Жаҳон | 13:51 / 23.08.2024
8092
10 дақиқада ўқилади

Ғазони тарк этишни истамаётган Нетаняҳу, Путиннинг Курск жангларига муносабати ва ғарбга кўпроқ зиён келтираётган санкциялар — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазо шаҳрининг ар-Римал даҳасидаги Салоҳиддин мактабига авиазарба бериши кўплаб қурбонларга олиб келган.

Бу мактабда ҳам мажбуран кўчирилган қочқинлар яшаб келишаётган эди. Қурбонлар орасида ёш болалар ҳам бор.

Исроил армияси шунингдек, секторнинг марказида жойлашган ал-Мағозий қочқинлар лагерига яна ҳужум уюштирган. Бу ерда ҳам тинч аҳоли вакиллари, ёш болалар қурбон бўлгани айтилмоқда.

Ғазода бошланган урушнинг 321-кунига келиб ҳалок бўлганлар сони 40 минг 265 нафарга етгани маълум қилинмоқда. Ярадорлар сони эса 93 минг 144 кишига етган.

Биргина сўнгги сутка ичида Исроил Ғазонинг турли қисмларида тўртта оммавий қирғин уюштириб, 42 нафар инсонннинг ҳаётдан кўз юмишига ва 163 кишининг яраланишига сабабчи бўлди.

Байден ва Нетаняҳу суҳбати

АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон суҳбатида имкон қадар тезроқ ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш борасида келишувга эришишга чақирди, деб хабар бермоқда Оқ уй матбуот хизмати.

«Президент ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришиш ва гаровдагиларни озод қилишни имкон қадар тезроқ амалга ошириш заруриятини таъкидлади», — дейилади хабарда.

Томонлар Исроилнинг Эрон, ҲАМАС, «Ҳизбуллоҳ» гуруҳлари ва ҳусийчилардан таралаётган таҳдиддан ҳимоя қилиш, Исроил мудофаасини қўллаб-қувватлаш бўйича АҚШнинг саъй-ҳаракатларини ҳам муҳокама қилишган. Бундан ташқари, Байден Ғазо секторида оташкесим бўйича Қоҳирада ўтадиган навбатдаги музокаралар мавзусига ҳам тўхталган.

ҲАМАС ва Исроил ўртасида тўғридан тўғри бўлмаган музокаралар 15 август куни Қатар пойтахти Доҳада бошланган эди. Фаластин гуруҳи Нетаняҳунинг Филаделфия йўлагида Исроил армиясини қолдириш шарти туфайли ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни алмашиш таклифини рад этган. ҲАМАСнинг фикрича, АҚШ ўз режасини такомиллаштириб, «шунчаки Исроил учун вақтдан ютиб бермоқчи».

21 август куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроил ҳукумати Ғазодан ўз қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқишга рози бўлганини таъкидлаган. Воситачилар эса шу ҳафта якунигача Қоҳирада Ғазо бўйича музокараларнинг янги босқичини ўтказиш тўғрисида келишиб олишди.

Исроилнинг шартлари

Исроил ташқи босимларга қарамасдан Миср ва Ғазо чегарасидаги Филаделфия йўлагидан ўз қўшинларини олиб чиқиш ниятида эмас. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг девонхонаси маълум қилган.

Филаделфия йўлаги — бу 14 км узунликдаги, Миср ва Ғазо чегараси бўйлаб жойлашган қурол-яроғлардан холи буфер ҳудуд. Бу ерда Исроил қўшинларининг жойлашиши масаласи Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларга тўғаноқ бўлмоқда. Миср ҳам исроиллик аскарлар йўлакда туришига қарши ва бу 1978 йилги Кэмп-Дэвид келишувларига зид эканини айтмоқда.

21 август куни Исроилнинг Kan телеканали Нетаняҳу келишувнинг иккинчи босқичида Филаделфия йўлагидан қўшинларни олиб чиқишга рози бўлганини маълум қилди, бироқ ҲАМАС ва Миср ҳудуд биринчи босқичдаёқ тозаланишини истамоқда.

Бунга жавобан Нетаняҳу АҚШ билан Исроил қўшинларини йўлакдан олиб чиқиш борасида музокаралар бўлганини рад этиб баёнот берди. “Исроил ҳарбий ҳукумат томонидан ўзининг олдига қўйилган барча ҳарбий мақсадларига эришиш йўлида қатъий”, — деган Нетаняҳу.

ҲАМАС Тел-Авив билан келишув қаторидан Исроил қўшинларининг Ғазо секторини тўлиқ тарк этиши ўрин олишини истамоқда.

Украинанинг Россияга зарбаси

Украина Россиянинг Краснодар ўлкасидаги «Кавказ» портида ёнилғи цистерналари ортилган темирйўл паромига ҳужум қилди, паромда кучли ёнғин юзага келди ва у сув тубига чўкиб кетди.

Пайшанба куни телеграм-каналлар «Кавказ» порти ҳудудига ракета зарбаси йўллангани тўғрисида хабар тарқатди, бу маълумот кўп ўтмай маҳаллий мухбирлар томонидан тасдиқланди.

Ҳудуд тезкор штаби маълумотига кўра, зарба оқибатида паромда ёнғин бошланган. РБК Краснодар ўлкаси Темрюкск райони раҳбари Федор Бабенковга асосланиб хабар беришича, Украина қуролли кучлари зарбасига дучор бўлган паромда ёнилғи солинган 30 та цистерна бўлган. Кўп ўтмай паром чўкиб кетган. Паром экипажи ҳам ҳалок бўлганини айрим манбалар хабар қилмоқда.

