Дуров ҳибсда. Бу Телеграмга қандай таъсир қилиши мумкин?
Миллиардга яқин фойдаланувчига эга Телеграм мессенжери асосчиси Павел Дуровнинг Париж аэропортида қўлга олиниши кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқарди. Бу мессенжернинг Ўзбекистон учун аҳамияти жуда катта. Шундан келиб чиқиб, Kun.uz мавзу юзасидан айрим саволларга киберхавфсизлик бўйича мутахассис Анвар Нарзуллаевдан жавоб олди.
24 август куни Телеграм асосчиси Павел Дуров Париждаги аэропортда қўлга олинди. ОАВ маълумотларига кўра, ҳибсга сабаб сифатида Телеграм мессенжерида модерация йўқлиги ва Дуров Франция кучишлатар тузилмалари билан ҳамкорликдан бош тортгани кўрсатилмоқда. Телеграм Дуровнинг ҳибсга олиниши юзасидан баёнот бериб, мессенжер Европа Иттифоқи қонунларига амал қилиши, ундаги ҳуқуқбузарликлар учун платформа эгасининг жавобгарлигини даъво қилиш бемаънилик эканини маълум қилди.
Дунё бўйлаб қарийб бир миллиард фойдаланувчига эга Телеграм кун сайин муҳим маълумотлар манбаи ва кучли мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Хусусан, Телеграм Россия, Украина урушида расмийлар учун ҳам, медиа учун асосий маълумот манбаига айланди. Биламиз, Ўзбекистонда ҳам ушбу мессенжер жуда машҳур ва миллионлаб юртдошларимиз, давлат органлари ва ташкилотлари ундан фойдаланади. Бугунги онлайн меҳмонимиз – киберхавфсизлик бўйича мутахассис, Mohirdev платформаси асосчиси Анвар Нарзуллаев мессенжер ва унинг тақдири борасида айрим фикрларни билдириб ўтди.
– Дуров ҳибсга олинишида асосий сабаб сифатида мессенжерда модерациянинг йўқлиги айтилмоқда. Қарийб миллиардга яқинлашиб қолган фойдаланувчилари бор, миллион гигабайтлаб маълумотлар алмашадиган платформани модерация қилишнинг имкони борми ўзи?
– Модерация қилишнинг имкони бор, лекин бу пул ва ресурсларга бориб тақалади. Деярли барча катта ижтимоий тармоқларда бу йўлга қўйилган. Бу Facebook, Instagram, ёки Google'нинг қандайдир сайтлари бўлишидан қатъи назар, тизим йўлга қўйилган. Facebook компанияси модерацияни учинчи компанияларга топширган, чунки Meta маҳсулотларининг аудиторияси жуда катта, турли тилларда олиб борилади. Шу тилларда маҳаллий бошқа компаниялар ўз тилидаги постлар бўйича модерацияни олиб боради. Масалан, агар Meta модерацияни Ўзбекистонда амалга оширишни хоҳлашса, ўзбек компаниясини ишга олишлари ҳам мумкин. Шунингдек, Телеграм хоҳласа буни жиддийроқ амалга ошириши мумкин. Юқоридаги айтганимдек, бу ресурсларга боғлиқ. Бундан ташқари, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида ҳам ҳозир модерация қилиш имкониятлари бор.
– Яна бир айблов, Дуров Франция кучишлатар тузилмалари билан ҳамкорлик қилмагани сифатида кўрилмоқда. Умуман ўзи бошқа машҳур мессенжерлар ёки ижтимоий тармоқлар ҳукуматлар билан қанчалик ҳамкорлик қилади?
– Деярли барча катта IТ компаниялар, ижтимоий тармоқлар ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилади. Замонавий дунёда бусиз иложи йўқ. Ҳаттоки йилнинг охирида статистик маълумотларни ҳам эълон қилишади. Биргина Facebook компанияси мисолида кўрадиган бўлсак, ўтган йилнинг ўзида ҳукуматлар томонидан 500 мингдан ортиқ аккаунтларнинг маълумотлари сўралган. Компания уларнинг 80 фоизини қаноатлантирган. Яъни Facebook ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ёки ҳукуматларга 500 мингдан ортиқ Facebook фойдаланувчиларининг маълумотларини тақдим этган. Google, Apple сингари компаниялар ҳам бундай статистикаларни чиқаришади. Айнан молиявий, қурилмалар ҳақида маълумотлар, телефонларни очиб бериш, аккаунтларга кириш сўралган бўлиши мумкин. Хуллас деярли барча компаниялар агар фаолият юритишни хоҳласа, ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилишга мажбур.
