Украина бош қўмондони Покровск яқинидаги «шиддатли жанглар» ҳақида хабар берди
Жанговар зонадаги энг қийин вазият ҳамон Покровск йўналишида, деди Александр Сирский. Унинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси «ҳаракатланиши ва ҳужум қилиши мумкин бўлган ҳамма нарсани жангга ташламоқда».
29 август, пайшанба куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Покровск йўналишидаги вазият ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, у ҳозир жанговар зонадаги энг қийин йўналишдир. «Энг шиддатли жанглар Гродовканинг шарқий чеккасида, Каменний ва Красний чизиғи бўйлаб, тўғридан тўғри Новогродовкада, пастда, Михайловканинг шарқий чеккасида, олд томонида кузатилмоқда. Селидоводаги жанглар ниҳоятда қаттиқ бўляпти, душман ҳаракатга келиши ва олдинга силжиши мумкин бўлган ҳамма нарсани жангга ташлаб, қўшинларимиз ҳимоясини ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда», — деб ёзди Сирский ўзининг Facebook саҳифасида.
Украина қуролли кучлари бош қўмондони бир неча кун кетма-кет ушбу йўналишда мудофаа ишларини олиб борувчи бригадаларда ишлаганини маълум қилди. «Штабда иш деярли кеча-ю кундуз давом этмоқда, биз мудофаани кучайтириш ва олдинга силжиган душманни йўқ қилиш учун ностандарт қарорлар қабул қилишимиз керак», деди Сирский. Унинг қўшимча қилишича, бундай шароитда фронтнинг энг қийин участкаларида қўшинлар мудофаасини кучайтириш, бригадаларни етарли миқдорда ўқ-дорилар ва бошқа воситалар билан таъминлаш асосий вазифадир.
Володимир Зеленский иккита «муҳим йиғилиш» ўтказди
29 август куни Украина президенти Володимир Зеленский ижтимоий тармоқларда эълон қилганидек, иккита «муҳим йиғилиш» ўтказди. Биринчиси, унинг сўзларига кўра, Александр Сирский ва Украина қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Анатолий Баргилевич иштирокида бўлиб ўтган ва фронтдаги вазият билан боғлиқ. «Ҳар бир йўналишда энг кўп эътибор бизнинг бригадалар ва аниқ мудофаа ҳаракатларига қаратилади», — деб ёзган Зеленский. Учрашувда Россиянинг Курск вилоятидаги операция ҳам муҳокама қилинди – Украина президентининг сўзларига кўра, амалиёт мақсадлари «амалга оширилмоқда».
«Иккинчи йиғилиш - бош қўмондон Сирский, "СБУ" бошлиғи Малюк, Бош разведка бошқармаси бошлиғи Буданов ва Стратегик саноат вазирлиги - Камишин. Йиғилишнинг барча тафсилотлари - ёпиқ. Украинанинг узоқ масофали кучларини янада кучайтиряпмиз», дея қўшимча қилди у.
Мавзуга оид
09:00
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга ишонтирмоқчи
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024