АҚШ сайловларга аралашганлик учун RT ва Маргарита Симонянга қарши санкциялар жорий этди
АҚШ Давлат департаменти виза чекловлари ҳам жорий этилганини билдириб, мамлакатдаги сайловларга четдан аралашув бўйича маълумотларни тақдим этганларга 10 миллион долларгача мукофот пули ваъда қилди.
АҚШ Молия вазирлиги «Москванинг президентлик сайловларига таъсир ўтказишга уриниши» сабаб RТ телеканалига қарши санкциялар жорий этди.
Қайд этилишича, иккита ташкилот ва 10 та жисмоний шахс санкцияларга учраган. Чекловлар Russia Today медиагуруҳи ва унинг бешта шуъбаси — «РИА Новости», RТ, «ТВ-Новости» Ruptly ва «Спутник»ка қарши қўлланган.
Шунингдек, RT бош муҳаррири Маргарита Симонян ҳамда саккиз нафар топ менежерга қарши ҳам чекловлар жорий этилган.
Молия вазирлигининг маълум қилишича, Russia Today медиагуруҳи тузилмалари хорижий миссиялар рўйхатига киритилган. Давлат департаменти виза чекловлари жорий этилганини билдириб, АҚШдаги сайловларга четдан аралашувга оид маълумотларни тақдим этганларга 10 миллион долларгача мукофот пули ваъда қилди. Давлат департаментининг қўшимча қилишича, Russia Today медиа гуруҳи ҳамда Қўшма Штатлардаги шуъба корхоналари АҚШдаги ходимлари ва мулклари ҳақида ҳисобот бериши керак бўлади.
Бундан ташқари, Россия Мудофаа вазирлигининг пиарига масъул ва Украина ҳақида фейклар тарқатувчи «Диалог» лойиҳаси ҳамда унинг бош директори Владимир Табакка ҳам санкция қўлланди.
«Россия ҳукумати АҚШ сайлов жараёнлари ва институтларига ишончни сусайтириш учун узоқ вақтдан бери генератив сунъий интеллект, дипфейк ва дезинформация каби турли воситалардан фойдаланиб келади», — дейилади Молия вазирлиги баёнотида.
Шу билан бирга, хорижий агентлар ва пул ювиш қонунларини бузганлик бўйича RТ ходимлари Константин Калашников ҳамда Елена Афанасевга айбловлар эълон қилинган. Идоранинг версиясига кўра, улар ижтимоий тармоқларда Россия манфаатларига хизмат қиладиган пропаганда ва ёлғон маълумотларни эълон қилишга қарийб 10 миллион доллар сарфлаган.
Маргарита Симонян Россия томонидан Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Ғарбнинг бошқа давлатлари санкциялари остида қолиб келмоқда. АҚШ эса бунга қадар Симонянга қарши санкциялар қўлламаган эди.
Мавзуга оид
23:04 / 20.12.2024
Путин тарғиботчи Симонянни олтинчи орден билан мукофотлади
19:21 / 01.04.2024
Украина россиялик тарғиботчи Маргарита Симонянни сиртдан геноцидда айблади
12:04 / 21.08.2023
Симоняннинг уйи ёнида дрон уриб туширилди
08:53 / 21.07.2023