Жаҳон | 17:16 / 05.09.2024
15823
10 дақиқада ўқилади

“Битта фарзанд” сиёсатидан сўнг: хитойлик аёллар ҳалигача болали бўлишни хоҳламаяпти

Хитойда 1979 йилдан 2015 йилгача амал қилган “бир оилага бир фарзанд” сиёсати ўтмишда қолди, лекин хитойликлар унинг асоратини унутганича йўқ. Бугун мамлакатда туғилиш даражасини оширишга қаратилган уринишлар самарасиз кечмоқда.

1980-йиллардаги плакатда шундай дейилган: “Миллатни ёшартириш учун аҳоли ўсишини назорат қилинг”.
Фото: David Pollack / Corbis / Getty Images

Хитой узоқ йиллар давомида “битта фарзанд” сиёсатини юритиб, иккинчи фарзандни дунёга келтирган оилаларни қаттиқ жазоларди. Биттадан ортиқ фарзанд кўрган ота-оналар жазодан қочиш учун боласига бирор қариндошининг фамилиясини беришга мажбур бўлган, дея ёзади CNN.

Расман амакисининг қизи сифатида рўйхатга олинган Фанг исмли хитойлик аёл болалигини шундай эслайди:

“Учинчи синф пайтим ўқитувчи ота-онам кимлигини сўраганида нима деб жавоб беришни билмаганман. Унга биологик ота-онам ҳақида айтишим керакмиди ёки амаким ҳақида, ақлим етмасди”.

ХХР ҳукумати яқинлашиб келаётган демографик инқирозни тўхтатиш учун фарзанд кўриш бўйича 1979 йилда киритилган чекловни 2015 йилдан биттадан иккитага, 2021 йилда эса учтага оширди. Лекин бугун Фанг сингари хитойлик ёш аёлларнинг аксарияти фарзанд кўришни истамайди, бу эса ҳукуматга ҳозирги кампанияни самарали амалга оширишни қийинлаштиради.

Фанг 1990 йилларда туғилган, бу даврда “битта фарзанд” чеклови энг қатъий тус олганди. Фанг туғилганидан атиги бир йил ўтгач, онаси “ноқонуний” тарзда иккинчи фарзандига ҳомиладор экани маълум бўлди. Жазога учрамаслик учун оила Фангни қариндошларига бериб юборди.

Ҳозир Фанг 30 ёшда, у турмушга чиққан, лекин фарзанд кўришни хоҳламайди.

“Болалигимда бошдан кечирган барча қўрқув, шубҳа ва ишончсизликлар ҳозирги ҳолатимга маълум даражада таъсир кўрсатади”, – деди у.

Катта қизларни қурбон қилиш

Тўнғич фарзанд Фангнинг яширилиши оилани хонавайрон бўлишдан қутқарган. Ҳукумат жазо сифатида оила боқувчисини ишдан ҳайдаши, онани аборт ва стерилизацияга мажбурлаши мумкин эди. 10 ёшида Фанг ниҳоят уйига қайтишга рухсат олди, лекин барибир расмий ҳужжатларда катта амакисининг қизи сифатида қолди.

Хитойнинг Сиан Жиаотонг университети қошидаги Аҳолишунослик ва ижтимоий сиёсатни ўрганиш маркази директори Ли Шузуонинг сўзларига кўра, “битта фарзанд” сиёсати амал қилган 30 йил давомида 20 миллионга яқин қиз чақалоқлар ё аборт қилинган, ёки чақалоқлик пайтида ўлдириб юборилган.

Хитойликларни фақат битта фарзанд кўришга чақирувчи лавҳа. Пекин, 1983 йил 1 январ.
Фото: Bettmann / Getty Images

Уч фарзанднинг тўнғичи бўлган 25 ёшли Яонинг болалиги ҳам шундай кечган.

У Шандун провинциясининг шимоли-шарқидаги қишлоқда туғилган. “Битта фарзанд” сиёсатига киритилган ўзгаришлар доирасида, Шандун билан бирга яна 19 та провинцияда эр-хотинга бир фарзанди қиз бўлса, иккинчи марта бола кўришга рухсат берилган. Бу эса анъанавий тарзда ўғил фарзанд кўришни афзал кўрадиган аҳоли қатламида, қиз фарзанд кўришдан қочишни янада авж олдирган, ўтган вақт давомида қизлар ўғил болаларга нисбатан “икки баробар” кам туғилгани шу билан боғлиқ, дейилади 2023 йилда Хитойда ўтказилган тадқиқот хулосаларида бирида.

