Иложсизликдан туғилган жасорат. The Economist Сирский Курск областига юришни қандай тайёрлагани ҳақида ёзди
Украина қуролли кучларининг Курск областидаги юриши «иложсизликдан ва катта махфийлик шароитида туғилган жасоратли саргузашт» бўлди, деб ёзмоқда The Economist. Журналистлар Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирскийнинг атрофидаги кишилар, шунингдек тўғридан тўғри Россия ҳудудидаги амалиётда иштирок этаётган украин ҳарбийлари билан сўзлашган ҳолда шундай хулосага келган.
Нашрнинг қайд этишича, бир томондан, кутилмаган босқин украин армиясининг руҳиятини кўтарган ва Украина қуролли кучлари ҳарбий ҳаракатларидаги янги тактикани намойиш этган. Аммо учинчи ҳафтага келиб юриш суръатлари секинлашди ва Россия жавоб қайтара бошлади, нафақат Курск областида, балки фронтнинг бошқа участкаларида ҳам.
Украина бош штабидаги манба Украина қуролли кучларининг Курск областидаги тактикасини «манёврли ҳужум» деб атайди — бу Украинага кенг кўламли босқиннинг илк даврида Россия қўмондони Валерий Герасимов қўллаганига ўхшаш услуб. Украинанинг тўртта бригадаси Россия чегарасини 6 август куни кесиб ўтган, қишлоқлар оралаб турли йўналишларда, танклар ва артиллерия олови, шунингдек ҳаводан FPV-дронлар қўлловида ҳаракатланган. Ҳарбийлар қуруқликда жиддий қаршиликка учрамаган, аммо уларни Россия авиацияси бомбардимон қилган. Украинларнинг оғир зирҳли техникаси киришидан олдин ҳудудлар кичик бўлинмалар томонидан ўрганиб чиқилган. Нашрнинг баҳолашича, босқиннинг илк кунларида бундай тактика «жуда самарали» бўлиб чиққан.
The Economist нашри ёзишича, Сирский Россияга босқин режасини улкан босим остида ишлаб чиққан. Украина қуролли кучлари Донбассда, айниқса муҳим логистик марказ бўлган Покровскда мудофаа чизиғини базўр ушлаб турибди. Июлда лавозимга 2024 йил февралида тайинланган бош қўмондон истеъфо ёқасида тургани ҳақида хабарлар тарқалганди.
«Сирский сиёсий ўйинларда кучли эмас. У урушда яхши», — деган журналистларга генералга яқин бўлган суҳбатдош. Унинг сўзларига кўра, қўмондон Россия мудофаасидаги энг заиф нуқталарга юриш қилиш бўйича бир неча сценарийларни кўриб чиққан: Брянск областига шимолдан зарба, Курск областига зарба, ушбу икки вариант комбинацияси ва бошқалар. Украина қуролли кучлари кўзлаган асосий мақсад Россия қўшинини Донбассдан чалғитиш ва бўлғуси музокаралар учун кузирга эга бўлиш эди.
Сирский ўз режаларини сир тутган, буни фақат тор доирадаги генераллар ҳамда хавфсизлик хизмати ходимлари билан баҳам кўрган ва стратегияни Украина президенти билан яккама-якка ҳолда муҳокама қилган, дея ёзади The Economist. Ҳатто Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси ҳам режалаштиришга фақат сўнгги босқичга келиб қўшилган. Манбага кўра, Украинанинг иттифоқчилари ҳам олдиндан хабардор қилинмаган, чунки Ғарбдагилар бунгача Сирскийнинг икки операциясини барбод қилганди — бири ҳақида Россия хабар топган, бошқасини бекор қилишга буйруқ берилган (мақолада булар қандай операциялар бўлганига аниқлик киритилмаган). Барчаси бошланиб кетганида эса Ғарб эътироз билдирмади.
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Суми областини РФ қуролли кучларининг эҳтимолий ҳужумидан ҳимоя қилиш баҳонаси билан чегара ҳудудга қўшин тўплаш орқали душманни чалғитишга муваффақ бўлади (бу версия олдинроқ украин нашрларида ҳам муҳокама қилинганди). Ротация Курск операцияси бошланишига тахминан бир ярим ҳафта қолганида амалга оширилган.
