Ўзбекистон | 21:25 / 25.08.2024
17202
3 дақиқада ўқилади

Хитой–Марказий Осиё муносабатлари. Нозик мавзуда сиёсатшунослар баҳси

Марказий Осиёга қўшни Хитой глобал қудрат марказига айлангани – минтақамиз учун катта иқтисодий имконият, шу билан бирга, ХХРнинг авторитар табиати жиддий сиёсий рискларни ҳам кун тартибига чиқаради. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури навбатдаги сонида МО–ХХР муносабатларининг нозик жиҳатлари таҳлил ва баҳс объектига айланди.

Экспертларнинг сўзларига кўра, Хитойнинг Марказий Осиёдаги манфаатлари – иқтисодий жиҳатдан, минтақанинг энергетик ресурслар манбайи экани, сиёсий жиҳатдан эса ўзига қўшни ҳудудда бошқа куч марказларининг таъсири ортиши, шунингдек, демократия қарор топишига қарши туришда намоён бўлади.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг тушунтиришича, демократия, яъни халқнинг иродаси ҳокимиятга чиқиши – Хитойнинг уйғурларга қўллаётган агрессив ассимиляция сиёсатига нисбатан Марказий Осиё ҳокимиятларининг бефарқлигини сусайтиради. Қолаверса, Хитой одамлар устидан мисли кўрилмаган миқёсда рақамли назорат ўрнатган ва буни экспорт қилаётган давлат, эркинлик ва инсон ҳуқуқлари устувор мамлакатларда жамиятлар бунга тоқат қилмайди.

Сиёсатшунос Хайрулла Умаровга кўра, Хитой Марказий Осиёга биринчи навбатда хавфсизлик нуқтайи назаридан қарайди. Уйғур сепаратизми мавжудлигидан келиб чиқиб, Марказий Осиёдан пантуркизм ғоялари кириб бориши мумкинлигини эътиборга олади ва минтақага ёндашувининг негизида мана шу масала туради.

ХХР Си Жинпинг 2013 йилда “Бир макон, бир йўл” лойиҳасини илгари сурди, Марказий Осиё бу лойиҳада Хитойни Европа билан боғловчи қуруқлик йўлининг марказида туради. Шу жиҳатдан, минтақамизнинг Хитой учун транспорт коридори сифатидаги ҳам аҳамияти юқори, дейди Умаров.

Марказий Осиёнинг Хитой бўйича манфаатларига келсак, бу иқтисодий омиллар билан боғлиқ. Тарих фанлари доктори, сиёсий фанлар номзоди Анвар Йўлдошевга кўра, Хитой – МО давлатлари учун инвестиция манбайи ҳисобланади. Европа Иттифоқидаги кўпгина давлатлар инвестиция киритаётганда турли демократик шартлар қўяди, Хитой эса бундай қилмайди, дейди эксперт.

Иқтисодчи Шуҳрат Расулнинг фикрича, Марказий Осиё халқларидаги синофобия кўп жиҳатдан мифларга асосланган. Минтақанинг бешала давлати билан умумий кўрсаткичларни олганда ҳам, Марказий Осиё – Хитойнинг асосий савдо ҳамкорлари қаторида эмас. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг умумий ташқи қарзлари орасида Хитойдан олинган қарзлар 10-15 фоизни ташкил этади, деди Шуҳрат Расул.

Камолиддин Раббимов ва Анвар Йўлдошев эса, реал сиёсий рисклар борлиги ва уларни инобатга олиш керак, деган фикрда. Суҳбат билан тўлиқ ҳолда видео орқали танишинг.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид