Жаҳон | 13:43 / 28.08.2024
4313
8 дақиқада ўқилади

Ғазода яна журналистларга ҳужум, Курскда майдонни кенгайтираётган Украина ва Судандаги ҳалокатли сув тошқинлари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазода инсонларнинг кун кечириши тобора мураккаблашиб бормоқда. Минглаб фаластинликлар сув учун навбатга туришга мажбур бўлмоқда.

Халқаро стандартларга кўра, фавқулодда ҳолатларда ҳар бир инсонга кунига 15 литр сув зарур бўлади, Ғазо аҳолиси эса кунига ўртача 4,7 литр сувдан умид қила олмоқда холос. Боз устига, шугина сув учун ҳам улар узундан узоқ навбатларда, Исроил армияси зарбалари остида кутишга мажбур.

Исроилнинг зулми туфайли коммунал хизматларнинг иши фалажланган. Хон Юнус шаҳрининг соҳилга яқин зонасида йиғилиб қолган чиқинди бу ердан қўним топган кўчирилган фаластинликларнинг соғлиғи ва ҳаёти учун таҳдидга айланмоқда. Антисанитария шароитлари эпидемия ўчоғига айланиб кетиши мумкин. Шунингдек, қўланса ҳид, пашша ва кемирувчилар кўпайишига олиб келмоқда.

Исроил Хон Юнусдаги TRT Arabi телеканали журналистлари иш олиб бораётган жойга қарата зарба берган. TRT Arabi телеканали оператори Муҳаммад аз-Зиёнин ва унинг ёрдамчиси Муҳаммад Каража ҳужум натижасида яраланган. Исроил аскарлари ОАВ ходимлари палаткаси олдида, алоҳида белгилари бўлган машинага қарата зарба бергани айтилмоқда.

Шунингдек, Исроил армияси Нусайрат қочқинлар лагерига қарата зарба берган.

Ғазонинг марказида жойлашган уйлардан бирига қарата берилган зарба натижасида эса камида 5 нафар тинч аҳоли вакиллари, жумладан ёш болалар ўлдирилгани айтилмоқда.

7 октябрдан буён ҳалок бўлган фаластинликлар сони 40 минг 476 нафарга етган. Ярадорлар 93 минг 647 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги икки кун давомида Исроил ҳужумлари натижасида 41 нафар фаластинлик қурбон бўлган, 113 киши яраланган.

Ғазо бўйича музокаралар

Ғазода тинчлик ўрнатилиши бўйича музокаралар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишмовчиликлар билан чуқурлашиб бормоқда.

Исроилнинг 11 ойдирки тиним билмаётган ҳужумлари боис Ғазодаги вайронкор ҳуманитар кризис ва ҳалок бўлганларнинг сони тобора ошиб бораётгани фонида 16 августдан буён ўт очишни тўхтатишнинг «оралиқ таклифи» бўйича музокараларнинг янги босқичи бошланган.

Янги таклиф Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралардаги бўшлиқларни йўқотиш ёки тартибга солишга қаратилган.

АҚШ, Миср ва Қатар, шунингдек, Исроил томонидан қувватланган таклиф ҲАМАС томонидан рад этилди. Фаластин ҳаракати буни Тел-Авивнинг эксклавда геноцидли урушни давом эттиришга уриниши, деб баҳолади.

ҲАМАС Исроилнинг барча қўшинлари Ғазодан олиб чиқилиши, минглаб фаластинлик маҳбуслар озод қилиниши, Ғазони тиклаш ва қамални тўхтатиш ҳамда ўт очишни доимий бас қилишни талаб қилиб келмоқда.

Бироқ Исроил Ғазони ҳарбий назорат қилиш, эксклавни Филаделфия ва Нецарим йўлакларида ҳарбийларнинг жойлаштириш билан Мисрдан узиб қўйишни истамоқда.

Яна бир берк кўчага кириб қолган ҳолат фаластинликларнинг қайтиши билан боғлиқ. Исроил барча фаластинликларнинг қуроли бор-йўқлигини текшириш ва назорат қилишни талаб қилмоқда, ҲАМАС эса уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашни истамоқда.

Россияда одимлаётган Украина

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский Курск областида 100 та аҳоли пункти украинларнинг назоратига ўтганини маълум қилди.

Украина армияси Курск областининг 1294 км квадрат майдонини эгаллаган.

«Бугунги кунга келиб биз 1294 км квадрат майдонни эгалладик, бу ерда 100 та аҳоли пункти жойлашган», — деган Сирский.

Унинг сўзларига кўра, бугунга келиб Курск йўналишида Россия қуролли кучларининг 600 га яқин аскарлари асир олинган.

Сирскийнинг қўшимча қилишича, 30 мингга яқин россиялик ҳарбийлар Курск йўналишига кўчирилган. Россия томони бошқа йўналишлардан қисмларни Курскка кўчиришга ҳаракат қилмоқда, бироқ Покровск йўналишида, аксинча, ўз ҳужумларини кучайтирмоқда.

