Фронтдаги вазият: Донбассда Украина мудофааси бир вақтдаги зарбаларга дош беролмаяпти
Шунга қарамай, Украина қуролли кучлари Курск областида юриш қилишга уринмоқда. Бу Украинани стратегик инқирозга олиб келиши мумкинми?
Россия қўшини Донбасснинг жанубий қисмида юришини давом эттирмоқда. Украина мудофааси (сон жиҳатдан РФ қуролли кучларидан озчилик шароитида) бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишларда қилинаётган ҳужумларга дош беролмаяти. Россиянинг Авдийивкадан Покровскка юриш қилаётган гуруҳи кутилмаганда йирик кучлар билан жанубга — Селидове шаҳри йўналишида зарба берди. Бу зарба Украина қуролли кучларининг шарқроқда — Карловка ҳудудидаги мудофаасида инқироз юзага келтирди, украин кучлари бу қишлоқни бир неча кун олдин бой берганди. Россия қўшини Марйинка ва Красноҳоривка томондан ҳам
Украина қуролли кучларининг Донбасс жанубидаги муҳим логистик тугуни — Курахово шаҳрига ҳужум қилмоқда. Бир вақтнинг ўзида РФ қуролли кучлари Вуҳледар ва Курахово оралиғида ҳам олдинга силжимоқда.
Яқин вақтлар ичида Украина учун ўта салбий стратегик оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ушбу инқирозга қарамай, Украина қуролли кучлари қўмондонлиги ўз захираларини Курск амалиётига жалб этишда давом этмоқда. Бу ерда украин қўшини Суджадан шимол ва ғарбга томон яна бир неча километрга илгарилашга муваффақ бўлган.
Курск йўналиши
Украина қуролли кучлари юриши суръатлари пасайган. Энди Мобил зирҳланган гуруҳлар билан қилинадиган ҳужумлар муваффақиятли чиқмаяпти — Россия захира кучларини олиб келгач Курск фронти тиғизлашган, зирҳли техникалар дронлар, танкка қарши ракеталар ва артиллерия зарбалари нишонига айланмоқда, украин бўлинмалари энди аввалгидек Россиянинг тарқоқ таянч пунктлари орасида эркин ҳаракатлана олмайди. Украина қуролли кучлари артиллерия, дронлар ва танклар кўмагидаги пиёдалар штурми тактикасига ўтишга мажбур бўлмоқда. 2023 йилда украинларнинг Запорижжя областидаги қарши ҳужумда, руслар эса 2024 йил қишида Авдийивка остонасидаги юришидаги тактикаси шундай ўзгаришга учраганди.
Украина қуролли кучлари бир неча тактик вазифаларни ҳал қилишга эришган: улар Суджа — Курск трассаси бўйидаги Мартиновка қишлоғини эгаллаган ва бу йўлдан шимол ва ғарб томон (Нечаев ва Нижная Паровая ҳудудларида) ҳамда шарққа (Пушкарная ҳудудида) юришини давом эттиришга ҳаракат қилмоқда. Бу юришдан мақсад — Болшое Солдатское райони марказини эгаллаш.
Шу билан бир вақтда, украин қўшини россияликларни Суджа — Лгов трассасидаги позицияларидан суриб ташлашга ҳаракат қилмоқда. Шу вақтгача украин қўшини бу йўлдаги Малая Локняни эгаллагани аниқ эмас, Украина қуролли кучларининг бу ҳудуддаги юриши август ойи бошидаёқ тўхтатилганди. Йўлга шарқ ва ғарбдан кириб келишга уринишлар муваффақиятга эришмаган.
Украина қуролли кучлари Коренево райони марказини штурм қилиб эгаллай олмади. Қўшни Олговка қишлоғи орқали шимолга ёриб киришга ҳаракат ҳам тўхтатилди, бу юришни бошлаш учун база бўлиб хизмат Олговканинг ўзининг бир қисми бой берилган. Украина қуролли кучлари Каучук посёлкасидаги вазиятини ҳам яхшилашга муваффақ бўлмаган, украинларнинг ҳаракати бу ерда икки ҳафта олдин тўхтатилганди.
Украина ҳарбийлари Кореневодан жанубда кичик ютуқларга эришган, бу ерда улар Снагост, Вишневка, Краснооктябрское қишлоқларини ўз назоратига олган. Бу қишлоқлардан учинчиси ҳудудида украин қўшини Сейм дарёси бўйига чиқиб борган, бу орқали Коренево ғарброқдаги бошқа район маркази — Глушководан узилиб қолган. Глушково районидаги кўприклар вайрон қилинган, аммо украинларнинг зарбаларига қарамай, Россия қўшини Глушководаги ҳамда Украина билан чегара ҳудудидаги Теткинодаги қўшинларга таъминот етказиб бериш учун понтон кечувлар ўрнатишда давом этмоқда.
Суджадан шарқда Россия қўшини нафақат Украина қуролли кучларининг юришини тўхтатган, балки қарши ҳужумлар уюштирмоқда ва украин кучларини Суджага ва Псел дарёси ортига чекинтиришни режалаштирмоқда. Украинлар мудофаа чизиғи яратишга уринаётган Спалное ва Борки қишлоқлари ҳудудида жанглар кетмоқда.
