Жаҳон | 23:33 / 23.08.2024
5211
2 дақиқада ўқилади

Мексика элчининг баёноти сабаб АҚШга нота юборди

АҚШ элчисининг мамлакатда ўтказилаётган суд ислоҳотлари борасидаги танқидини Мексика томони мамлакат ички ишларига аралашув деб баҳоламоқда.

Фото: Reuters

Мексика АҚШ элчиси Кен Саласарнинг мамлакатда амалда оширилаётган суд ислоҳотлари борасидаги танқидларига нисбатан норозилик билдириб, дипломатик нота юборди. Ҳужжат матнини Мексика президенти Андрес Мануэл Лопес Обрадор ҳар куни ўтказиладиган матбуот анжумани доирасида тақдим этди.

«АҚШ элчисининг фақатгина Мексика ваколати остида бўлган ушбу масала бўйича позициясини билдирувчи баёноти Мексиканинг суверенитетига зид, қабул қилиб бўлмайдиган аралашувдир», — дейилади Америка элчихонасига йўлланган нотада.

Дипломатлар, шунингдек, Саласарнинг баёноти «ҳукуматлар ўртасидаги муносабатларни ифодаловчи ўзаро ҳурмат даражасини акс эттирмаслигини» қайд этди.

Ҳужжатда кўрсатилишича, мамлакатда ишга туширилган суд ислоҳоти ҳуқуқий давлатни мустаҳкамлашга қаратилган ва Мексика Конституциясига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда.

22 август куни АҚШнинг Мексикадаги элчиси судяларни тўғридан-тўғри сайлаш режасини танқид қилганди. Унинг фикрича, бу Мексика демократияси учун жиддий хавф туғдиради, чунки «картеллар ва бошқа ёвуз ниятли кимсалар ўз манфаатлари йўлида сиёсий ўсмоқчи бўлган ва тажрибасиз судялардан фойдаланиши мумкин».

Мексиканинг амалдаги президенти Андрес Мануэл Лопес Обрадор бўлажак президенти Клаудия Шейнбаум билан кенг кўламли суд ислоҳотини ўтказишга ҳаракат қилмоқда, парламентнинг янги таркиби уни сентябрда тасдиқлаши мумкин.

Ислоҳотларга кўра, Олий суд судяси лавозимига номзодни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, мамлакат штатларининг суд органлари ҳам ўз магистрат ва судяларини, шунингдек, мустақил маъмурий ва интизом органларини бевосита сайлаш қоидаларини ўрнатишлари керак.

Мавзуга оид