Яодан кейинги фарзанд қиз эди (ҳукумат бунга рухсат берган), аммо кейин онаси учинчи марта ҳомиладор бўлди (бу эса тақиқланган) ва кўп ўтмай Яо синглиси билан бошқа қишлоққа қочиб кетди. У бобоси ва бувисининг қўлида улғайди.

Яонинг айтишича, онаси потенциал мажбурий абортдан қочиш учун ҳомиладорлигини сир тутишга мажбур бўлган. Аммо “ортиқча фарзанд” дунёга келганидан кейин, ўғлини ҳам расман ўзиники сифатида рўйхатдан ўтказишга уринган, натижада 50 минг юан (тахминан 7 минг доллар) миқдорида жарима тўлаган.

Ўша воқеалар фонида Яо қарийб бир йил давомида онаси билан алоқалари узилиб қолганини эслайди.

“Ўшанда бор-йўғи биринчи синф ўқувчиси эдим ва мени мактабга олиб борадиган одам бўлмаган, – деб эслайди Яо. – Ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилардим”

Сиёсат ўзгарди, лекин...

2021 йилда уч фарзандлилик сиёсатини бошлаганидан бери Пекин “туғилиш маданияти”ни шакллантириш бўйича умуммиллий кампаниялар олиб бормоқда, чунки Хитой аҳолиси хавотирли суръатда қисқариб, кексайиб бормоқда.

Бир пайтлар биттадан ортиқ фарзанд туғилиши хавфи ҳақида огоҳлантирувчи шиор ва плакатлар ўрнини энди кўпроқ фарзанд туғишга даъват этувчи чақириқлар эгаллади. Маҳаллий ҳокимият органлари кўчмас мулк учун субсидиялардан тортиб, декрет таътилини узайтиришгача бўлган рағбатларни йўлга қўйди.

Май ойида Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси маҳаллий бюроларга ижтимоий тармоқларда “туғилиш суръатини ошириш” мавзусида постлар тарқатиш, жамоат боғларига плакатлар осиш ҳақида топшириқ берди.

Бу қадам ижтимоий тармоқларда кинояли изоҳлар билан кутиб олинди, одамлар “битта фарзанд” ғоясини қўллаб-қувватловчи эски шиорларни эслата бошлади: “Фарзандларингиз кам бўлса, фаровонроқ яшайсиз”, “Бой бўлишни истасангиз, камроқ фарзанд кўринг, кўпроқ дарахт экинг”.

Хитойнинг Ҳубей провинцияси Йичанг шаҳрида “Уч фарзанд сиёсатини амалга оширамиз ва аҳоли ўсишини оптималлаштирамиз” деб ёзилган лавҳа. 2024 йил 17 январ.
Фото: CFOTO / Future Publishing / Getty Images

Бу гаплар фақат истеҳзо учун айтилмаяпти – йиллар давомида одамлар коммунистик партиянинг аввалги таълимотларини қабул қилган ва уларга чинакамига амал қилмоқда.

YuWa аҳолишунослик тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган, 2024 йил учун Хитойда туғилиш тўғрисидаги ҳисобот маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакатда туғилишнинг умумий коэффициенти, яъни аёлнинг репродуктив ёши давомида туғилган болаларнинг ўртача сони 1,0 ни ташкил этган.

Бу демографик жиҳатдан аҳоли сонини барқарор ушлаб туриш учун зарур 2,1 кўрсаткичдан анча паст бўлиб, иқтисодиёти энг йирик давлатлар орасида Хитойни иккинчи ўринга қўймоқда.

2023 йилда эълон қилинган шаҳарларда туғилиш коэффициенти (0,6) маълумотларига кўра, туғилиш камлиги Хитойнинг энг бой шаҳри Шанхайда айниқса ачинарли аҳволда – бу ерда барча аёлларнинг тахминан ярми бутун репродуктив давр мобайнида фарзанд кўрмайди.

