Ўзбекистон | 19:06 / 29.08.2024
4285
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Республика онкология марказининг янги мажмуаси билан танишди

Президент марказда иш жараёнини рақамлаштириш, беморларга қулайликларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни Республика онкология марказининг янги мажмуаси билан танишди.

Қайд қилинишича, мажмуа 9 та бинодан иборат бўлиб, асосий бинолар 8 қаватли. 1-қаватда поликлиника ва ташхис ускуналари, 2-қаватда лаборатория, стационар, реанимация ва жарроҳлик хоналари, юқори қаватларда палаталар жойлашган. Ерости қисмида радиотерапия, ядро тиббиёти бўлими, хўжалик хоналари бор.

Аввалги шифохона 370 ўринли эди. Янги марказда 650 та стационар ва 80 та кундузги ўрин ташкил этилди. Шунингдек, бир кунда 500 нафар бемор амбулатор шароитда даволаниши мумкин.

Давлат раҳбари марказдаги қулайлик ва имкониятлар билан танишди.

- Биз таълим ва тиббиётга алоҳида эътибор бераяпмиз. Чунки одамлар билимли бўлиб, соғлом бўлса, ўз йўлини топади. Бу марказ ҳам шундай ишлардан бири. Бу лойиҳага 1,2 триллион сўм ажратиб, «нолдан» қурдик. Барча онкология шифохоналарини жиҳозлашга 80 миллион доллар йўналтирилди. Энди асосий вазифа - ходимларни ўқитиб олиш, самарали бошқарувни йўлга қўйиш, - деди Шавкат Мирзиёев.

Марказда Европа ва АҚШ стандартлари асосида ташкил этилган 17 та янги клиник бўлим, 18 та жарроҳлик хонаси, 42 та реанимация ва интенсив терапия хоналари ташкил этилган. Улар жаҳон тиббиётида қўлланаётган энг сўнгги техникалар билан жиҳозланди. Бундай замонавий техникаларни ишлатиш учун юзга яқин мутахассис 8 та хорижий давлатда малака ошириб қайтди.

Жарроҳлик бўлимида йилига 6 мингта юқори технологик операция ўтказиш имконияти бор. Жумладан, жуда долзарб бўлган суяк кўмиги трансплантацияси йўлга қўйилади. Янги ускуналар ёрдамида кўз, ҳалқум ва қизилўнгач қисми ўсмаларини кесмасдан олиб ташлаш мумкин. Қовуқ ўсмалари кам инвазив усулда бартараф этилади. Буларнинг самарасида беморлар тезроқ тузалиб, 3-5 кунда уйига қайтиши мумкин.

Нур билан даволаш учун илк бор ядровий тиббиёт бўлими ишга туширилмоқда. У 9 та бункердан иборат бўлиб, бирида тўхталишлар юз берган тақдирда ҳам бошқаларига ўтказилиши натижасида муолажа узлуксизлиги таъминланади. Чизиқли тезлаткичларда нур билан даволашнинг VMAT, SMAT каби янги усуллари татбиқ қилинади.

Амбулатор кимё терапия 72 нафар беморга мўлжалланган. Янги инфузомат ускуналари олиб келингани натижасида бу даво осонлашади ва тезлашади.

Президент марказда иш жараёнини рақамлаштириш, беморларга қулайликларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

- Энг асосий топшириқ - рақамлаштириш. Одамлар сарсон бўлмасин, навбатда туриб қийналмасин. Бу марказ фақат Тошкент учун эмас, уни ҳудудлардаги 15 та шифохона билан шундай боғлаш керакки, беморлар ўзининг келиш вақтини, докторини олдиндан билсин. Бунинг учун сунъий интеллектни кенгайтириб, инсон омилини камайтириш керак, - деди давлатимиз раҳбари.

Марказ ўзининг ҳудудлардаги филиаллари билан ягона электрон платформага уланади ва республикада «канцер-регистр» тизими ишга туширилади. Бунинг натижасида назоратда турган барча онкологик беморлар ҳақидаги маълумотлар яхлит кўриниб туради.

Мавзуга оид