Жаҳон | 14:26 / 28.08.2024
4600
3 дақиқада ўқилади

WSJ: Франция ва БАА 2017 йилда Павел Дуровнинг телефонини бузиб кирган

Франция ва БАА махсус хизматлари 2017 йилда Purple Music операциясини амалга оширди. Шундан бир йил ўтиб Франция президенти Макрон Дуровга Telegram бош офисини Парижга кўчиришни таклиф қилди, аммо у рад жавобини берди.

Фото: durov / Instagram

Франция ва БАА махсус хизматлари Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуровнинг iPhone’ини 2017 йилда бузиб кирган, деб хабар берди Американинг The Wall Street Journal (WSJ) газетаси 28 август, чоршанба куни манбаларга таяниб. 

Нашр суҳбатдошларига кўра, Telegram’га бузиб кириш махсус хизматларнинг узоқ муддатли вазифаси бўлган, чунки Франция расмийлари мессенжердан шубҳаланиб, ИШИД гуруҳи ундан жангариларни ёллаш ва террорчилик фаолиятини ташкил этишда фойдаланаётганидан ниҳоятда хавотирда эди. Жосуслик операцияси Purple Music шартли номини олди.

Макроннинг таклифи 

Бир йил ўтиб Франция президенти Эммануэл Макрон Павел Дуров билан қўшма тушлик пайтида унга Telegram бош офисини Парижга кўчиришни таклиф қилди, бироқ у рад жавобини берди. Ушбу учрашувнинг бориши билан таниш бўлган суҳбатдошларнинг WSJ’га айтишича, суҳбат мавзуларидан бири Дуровга Франция фуқаролигини ҳам бериш бўлган. 

Франция ҳам, БАА ҳам Павел Дуровга 2021 йилда фуқароликни берган. Ўша йили Форс кўрфази давлатлари платформага 75 миллион доллардан ортиқ сармоя киритди. Politico ёзишича, Макрон ва унинг атрофидагилар камида 2017 йилдан бери Telegram’дан фойдаланмоқда. 

Павел Дуровнинг ушланиши 

Павел Дуров 24 август куни кечқурун Париж аэропортида қўлга олинган. Икки кундан кейин Париж прокуратураси Дуров номаълум шахсларга қарши жиноий тергов доирасида 12 та жиноят, жумладан ваколатли органлар сўровига кўра маълумот беришни рад этиш, шунингдек, порнография, гиёҳванд моддалар ва ҳакерлик дастурларини тарқатишда иштирок этиш бўйича қўлга олинганини эълон қилди. Дуровнинг ишдаги мақоми номаълум. 

Дуровга яқин манбанинг сўзларига кўра, Telegram кўп йиллар давомида платформада ноқонуний контент тарқалиши олдини олиш учун расмийлар билан ҳамкорликни талаб қилувчи ҳуқуқ-тартибот идораларининг чақируви ва суд қарорларига эътибор бермаган. 

WSJ таъкидлаганидек, Дуровнинг қўлга олинишида Макрон билан учрашув ёки телефонни бузиш рол ўйнаганига ишора йўқ, бироқ бу тафсилотлар унинг Франция ва БАА билан муносабатларига ойдинлик киритади.

Мавзуга оид