологиялари бўйича қонунчилик базасини шакллантириш ҳақида гап кетган эди. Ўзи соҳани тартибга солиш бўйича қонун ёки норматив ҳужжат ишлаб чиқишга қанчалик зарурат бор?
– Бу ерда техника, технологияларни ривожлантириш борасида стратегия қабул қилиш назарда тутилган. Қонун қабул қилиш ҳақида гап кетмаяпти. Бу стратегияда 2030 йилгача бажариладиган ишлар мақсад қилиб қўйилади, тасдиқланади. Яқинда, Европа Иттифоқи дунёда биринчи бўлиб сунъий интеллектни тартибга солиш борасида қонун қабул қилди – AI act. Бундай қонунчилик ҳозир сунъий интеллект стартапларини ўз фаолиятини эркин олиб бора олмаслигига олиб келиши мумкин. Масалан, Meta ёки бошқа кўплаб компаниялар айнан сунъий интеллект соҳасидаги лойиҳаларини Европа бозорига тақдим қилмаяпти.
– Келажакда сунъий интеллект маҳсулотлари самарадорлиги ва камхаржлиги эвазига давлат хизматчилари ўрнини эгаллаши мумкинми?
– Бунга айнан бирор жавобни бериш қийин. Чунки соҳа анча ривожланиб бормоқда. Тўғри, бунда баъзи соҳалардаги инсонларнинг ўрнини сунъий интеллект босиши мумкин, аммо технология соҳасидаги иш ўринларининг сони кўпайиб бораверади. Биргина AI (Artificial intelligence – сунъий интеллект) билан ишлайдиган мутахассислар турини санасак, анчага етади. Масалан AI беморларнинг касаллигига ташхис қўйса, терапевтнинг кераги бўлмай қолади дейишади. Аммо у беморларга ташхис қўювчи сунъий интеллект операторига айланиши мумкин. Мана шундай янги соҳалар ҳам ривожланиб бормоқда. Бу технологияларнинг имконияти, фойдаси анча катта. Олдин 5 киши бир ҳафтада 1 та таҳлил ёзган бўлса, энди 1-2 кунда бу ишни камроқ одам якунлайди. Натижада мутахассисларнинг вақти тежалади ва самарадорлиги ортади.
Ўзбекистонга ҳам роботлар қачон кириб келади ва мутахассисларнинг иш ўрнини олиб қўйиши мумкин. Бу қачон бўлади? Қачонки, биздаги арзон ишчи кучи роботларнинг ишлаб чиқаришдан ҳам қимматроққа айланиб кетганида. Масалан, Корея ёки Япониядаги баъзи ресторанларда сервис хизматларни роботлар амалга оширмоқда, чунки у ерда ёшлар сони камаймоқда, одамлар учун тўланадиган иш ҳақи эса анча қиммат туради.
– Сунъий интеллект юзага чиқариши мумкин бўлган қандай хавфлар бор ва Ўзбекистон бу хавфлардан сақланиш учун нима қиляпти?
– Тўғри, соҳанинг турли хавфли томонлари мавжуд аслида. Энг машҳур сунъий интеллект хавфларидан бири Deep fake'лар ҳисобланади. Яъни бошқа инсонларнинг овози, юзидан фойдаланиб, сохта видеолар яратиш ҳамда фирибгарлик ва бошқа мақсадларда фойдаланишади. Соҳани яхши тушунадиган одам тезда соҳани ҳақиқийсидан ажрата олади. Бунга ишониб қолаётган одамларнинг аксарияти сунъий интеллект маҳсулотларидан бехабар бўлган омма ҳисобланади. Буни илғаб олиш учун одамлар ўзларида иммунитет ҳосил қилиши, сунъий интеллект борасида саводхонликни ошириши керак.
Яна бир ҳолат, сўнгги 20-30 йилда видеолар 100 фоиз далил сифатида қабул қилинди: “видео борми, аниқ шу ҳолат бўлган”, дегани эди. Лекин эндиликда видеоларнинг умри ҳам оз қолди, энди ҳар қандай видеога шубҳа билан қараш мумкин, видеолар 100 фоиз далил бўлмай қолади. Уни кимдир сунъий интеллект орқали “чизган” бўлиши ҳам мумкин. Шундай қилиб, инсоният бир реалликдан бошқа кўникмаларга секин-аста ўтиб боради.