РИА Новости агентлиги фавқулодда хизматлардаги манбасига таяниб ёзишича, паромда ҳужум вақтида беш киши бўлган. Уларнинг тақдири ҳақида ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас.

Зарба ҳақидаги хабар ортидан Қрим кўприги бўйлаб ҳаракат бир соатга тўхтатилган, маҳаллий вақт билан соат 17:41 да ҳаракат тикланган.

Кремл таъсиридаги Mash телеграм-каналига кўра, украин ҳарбийлари порт томон Storm Shadow ракетасини учирган бўлиши мумкин ва у ёнилғи ташувчи «Акватрейдер» паромига келиб урилган.

Украина ҳозирча «Кавказ» порти бўйлаб зарба ҳақидаги хабарларга муносабат билдирмади.

Путиннинг Курскдаги жангларга муносабати

Россия президенти Владимир Путин Курск областидаги хавфсизлик учун масъулиятни ўзидан соқит қилди ва “бу кучишлатар тузилмаларнинг муаммоси” деди.

У 90 дан ортиқ аҳоли пункти ва 1200 километр квадратдан ортиқ ҳудуди Украина армияси назорати остига ўтган Курск областидаги хавфсизлик масалалари кучишлатар тузилмаларнинг муаммоси эканини айтган.

“Хавфсизлик масалаларига тўхталсак, бу кучишлатар тузилмаларнинг масъулият зонасидаги муаммолар ҳисобланади”, — деган Путин Курск, Белгород ва Брянск областлари губернаторлари ва ҳукумат аъзоларига юзланиб.

“Умид қиламанки, маҳаллий ва ҳудудий ҳокимият органлари, ҳукумат ва кучишлатар идоралар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик йўлга қўйилган ва бу ҳам бу ерда олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш учун ўзининг ижобий ролини ўйнайди”, — деган Путин.

12 август куни ўтказилган йиғилишда Путин Россия ҳудудидан “душманни сиқиб чиқариш”ни талаб қилиб, содир бўлган ишларда ғарбни айблаган ва Украина қуролли кучларига “муносиб жавоб” қайтаришини маълум қилган эди. Ўшандан буён ўтган 10 кун ичида Украина ҳарбийлари Курск областида эгаллаган майдонини камида бир ярим баробарга оширган: 12 август куни эгалланган ерлар 800 км квадрат дейилган бўлса, 20 августга келиб Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский 1263 км квадрат ҳақида гапирган.

Сейм дарёси узра кўприклар портлатилганидан сўнг яна 570 км квадрат майдон Украина назоратига ўтиши мумкин, бундан ташқари камида 3 минг россиялик аскарлар қамал ҳолатига тушиб қолиши мумкин, деб ёзган Bild нашри.

Украина қуролли кучларининг Курск областига ҳужуми Иккинчи жаҳон урушидан буён чет эл армиясининг Россия ҳудудига кенг кўламли энг йирик босқини бўлди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, бу ҳужум Россия раҳбариятини шок ҳолатига солиб қўйган. Хусусан, В.Путинни 2022 йилнинг кузидан — рус қўшинлари Херсонни ташлаб чиқишга мажбур бўлганидан буён бу қадар афтода аҳволда кўришмаган.

Курскдаги мудофаанинг барбод бўлиши Россия қуролли кучлари Бош штаби қўмондони Валерий Герасимовнинг карйерасига нуқта қўйиши мумкин. Bloomberg манбаларига кўра, Герасимовга ҳужум тайёрланаётгани тўғрисида разведка маълумотлари етказилган, бироқ у ахборотга жиддий эътибор бермаган ва президент Путинга бу борада ҳисоб бермаган.

Боз устига, Пентагон Украинага узоқ масофани ура оладиган қуроллардан бошқа қурол-яроғлардан Россиянинг Курск области ҳудудида фойдаланишга рухсат бергани маълум қилинмоқда.

«Бизнинг ёндашувларимиз Украинага Россиянинг ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун Курск ва Сумидан туриб қарши зарбалар беришга изн беради. Улар бу ҳудудлардан туриб ўзларини Россия ҳужумларидан ҳимоя қилишмоқда», — деган Пентагон расмий вакилининг ўринбосари Сабрина Сингҳ.

Россияга қарши санкциялар

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов россияликларга нисбатан жорий қилинган санкциялар тескари самара берганини айтди.

Унинг айтишича, аввал трансмиллий компанияларга фаол сармоя киритган россиялик тадбиркорлар энди Россия бозорига сармоя киритишни бошлаган.

Сиёсий сабабларга кўра Европа Иттифоқининг россиялик ишбилармонларга қарши санкцияларини жорий этиши «катта хато», деди USM Holding компанияси асосчиси Алишер Усмонов Италиянинг Corriere Della Sera нашрига.

Тадбиркорнинг фикрича, Европанинг Россияга қарши санкцияларидан энг катта зарарни европаликларнинг ўзи кўрмоқда. У чекловларни «заифлик белгиси» деб атади ва уларнинг ёрдами билан тескари мақсадларга эришилганини таъкидлади.

«Улар бизнес элитасини жазоламоқчи бўлишди, россияликлар эса пулларни уйига қайтарди. Россия иқтисодиёти санкцияларга мослашмоқда, қўшни бозорлар эса зарар кўрмоқда. Европа Россия энергетика ресурсларини рад этди ва уларни анча қимматроқ нархда сотиб олишга мажбур. Мен оқ-қора тасвирни чизмоқчи эмасман – санкциялар, шубҳасиз, ҳамма учун зиён, аммо айни пайтда европаликлар учун зарари кўпроқ», деди Усмонов.

Мавзуга оид