Ўзбекистон | 13:10 / 26.08.2024
3319
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд халқаро технология университетининг 74 нафар талабаларига грант берилди

Талабалардан 71 нафари таълимни тўлиқ грант асосида олади, 3 нафари эса тўлов-контракт шаклида 25 фоиздан 50 фоизгача чегирмага эга бўлди.

Фото: Самарқанд халқаро технология университети

Ушбу грантлар SIUT Васийлик кенгаши раиси Бахтиёр Фазилов томонидан университетнинг биринчи курс талабаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис қилинган бўлиб, кириш имтиҳонларида энг яхши натижага эришган, шунингдек, 1200 баллдан юқори САТ сертификатига ёки IELTS 8.0 ва ундан юқори баллга эга бўлган талабаларга тақдим этилди. ERIELL компаниялари гуруҳи ходимларининг фарзандлари ҳам грант асосида таълим олиш имконига эга бўлдилар.

Шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлари бўлган талабаларга тўлиқ грант асосида ўқиш имконияти, ота-онаси I ва II гуруҳ ногирони бўлган талабалар учун эса 50 фоиз чегирма берилди. Бир оиладан икки ёки ундан ортиқ талаба ўқишга қабул қилинган ҳолатда уларга 25 фоизли чегирма тақдим этилди.

Бундан ташқари, 2024-2025 ўқув йили учун университетда учта таълим йўналиши бўйича давлат грантлари ажратилди. Жумладан, Energy and Power Engineering йўналишига 10 та, Petroleum Engineering йўналишига 10 та ва Mining йўналишига 15 та грант ажратилган. Университетда тўғридан-тўғри ўқув жараёнида бепул таълим олиш учун махсус грант дастури ҳам мавжуд.