Жаҳон | 09:00 / 28.08.2024
7084
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага Америка қуроллари билан Россия ҳудудларига зарба йўллашга рухсат бермаяпти

Қўшма Штатлар ҳали ҳам Украина қуролли кучларига Америка қуролларини Россиянинг ичкари қисмига отишга рухсат бермайди, дея маълум қилди Пентагон. Украина АҚШдан олинган қуроллардан ўзини ҳимоя қилиш ва жавобан ўт очиш учун фойдаланиши мумкинлиги таъкидланди.

Фото: Devin Klecan

Қўшма Штатлар ҳали ҳам Украина қуролли кучларига Россия ҳудудида чуқур жойлашган нишонларга Америка қуроллари билан зарбалар беришга рухсат бермайди. Бу ҳақда 27 август, сешанба куни бўлиб ўтган матбуот брифингида Пентагон вакили, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари генерал-майори Пэт Райдер маълум қилди.

«Украиналиклар хориждан ҳужумлардан ўзини ҳимоя қилиш учун Америка ёрдамидан фойдаланиши мумкин, бошқача айтганда, Россия ҳудудига чуқур зарба беришга келсак, бизнинг сиёсатимиз ўзгармади», деди Райдер журналистнинг саволига.

Politico нашрининг ёзишича, Украина расмийлари АҚШ раҳбариятига Россия ҳудудидаги Украина қуролли кучлари узоқ масофали Америка қуроллари билан зарба бериши мумкин бўлган нишонлар рўйхатини тақдим қилмоқчи. Шундай қилиб, Киев Вашингтонни тақиқни бекор қилишга ишонтириш учун «сўнгги уриниш»ни амалга оширмоқчи, деб ёзади нашр.

Аввалроқ Вашингтон Лондоннинг ташаббусига тўсқинлик қилаётгани, у эса Украинага Россия Федерациясининг халқаро миқёсда тан олинган ҳудудига узоқ масофали Storm Shadow ракеталари билан зарба бериш имконини тақдим этаётгани хабар қилинганди. 

Зеленский Россиянинг Украинага кенг кўламли зарбаси фонида АҚШни тақиқни олиб ташлашга чақирди

26 августга ўтар кечаси ва ўша куни эрталаб Россия Украинага йирик ҳужум уюштирди, мамлакатнинг 15 та ҳудудига юздан ортиқ ракета ва юзга яқин ҳужумчи учувчисиз учоқлар учирилди. Украина ҳаво кучлари уларнинг аксариятини уриб туширганини маълум қилди. Бироқ Россия ҳужуми натижасида ўнлаб инфратузилма объектлари зарар кўрди, қурбонлар ва ярадорлар бор.

Шундан сўнг Украина президенти Володимир Зеленский яна бир бор Ғарб давлатларини ўз мамлакатига қурол-яроғ етказиб беришга қўйилган чекловларни, шунингдек, Ғарб қуролларининг Россия ҳудудига ҳужум қилишига қўйилган тақиқни бекор қилишга чақирди. Афтидан, бу масалалар Киев талаби билан чақириладиган Украина-НАТО кенгашининг фавқулодда йиғилишида кўтарилади. 

Тақиқни бекор қилиш тарафдорлари овозлари Европада ҳам эшитилмоқда. Шу тариқа, Германия социал-демократик партияси (ГСДП) эксперти Майкл Рот Politico нашрига берган интервюсида Россия «Европа Иттифоқига янги миграция оқимларини йўлга қўйиш учун Украинадаги одамларнинг ҳаётини чидаб бўлмас ҳолга келтирмоқчи» деган фикрни билдирди. Шу муносабат билан у АҚШни Россия бомбардимончи самолётлари учадиган аэродромларга узоқ масофали ракета ҳужумларига рухсат беришга чақирди. 

Мавзуга оид