Ўзбекистон | 23:29 / 31.08.2024
9198
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги асосий 5 та йўналиш ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёвнинг сўзларига кўра, Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий эътибор 5 та устувор йўналишга қаратилмоқда. Булар: сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш, бизнесни ривожлантириш, коррупциядан холи, адолатли суд тизимини яратиш, соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан яхшилаш ва экологик барқарорликни таъминлаш.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий эътибор нималарга қаратилаётгани ҳақида гапирди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий эътибор бешта устувор йўналишга қаратилмоқда.

«Булар, аввало, сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш, бизнесни ривожлантириш, коррупциядан холи, адолатли суд тизимини яратиш, соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлашдан иборат.

Муаммоларимизнинг ечими, саволларимизнинг жавоби фақат ва фақат таълимда. Ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам – фақат ва фақат таълим ва тарбиядир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент шу сабабли мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича катта дастур қабул қилинганини таъкидлади.

«Мактабларимизда аввало она тили ва адабиётни чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарзандларимизга чет тилларидан сифатли таълим бериш мақсадида хорижий тил эгаларини олиб келмоқдамиз. Мактаб ўқувчилари жаҳондаги илғор тажрибалар асосида тайёрланган замонавий дарсликлар билан таъминланмоқда», — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев мамлакатда дунёдаги нуфузли олийгоҳларнинг филиалларини очиб, Ўзбекистонни йирик таълим марказига айлантириш мақсад қилинганини қайд этди. «Ёшларимиз етакчи хорижий университетларда таҳсил олиб, тажриба орттириб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилишга бел боғлаганлар. Бунинг учун уларга «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали янада қулай имкониятлар яратамиз. Айниқса, хотин-қизларнинг билим олишлари, касб эгаллашларига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим», — дейди президент.

Мавзуга оид