Ўзбекистон | 15:27 / 28.08.2024
7868
2 дақиқада ўқилади

Актам Хаитов: Солиқ қўмитаси бизнесга ортиқча тўсиқ яратган таклифни муҳокамаларсиз жорий қилди

27 октябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга навбатдаги сайловлар бўлиб ўтади. Унда иштирок этаётган партиялар сайловолди кампанияси доирасида асосий мақсадлари ва ғоялари тўғрисида фикр билдира бошлади.

Фото: Ўзбекистон Либерал-демократик партияси

Жумладан, асосий электорати тадбиркорлар бўлган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раиси Актам Хаитов Ҳукумат фаолиятига баҳо берар экан, Солиқ қўмитаси фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

“Солиқ кодексининг 221-моддасига кўра, касса чекини бермаганлик ва терминал орқали тўловларни қабул қилишни рад этганлик учун 5 миллион сўм миқдорида жарима белгиланган. Бунда тадбиркорнинг тоифаси (микро, кичик, ўрта, йирик), сотиб олинган маҳсулотнинг қиймати, кунлик товарайланма ҳажми ҳисобга олинмаган. Масалан, чекка ҳудуддаги кичик савдо дўконига ҳам, катта савдо тармоғига ҳам бир хилда жарима қўлланилмоқда. Солиқ қўмитаси томонидан ушбу масала бўйича бирон-бир таклиф билдирилмади.

Яна бир масала. Солиқ қўмитаси рақамлаштириш баҳонасида бизнесга ортиқча тўсиқ яратган таклифни муҳокамаларсиз жорий қилди. Энди, ҳеч нарса бўлмаганидек “E-aktiv” дастуридан осонгина воз кечилди. Унгача қанча тадбиркорлар қийналди. Нега Қўмита ташаббусни чуқур ўйламасдан илгари суради? Қўмита нотўғрилигини тан олиб, хулоса чиқариши керак.” – дея таъкидлади партия лидери.

Шунингдек, Хаитов тадбиркорлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда барча тадбиркорларга “яхши таниш” бўлган Солиқ кодексининг 2271-моддасига алоҳида тўхталиб ўтди.

“Айтишим керакки, Солиқ кодексининг мазкур моддасида белгиланган молиявий жарима миқдори тадбиркорларимиз ҳафсаласини пир қилган эди. Жариманинг ҳаддан ташқари юқори эканлиги уларнинг эътирозларига сабаб бўлганди. Шундан сўнг партия ташаббуси билан мазкур модда қайта кўриб чиқилди. Тадбиркорлар билан ўтказилган муҳокамалардан сўнг Солиқ кодексининг ушбу моддасида кўзда тутилган жарима миқдори ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 100 фоизидан 2 фоизга туширилди”.

Ҳаитов партия биргина шу ташаббуси билан банкротлик ёқасидаги ўн минглаб тадбиркорларни жонига оро кирганлигини билдирди.

Мавзуга оид