27 август куни Белгород областида ҳам украин қўшинлари билан тўқнашув бўлган. Украинанинг 60 га яқин аскари зирҳли машиналарда Нехотеевка қишлоғи орқали чегарани ёриб ўтишга ҳаракат қилган.

Манбалар турлича ахборот тарқатмоқда. Shot Telegram каналининг таъкидлашича, артиллерия ва авиация воситасида ҳужумнинг олди олинган. Белгород области губернатори Вячеслав Гладков ҳам чегарани кесиб ўтишга уриниш бўлганини тан олган.

Украинанинг тўрт бандли режаси

Украина президенти Володимир Зеленскийга кўра, Россияга қарши урушда ғалаба қозониш учун тўрт банддан иборат режа тайёрланган. Улардан бири Украина қуролли кучларининг Курск областидаги ҳужумидир. Мазкур режа Вашингтонга етказилади.

Украина қуролли кучларининг Россия ҳудудида илгарилаши Украина ўтказмоқчи бўлган Россия вакиллари иштирокидаги тинчлик саммити билан ҳам боғлиқ, деди Зеленский.

Унинг фикрича, «Курск операцияси» муваффақиятли чиққан, чунки руслар Харкив областини босиб олишни тўхтатган. Шунингдек, Украина шимолидаги Черниҳив ва Суми областларида кутилаётган, украин ва хорижий разведка хизматлари огоҳлантирган Россия ҳужумининг олди олинган. Бундан ташқари, Украина қуролли кучларининг ҳужуми давомида Россия қўшинлари катта қисми мағлубиятга учради, Россия аскарларининг бир қисми Харкив ва Запорижжя йўналишларидан олиб чиқилган.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина ғалаба режасининг иккинчи нуқтаси унинг жаҳон хавфсизлик инфратузилмасидаги стратегик ўрнидир.

«Учинчи йўналиш — бу Россияни урушни дипломатик йўл билан тугатишга мажбурлашнинг кучли пакети, тўртинчиси иқтисодий», — деди у.

Тўртта банддан иборат режа биринчи навбатда президент Жо Байденга кўрсатилади. Кейин эса вице-президент Камала Ҳаррис ва республикачи номзод Доналд Трампга етказилади.

Зарбага изн бермаётган АҚШ

АҚШ ҳали ҳам Украина қуролли кучларига Америка қуролларини Россиянинг ичкари қисмига отишга рухсат бермайди, дея маълум қилди Пентагон. Украина АҚШдан олинган қуроллардан ўзини ҳимоя қилиш ва жавобан ўт очиш учун фойдаланиши мумкинлиги таъкидланди.

Бу ҳақда 27 август, сешанба куни бўлиб ўтган матбуот брифингида Пентагон вакили, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари генерал-майори Пэт Райдер маълум қилди.

«Украиналиклар хориждан ҳужумлардан ўзини ҳимоя қилиш учун Америка ёрдамидан фойдаланиши мумкин, бошқача айтганда, Россия ҳудудига чуқур зарба бериш масаласига келсак, бизнинг сиёсатимиз ўзгармади», — деди Райдер журналистнинг саволига.

Politico нашрининг ёзишича, Украина расмийлари АҚШ раҳбариятига Россия ҳудудидаги Украина қуролли кучлари узоқ масофани мўлжалга олувчи Америка қуроллари билан зарба бериши мумкин бўлган нишонлар рўйхатини тақдим қилмоқчи. Шундай қилиб, Киев Вашингтонни тақиқни бекор қилишга ишонтириш учун «сўнгги уриниш»ни амалга оширмоқчи, деб ёзади нашр.

Бангладеш ва Судандаги сув тошқинлари

Бангладешда рўй бераётган тинимсиз ёмғир туфайли содир бўлган сув тошқинлари ва ер кўчиши қурбонлари 27 кишига етган. Яна икки киши бедарак йўқолганлар рўйхатида.

Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш ва ёрдам бериш вазирининг маслаҳатчиси Али Розга кўра, мамлакатдаги тинимсиз ёмғирлар оқибатида 5,6 киши зиён кўрган.

Уруш, очарчилик ва эпидемиядан жабр чекаётган Судан устига ҳам табиий офат ёпирилган. Бу ерда июн ойидан буён давом этаётган кучли ёмғирлар ҳамда сув тошқинлари қурбонлари 138 кишига етган.

«31 минг 666 оила ёки 129 минг 650 киши зиён кўрган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

Қайд қилинишича, 12 минг 420 та уй тўлиқ вайрон бўлган.

Бундан ташқари, вазирлик вабо билан касалланиш ҳам ортганини маълум қилмоқда. Ҳозирча 1223 кишида бу юқумли касаллик аниқланган.

Ёмғир шундоқ ҳам очарчиликдан қийналаётган Суданда қишлоқ хўжалиги экинларининг нобуд бўлишига ҳам сабабчи бўлган.

Мавзуга оид