Жаҳон | 10:06 / 23.08.2024
1919
2 дақиқада ўқилади

Исландиянинг жануби-ғарбий қисмида яна вулқон отилди

Отилишдан олдин 4 магнитудали зилзила содир бўлган. Исландия метеорология бошқармаси хабар беришича, лава отилиши давом этаётган ёриқ узунлиги 3,9 километрни ташкил этади.

Фото: AP

Исландия жануби-ғарбидаги Рейкянес яриморолида 22 август, пайшанба куни яна бир вулқон отилиши содир бўлди. Бу сўнгги тўққиз ой ичида олтинчи бўлди, дея аниқлик киритмоқда AFP. Отилишдан олдин 4 магнитудали зилзила содир бўлган. Исландия метеорология идораси ҳисоб-китобларига кўра, лава отилиши давом этаётган ёриқнинг умумий узунлиги 3,9 километрни ташкил қилади.

Бу отилиш оролдаги Гриндавик балиқчилар қишлоғига қанчалик янги хавф туғдириши ҳозирча аниқ эмас. Эҳтиёткорлик мақсадида аҳоли эвакуация қилинди, деб хабар берди маҳаллий ўт ўчириш бошқармаси. Олдинги отилишлардаги лава оқимлари 4000 га яқин одам яшайдиган Гриндавик чеккасига етиб борган.

Рейкянес яриморолидаги охирги вулқон отилиши икки ой олдин қайд этилган ва уч ҳафтадан кўпроқ давом этган. Ҳаммаси бўлиб Исландияда 30 дан ортиқ фаол вулқон тизимлари мавжуд бўлиб, бу Европадаги энг катта рақамдир. У Ўрта Атлантика тизмаси бўйлаб жойлашган ва океан тубидаги тоғ тизими Евросиё ҳамда Шимолий Америка тектоник плиталарини ажратиб туради. Янги отилишлар фонида вулканологлар минтақада сейсмик фаолликнинг янги даври бошланганини эълон қилмоқдалар.

Мавзуга оид