Шу билан бирга, украин ҳарбийларининг ўзи ҳам юриш амалиётида иштирок этишларини тасаввур қилишмаган. Украина қуролли кучлари жангчиларидан бири нашрга айтиб беришича, улар август ойи бошида, янги жиҳозлар билан таъминланганида, нимадандир шубҳалана бошлаган: ўшанда барчага қулоқчинлар ўрнатилган янги каскалар ва янги штурм милтиқлари топширилганди. Шуннгдек, ҳарбийлар макетларда машғулотлар ўтказишган, кейинроқ бу Россия қишлоғи имитацияси бўлгани ойдинлашади.
Юришнинг биринчи босқичи пухта режалаштирилган бўлса-да, энди кутилмаганлик омили йўқотилгани туфайли украинларнинг ҳаракати секинлашди. Украина қуролли кучлари бош штабидаги манбанинг айтишича, Володимир Зеленский ҳамон Курск областида «максимал прогресс»га эришишга интилмоқда. 18 август куни Украина президенти мамлакат қуролли кучлари операциясининг бош мақсади — «агрессор ҳудудида буфер зона яратиш» эканини айтди.
Аммо Украина қуролли кучлари бош қўмондони янада эҳтиёткор бўлиб, кўпроқ мустаҳкам мудофаа чизиғини ҳосил қилиш учун чегара бўйлаб қанотларни кенгайтиришга эътибор қаратмоқда. «Сирский аҳмоқ эмас. У шошқалоқлик бутун операцияни хавф остига қўйишини яхши тушунади», — дейди унинг ишончли одами. Ҳозирда сони 10 мингдан 20 минггача бўлган украин контингентининг асосий эътибори, катта эҳтимол билан, Суджадан шимоли-ғарбдан ўтган Сейм дарёсининг жанубий соҳилларида назорат ўрнатишга қаратилган. Россиялик ҳарбий блогерлар маълумотига кўра, Украина қуролли кучлари аллақачон Курск области Глушково районида Сейм узра ўтган барча кўприкларни портлатган.
Операциянинг узоқ муддатдаги истиқболи Россиянинг реакциясига боғлиқ, дея қайд этади нашр. Афтидан, РФ мудофаа вазирлиги икки томонлама йўл тутмоқда: Курск областидаги қўшинлар миқдорини оширмоқда, аммо Донбассдаги фронт чизиғига босимни сақлаб қолмоқда. Украин ҳарбийларига кўра, улар Курск областида қаршиликнинг янги даражасини ҳис этишмоқда — Украина қуролли кучларининг йўқотишлари ортмоқда, Россия қўшини яхшироқ тайёргарликка эга бўлинмалар, жумладан, денгиз пиёдалари ҳамда махсус топшириқли отрядлар билан кучайтирилмоқда.
Украина ҳукуматидаги суҳбатдош, ўз навбатида Донбассдаги ҳарбий фаоллик 16 августдан сусая бошлагани, аммо битта муҳим истисно борлигини айтган — РФ қўшини ҳамон украин мудофааси кучсизланганидан фойдаланган ҳолда Покровск йўналишида ишонч билан олдинга юрмоқда.
«Медуза»нинг «Разбор» бўлими шарҳи
Донбасс фронтида ҳарбий фаоллик сезиларли даражада пасайгани, шунингдек у ердан рус қўшинлари Курск областига олиб ўтказилгани ҳақида айтиб бўлмайди. Ўтган ҳафта давомида РФ қуролли кучлари Покровск йўналишида ҳам, ундан 50 километр шарқдаги Торецк шаҳри томон ҳам ҳужумларни кучайтирган.
Днипро шаҳридан Донбасснинг марказий ва жанубий қисмига ўтадиган барча юклар Покровск орқали ўтади. Россия қўшини сўнгги кунларда Покровск ҳудудида ҳужумларни кучайтирди ва шаҳардан 13 километр масофадаги Гродовка посёлкасини эгаллади. Шунингдек, Россия қўшини Покровскдан 15 километр жанубдаги Селидово шаҳри томон ҳам силжимоқда.
Мавзуга оид
11:00
РФда Украинага қарши уруш қатнашчилари имтиёзли ипотекани ололмайди
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22 / 24.12.2024