Қоядан тепиб юборилган тош

Висконсин университетининг Хитой демографияси бўйича мутахассиси Йи Фусяннинг айтишича, мамлакат аҳоли қисқаришини тўхтатиш йўлида учта асосий тўсиққа дуч келмоқда: туғилишнинг пастлиги, болалар тарбияси учун харажатлар кўплиги ва бепуштлик даражасининг ортиши.

“Бу муаммолар орасида Пекинга боғлиқ ягона муаммо – нархларни пасайтириш”, – дейди Йи.

Компартиянинг июл ойидаги йиғилишида болали бўлганларга бериладиган рағбатлар, хусусан субсидияларни кўпайтириш ва бола парваришлашни арзонлаштириш таклиф қилинди.

Бироқ қарзга ботган маҳаллий ҳокимият органлари, хусусан, уч йиллик пандемия ва кўчмас мулк бозорининг инқирозидан кейин қийинчилик билан тикланаётган муассасаларнинг аксарияти, бу мажбуриятларни бюджети кўпайгандагина бажара олиши мумкин, бу эса партиянинг туғилиш даражасини оширишга бўлган уринишини пучга чиқаради, деб ҳисоблайди Йи.

Июн ойи бошида давлатга қарашли “Жиэмиан” нашри мамлакатда болаларни парваришлаш бўйича энг юқори субсидиялар бор-йўғи 57 800 юанни (тахминан 8000 доллар) ташкил этишини ёзганди.

YuWa ҳисоботига кўра, Хитойда 18 ёшгача бўлган болани тарбиялаш харажатлари аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМнинг 6,3 бараварини ташкил этади, бу эса биргина қўшни Жанубий Кореяга қараганда 7,8 баравар юқори.

Бу рақамлар, табиийки, аҳолининг фарзанд кўришни кечиктиришига сабаб бўлмоқда.

“Хитой кам туғилиш тузоғига тушиб қолди ва бу кўрсаткич фақат пасайиб боради,” – дея огоҳлантирмоқда Йи.

“Кам туғилиш тузоғи” ўзини-ўзи кучайтирувчи цикл бўлиб, унда туғилишнинг пастлиги (одатда 1,5 дан кам) аҳолининг қаришига ва иқтисодий турғунликка олиб келади. Оқибатда фарзанд туғилиши янада секинлашиб, умумий кўрсаткич пасайишда давом этади.

“Хитойда иқтисодиёт ривожлангани сари туғилиш даражаси ҳам тоғ ёнбағридан аста-секин думалаётган улкан тош каби, табиий равишда пасайиши керак эди. Лекин “битта фарзанд” сиёсати қоядан тошни тепиб юбориш бўлди – энди уни ортга қайтариш жуда қийин”, – дейди Висконсин университети мутахассиси.

“Давлат зўравонлиги”

Юқорида айтилганидек, Хитойда туғилиш билан боғлиқ қарорларга иқтисодий масалалар (фарзанд ўстиришнинг қимматлиги ва бошқалар) энг кўп таъсир қилади.

Лекин, хитойлик таниқли феминист Лю Пиннинг сўзларига кўра, фарзанд кўриш бу фақат молиявий масала эмас. “Оилани мажбурий режалаштириш, давлат зўравонлигининг бир тури сифатида, аёлларга оғир жароҳат етказган”, – дейди у.

Хитойнинг Ҳубей провинцияси, Ухан шаҳридаги Ханкоу боғидаги макет. Бу макет дастлаб бир болали оилани тарғиб қилган, сиёсат ўзгаргач, унга икки нафар бола макети қўшиб қўйилган.
Фото: Stringer / AFP / Getty Images

Мажбурий абортлар ва стерилизация, биттадан кўп фарзанд кўришни тақиқловчи Хитой “ижтимоий инжинерияси”нинг энг жирканч кўриниши сифатида, юз миллионлаб хитойлик аёлларда ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ўчмас из қолдирди.

The Paper давлат ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 1980 йилдан 2014 йилгача бўлган даврда 324 миллион хитойлик аёлга бачадон ичи спираллари ўрнатилган, 107 миллион аёлда ҳомиладорликнинг олдини олиш учун бачадон найлари беркитилган. Йиллар ўтиши билан бу воситалар аёлларнинг саломатлигига хавф солишни бошлади.

“Энди аёллардан буларнинг барчасини унутиб, кўпроқ туғиш кутиляптими? Бу эҳтимолдан йироқ”, – дея хулоса қилади Лю Пин.

Мавзуга оид