Жаҳон | 13:54 / 23.08.2024
4732
3 дақиқада ўқилади

Курск ва Курчатовда темир-бетон бошпаналар ўрнатилмоқда

Курскда 60 та, Железногорскда эса 10 та отишмалардан ҳимояланиш учун темир-бетон бошпана ўрнатилади. Курск атом электр станцияси жойлашган Курчатовдаги бошпаналарнинг сони яқин орада аниқлаштирилади, деди Россия минтақаси раҳбари.

Фото: Anatoliy Zhdanov/REUTERS

Украина қуролли кучларининг Курск вилоятида давом этаётган ҳарбий амалиёти фонида Курскда, шунингдек, Курчатов ва Железногорскда темир-бетон бошпаналарни ўрнатиш бошланди. Бу қарор тезкор штаб томонидан қабул қилинди, деди Курск вилояти муваққат губернатори Алексей Смирнов.

«Менинг топшириғимга кўра, Курск шаҳри маъмурияти бетон модулли бошпаналарни жойлаштиришнинг асосий нуқталарини аниқлади - биз вилоят марказидаги 60 та асосий тўхташ павилионларини темир-бетон бошпаналар билан жиҳозлашни режалаштирмоқдамиз», деб ёзади у.

Смирновнинг сўзларига кўра, Железногорскда 10 та темир-бетон бошпана ўрнатилади. Украина билан чегарадан 65 км узоқликда, Курск атом электр станцияси жойлашган Курчатовда ҳам бошпаналар ўрнатилади, уларнинг сони ва жойлашуви яқин орада аниқлаштирилади, дея қўшимча қилди губернатор вазифасини бажарувчи.

Украинанинг Курск вилоятидаги ҳарбий операцияси

Украина қуролли кучлари 6 августдан буён Курск вилоятида кенг кўламли ҳужум операциясини ўтказмоқда. 20 август куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский минтақадаги 1260 квадрат километрдан ортиқ ҳудуд ва 93 та аҳоли пункти Украина назоратида эканлигини маълум қилди. Сирскийнинг сўзларига кўра, украин тузилмалари Россия ҳудудига 28-35 километр чуқурликдан кириб борган.

Курск АЭС - Россиядаги энг йирик станциялардан бири. У тўртта энергия блокидан иборат бўлиб, улардан иккитаси Украина қуролли кучларининг минтақадаги фаол ҳаракатлари фонида ишлашда давом этмоқда. 8 август куни "Росатом" АЭС ҳудудида уриб туширилган ракеталарнинг бўлаклари топилганини эълон қилди. Украина ташқи ишлар вазирлиги Украина қуролли кучлари Курск атом электр станциясига ҳужум қилишни режалаштирмаётгани ва ҳужум қилишни хоҳламаслигини билдирди.

Аввалроқ россиялик ҳарбийлар Курск вилоятида хандақлар қазишни бошлагани, Россия Мудофаа вазирлиги минтақада бир неча ойлик жанглар кузатилишини истисно этмаётгани хабар қилинганди. Шу билан бирга, Россия қуролли кучлари «Белгород», «Курск» ва «Брянск» қўшинлари гуруҳларини тузмоқда.

Мавзуга оид