– ChatGPT каби сунъий интеллект маҳсулотлари – илмий мақолалар, курс ишлари ёки мактаб ўқувчисининг ижодий ишларини ҳам ёзиб бера олиши, уларнинг илмий аҳамиятини пасайтириб юборгани ҳақида айтилмоқда. Бу имкониятларни ҳам бир тарафдан, дангасаликка ёки илм ўрганмасликка олиб келадиган хавф, деб баҳолаш мумкинми?
– Технология даври бошланаётган экан, ёшларимиз бундан фойдаланишига рухсат беришимиз, улардаги сунъий интеллектдан фойдаланиш кўникмасини шакллантиришимиз керак. Фақат билимларни имтиҳон қилаётганда буни назоратга олиш керак деб ҳисоблайман. Улардан телефонни олиб қўйиб бўлмайди, фақат тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш керак. Чунки кўчирадиган ўқувчилар бунгача ҳам интернетдаги қидирув тизимларидан кўчириб ёзаверган. Яъни имкониятлардан ўзининг билимини ошириш, ишини енгиллатиш учун фойдаланадими ёки кўчириш учун – ҳаммаси ўқувчининг ўзига боғлиқ. Бу ерда тақиқлар иш бермайди.
– Биламиз, сунъий интеллект маҳсулотларини яратиш учун асосий “озуқа” бу – маълумот. Ўзбекистон давлат тилида маълумотларнинг электрон базаси етарлича шаклланганми?
– Бу борада рақамлашмаган маълумотлар кўп. Буларни рақамлаштиришимиз зарур. Ўзи сунъий интеллект ишлаши учун маълумотлар базасидан ташқари юқори самарадорликка эга ҳисоблаш қувватлари ( HPC – High performance computing), соддароқ айтилса суперкомпютерлар керак. Бутун дунёда HPC'ларнинг танқислиги мавжуд ва улар жуда қиммат туради. Барча рақамли маълумотлар етарли бўлиб, ҳисоблаш қуввати ишламаса ҳам бу жараённи амалга ошириб бўлмайди. Биз буни тўғри йўлга қўйишимиз керак, булар тизимли ишламас экан, рақамлашган база яратиш ишлари секин амалга оширилади. Аммо бунда инсон омилининг салоҳияти ҳам юқори бўлиши керак.
Масалан, кўп соҳаларда архивда турган жуда катта қоғоздаги маълумотлар бор дейлик. Уларни аввал базага киритиш учун кадрлар керак, шунча ёзиб қўйиш эмас, айнан компьютер ўқий оладиган қилиб киритиш керак. Шунинг учун бу иш шунчаки амалга ошириладиган эмас, вақт ва катта ресурслар талаб қилади.
– Ўзбекистонда сунъий интеллект ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар қайсилар?
– Сунъий интеллект мактабларини ривожлантиришда университетларда амалий ишларни амалга оширувчи лабораториялар ташкил этиш керак. Талабалар ўрганган билимларини амалий бажариб кўришмаса, соҳада ривожланиш бўлмайди. Бизда лаборатория деганда кучли ва янги компютерлар, боя айтганимдек HPC, яхши мебел ва бир маромда электр энергияси бўлиши керак. Бу масала президентимиз билан бўлган суҳбатда ҳам кўтарилди. Инфратузилмалардаги қувват масаласида ҳам илмий доирага уни текинга ёки жуда арзон нархга фойдаланиш учун ажратиш керак. Нуфузли университетларнинг ўзида шундай сунъий интеллект лабораториялари бўлиши керак.
Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
00:10 / 25.12.2024
Сунъий интеллект диабет ривожланиш хавфини ўнлаб йиллар олдин аниқлашга ёрдам беради
13:06 / 24.12.2024
Ўзбекистон Марказий Осиёда сунъий интеллектга тайёрлик бўйича етакчилик қилмоқда
00:05 / 23.12.2024
ChatGPT бепул қўнғироқлар ва ёзишмалар учун телефон рақамига эга бўлди
12:10 / 22.12.2024