Ўзбекистон | 10:45 / 23.08.2024
3706
2 дақиқада ўқилади

“Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖга молиявий жарима қўлланди

Тендерда буюртмачи сифатида иштирок этган бу ташкилотнинг 2,8 млрд сўмдан ортиқ ўтган савдоларида рақобат қонунчилиги бузилгани аниқланган. Шу юзасидан иш қўзғатилиб, АЖга нисбатан молиявий жарима қўлланган, келгусидаги ҳаракатлари учун кўрсатмалар берилган.

Рақобат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси 2024 йил давлат харидлари соҳасидаги ўрганиш натижаларининг бир қисми билан бўлишди.

Унга кўра, “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ томонидан махсус ахборот порталлари орқали жами 2,8 млрд сўмдан ортиқ ўтказилган тендер савдолари бўйича қонунчилик бузилгани аниқланган.

Яъни буюртмачи ташкилот, “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖга “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилганлик ҳолати бўйича иш қўзғатилган ҳамда натижаси бўйича молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинган.

Қайд этилишича, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.

“Шунингдек, қонунбузилишга йўл қўйган мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун тегишли тартибда судга жўнатилди”, – дейилади расмий хабарда.

Аввалроқ қўмита “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ва “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖ Фарғона филиаллари сотилган чипталардан воситачилик йиғими қиймати бўйича истеъмолчилардан 1,3 млрд сўм ортиқча тўлов ундирганини аниқлаб, бу икки компанияни жаримага тортганди.

Мавзуга оид