Жаҳон | 00:27 / 28.08.2024
3409
2 дақиқада ўқилади

Венгрия ЕИга кирмоқчи бўлаётган мигрантларни Брюсселга юборишга тайёрлигини маълум қилди

Июн ойида Венгрия мигрантларга бошпана бермаётгани учун 200 млн евро миқдорида жаримага тортилган эди. 

Фото: AP

Венгрия Европа Иттифоқига кириш илинжида бошпана сўраётган мигрантларга бепул чипта олиб бериб, уларни Брюсселга юборишга тайёр. Бош вазир администрацияси раҳбари мамлакатга солинган жарималарга жавобан шундай йўл тутиш таклифини билдирди.

Будапештда ўтказилган матбуот анжуманида сўзга чиққан администрация раҳбари Гергей Гуйяш Европа судининг июн ойида Венгрияга нисбатан 200 миллион евро жарима қўллаш борасидаги қарорини танқид қилди. Мамлакат ЕИнинг бошпана тақдим этиш борасидаги қоидаларини мунтазам бузиб келган. Шунингдек, Венгрия ўз сиёсатини Евроиттифоқ қонунчилигига мосламаган ҳар бир куни учун қўшимча 1 миллион евродан жарима тўлайди.

Гуйяшнинг айтишича, ЕИ Венгрияга «мигрантларни чегарада тутиб туриш имконини бермайдиган» қоидаларни жорий этишдан тўхтамаса, унинг мамлакати ҳар бир мигрантнинг «Брюсселга қадар бепул транспортда» етиб олишини таъминлайди.

Венгрия ҳукумати Суриядаги можаролар оқибатида 2015 йилда Европа давлатларига 1 миллиондан ортиқ муҳожир кириб келганидан кейин миграция борасидаги позициясини ўзгартирди. Мамлакат Сербия ва Хорватия билан чегарага тиконли симлар ўрнатди, шунингдек, Сербия билан чегарада бошпана сўраб мурожаат қилганлар учун иккита транзит зона қурди.

Европа Иттифоқи эса Венгриянинг бошпана бериш борасидаги қаттиқ сиёсатидан норози бўлиб, суддан Будапештни жаримага тортишни сўради. 

Мавзуга оид