2019 йилда Россия Телеграм мессенжери учун тақиқ қўйилди ва яна фаолият юритишига рухсат берилди. Ўшанда шундай турли миш-мишлар тарқалган эди, Дуров Телеграмни қайта йўлга қўйиш учун Россия ҳукумати билан ҳамкорлик қилган, деган маънода. Бу қанчалар ҳақиқатга яқин, буниси бизга қоронғи. Чунки буни ҳеч ким очиқламади. Аммо Дуровга ҳам бу масалада жуда кўп босимлар бўлган. Малайзия ҳукумати ва бошқа дунё ҳукуматлари ҳам Телеграм маълумотларни очиқлашини, модерация қилишини сўраб келишган.
– Биласиз, Ўзбекистонда жуда кўплаб ахборот алмашинувлари, бизнеслар ёки маиший ҳолатларда одамлар Телеграмга жуда боғланиб қолган. Охирги расмий маълумотларда 20 миллиондан ортиқ фойдаланувчилар борлиги айтилган эди. Шу сабабли кўпчиликни энди нима бўлади, Телеграм серверлари ўчиб ёки узилиб қолса, ёки қайсидир давлатлар маълумотларга эга чиқса, деган саволлар қийнаяпти. Телеграмнинг ўчиб қолиши ёки серверларда муаммо чиқиши қанчалик ҳақиқатга яқин?
– Миллиардлаб фойдаланувчилари мавжуд бўлган бу компаниянинг ўчириб қўйилиши ёки сервердан узиб қўйилиши анча қийин масала. Компаниянинг юридик ишлари анча пухта қилинган, албатта. Аммо ҳукуматлар буни ёпишга ёки хизматини секинлаштиришга уринса, бунинг уддасидан чиқиши мумкин. Лекин Телеграм компанияси ҳам бундай қилинмаслиги учун турли бошқа чораларни кўриб қўйган деб ўйлайман. Унинг серверлари бутун дунё бўйлаб тарқалган бўлиши мумкин. Турли проксилар орқали киришни амалга ошириши ҳам мумкин. Чунки Россияда Телеграм блокланганда ҳам фойдаланувчиларга тизимга кириш учун имконият яратиб берилган. Аммо Франция ҳукумати блоклаш чорасини қўлламоқчи бўлса, тизим секин ишлаши мумкин. Дуров ва унинг жамоаси бунинг юридик ва техник томонларини пухта ташкил этган деб ўйлайман.
– Россиядаги Телеграм ва Youtube'ни блоклаш ортидан яқинда Ўзбекистонда ҳам бир неча марта бу платформалар фаолиятида узилишлар юзага келди. Сўнгги бўлаётган воқеалар ҳеч қайси тизим доимий ва ишончли эмасдек тасаввур уйғотяпти. Бундай ҳолларда фаолияти медиа бизнеси билан боғлиқ шахслар ёки ташкилотлар нима қилиши керак, бошқа мессенжерлардан захира қилиш керакми ёки сайтларга урғу бериш керакми? Хавфсизлик маълумотларини сақлаши борасида қандай тавсияларингиз бор?
– Телеграм авваллари мессенжер бўлган бўлса, ҳозирги кунда ижтимоий тармоққа айланиб бормоқда. Тобора у мукаммал дастурга айланмоқда. Баъзилар турли файлларни ва ҳужжатларни ушбу мессенжерда алмашмоқда ва бу яхши иш эмас. Чунки ҳар бир дастурнинг ўз вазифаси бор. Агар турли хил ҳужжатларни сақлаётган бўлсангиз, буни тўхтатинг, чунки бунинг ўз хавфлари мавжуд. Телеграмдан коммуникация учун фойдаланишингиз мумкин. Шунингдек Ўзбекистонда кўплаб ташкилотлар, баъзида давлат органлари ҳам ҳужжатлар алмашинувини Телеграм орқали амалга оширади. Лекин ундай бўлмаслиги керак, ҳужжатларни сақлаш учун махсус дастур, юбориш учун бошқа дастур каби ҳамма ишни шунга мўлжалланган платформада қилиш керак. Бунда, албатта, қўшимча ресурслардан захира сифатида фойдаланиш керак.
Агар фақатгина Телеграмдан фойдаланаётган бўлса, ўтган йили Россияда Instagram блокланганидек, кўплаб инфлуенсерлар ёки мутахассислар ишсиз қолиши мумкин. Бу борада менинг тавсиям, муқобил хизматларни ўзимиз ишлаб чиқишимиз керак. Бундан ташқари, аудиториямиз, мулоқот қиладиган одамларимиз учун турли хил бошқа муқобил платформаларда ҳам алоқа ўрнатиб қўйиш керак.
Мавзуга оид
18:26 / 23.12.2024
Telegram 2024 йилда 1 миллиард доллар даромад қилди
20:54 / 12.12.2024
Telegram 2024 йилда 15 миллиондан зиёд канал ва гуруҳларни блоклади
21:19 / 09.12.2024
Украина расмийлари Telegram иловасидан фойдаланишни камайтирди – ОАВ
20:04 / 26.11.2024