Россия авиацияси бутун Курск фронти бўйлаб ўнлаб бомбали зарбалар бермоқда: Украина қуролли кучлари Мобил гуруҳлар билан ҳужум қилар экан, бу у қадар самарали эмасди (россияликларнинг бомбалари сунъий йўлдош навигацияси орқали стационар объектларга йўналтирилади). Украина қуролли кучлари тўхташи билан фронт ва фронт орти бўйлаб бундай авиазарбалар сони кескин ошди.
Покровск йўналиши
Россиянинг Покровск атрофидаги юриши бирдан жанубга бурилиши Украина қуролли кучлари мудофаасида жиддий инқироз келтириб чиқарди. Украина бир неча кун ичида Новогродовкани йўқотди (РФ қуролли кучлари уни деярли тўлиқ эгаллаб олди), шунингдек, Россия армиясининг бу шаҳар шарқига юришини тўхтата олмади. Натижада РФ қуролли кучлари Украина қуролли кучлари мудофаасига Селидове ва Украинск шаҳарлари йўналишида чуқур кириб бориб, ушбу ҳудуддан шарқдаги украин гуруҳи таъминотини кесиб қўйди.
Селидове ва Украинск шаҳарлари шарқидаги қўшинлар чекинишни бошлади. Улар Карловка қишлоғи ва Карловка сув омбори соҳилларидаги муҳим ҳудудларни қарийб жангсиз ташлаб кетишди. Натижада фронт чизиғи Украинск ва Селидовега нафақат шимолдан, балки шарқдан ҳам яқин келиб қолди.
Россия гуруҳи Селидоведан жануби-шарқда ҳам фаоллашган: РФ қуролли кучлари олдинроқ эгаллаб олинган Марйинка ва Красноҳоривка шаҳарларидан Курахово йўналишида олдинга юрмоқда — бу Украин қуролли кучларининг Покровск билан биргаликда Донбасснинг жанубий ва марказий қисмидаги муҳим логистик марказидир.
Ҳозирча РФ қуролли кучлари Курахово томон юриш билан бир вақтнинг ўзида Покровск шаҳрига ҳам ҳужум қилишни режалаштиргани маълум эмас. Йирик шаҳар штурми кўп куч ва вақт талаб этиши мумкин. Ҳозирча Россия қўшини Покровск чеккасидаги ҳудудлар — Гродовка посёлкаси ва Красний Яр ва Крутой Яр каби кичикроқ қишлоқларни эгаллашга ҳаракат қилмоқда.
Вуҳледар йўналиши
РФ қуролли кучларининг умумий Курахово йўналишидаги юриши эндигина бошланди, Украина қуролли кучларининг Вуҳледардаги гуруҳи эса оғир инқирозли ҳолатга тушиб қолди — гуруҳга айнан Курахово орқали таъминот етказиб бериларди. Бу гуруҳ россияликларнинг шарқдан зарбаларини қайтара олмаяпти: РФ қуролли кучлари Вуҳледардан шимолдаги Водяне посёлкаси ва «Южнодонецкая» конига етиб келган, шунингдек, Константиновка қишлоғининг катта қисмини эгаллаган. Натижада эса Украина қуролли кучлари Курахово ва Вуҳледарни боғловчи асосий йўлдан фойдаланиш имкониятини йўқотган.
Эндиликда Украина қуролли кучлари Водянедан ғарбдаги ёмон сифатли йўлларга таянишга мажбур. РФ қуролли кучлари ғарб томон силжишда давом этадиган бўлса, Украина қуролли кучлари қўмондонлиги Вуҳледар истеҳкомларини ушлаб туришда давом этиш қанчалик тўғри бўлишини кўриб чиқишига тўғри келади.
Торецк йўналиши
РФ қуролли кучлари Торецк шаҳрини штурм қилмоқда. Украина қуролли кучлари шаҳар яқинида, конлар ва терриконлар ҳамда олдинроқ эгалланган Дружба, Пивничне, Пивденне ва Зализне ишчилар посёлкалари оралиғидаги ҳудудларда Россия қўшини ҳужумини тўхтата олмаган.
Россия қўшини Торецк шимоли-шарқига ҳужумларни ҳам фаоллаштирган: улар Андрийивка томондан Северский Донец — Донбасс каналига яқинлашди ва сувни Озаряновка ҳудудида кечиб ўтган. Шу тариқа, эндиликда Торецк ҳудудига икки томондан — жануб ва шарқдан ҳужум қилиш мумкин.
Купянск йўналиши
РФ қуролли кучлари кичик танаффусдан кейин Харкив области шарқидаги Купянск шаҳрига қайтадан ҳужум бошлади. Синкивка қишлоғининг катта қисми эгалланган — Украина қуролли кучлари бу ерда бир йилдан ортиқ вақт давомида мудофаани ушлаб турганди ва россияликларнинг бир неча бор кенг кўламли штурмлари ҳамда танклар орқали ҳужумларига дош берганди.
Жануброқда Россия қўшини Песчане қишлоғи ҳудудида Украина қуролли кучлари мудофаасига чуқур кириб келган — бу ерда улар Оскол дарёсидан 8 километр масофада турибди. Россия қўшини дарёга етиб келса, дарёнинг шарқий соҳилида, Купянск-Узловой ҳудудидаги украин бўлинмалари жануброқда, Сватове йўналишида ҳаракатланаётган асосий гуруҳдан узилиб қолади.
Мавзуга оид
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22 / 24.12.2024
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
20:16 / 24.12.2024
WP: Байден Путинга «хайрлашув зарбаси» — Россия энергетикасига қарши санкциялар тайёрламоқда
20:13 / 24.12.2024