Жаҳон | 10:28 / 05.09.2024
13391
5 дақиқада ўқилади

«Ғазаб ва умидсизликдан бақиргим келяпти». Лвивлик эркакнинг рафиқаси ва уч қизи ҳалок бўлди

Лвивга 4 сентябр куни йўлланган зарбалар оқибатида бутун бир оила — она ва унинг уч қизи ҳалок бўлди. Ота жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Ondriy Sadovoy / TELEGRAM

Лвив шаҳри мэри Ондрий Садовой ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ушбу оила фотосуратини эълон қилган. У суратдагилардан биргина эркак тирик қолганини ёзган.

«Евгения ҳамда уларнинг уч қизи — Ярина, Даря ва Эмилия — ўз уйларида ҳалок бўлишди», — дея ёзган Садовой.

Чоршанбага ўтар кечаси Россия Украина бўйлаб ёпирилма зарба йўллади. Россиялик ҳарбийлар Лвив шаҳри марказига баллистик ракеталар, жумладан, «Кинжал»лар билан ҳужум қилган.

Расмийларга кўра, иккита кучли портлаш рўй берган. Бир неча уй вайрон бўлган, жами 70 дан ортиқ бино шикастланган, шундан кўпчилиги — турар жойлар.

Ракета зарбаси вақтида етти киши ҳалок бўлган, улар орасида бир оиланинг 7, 18 ва 21 ёшлардаги фарзандлари ҳам бор.

Кейинроқ ФВДХ зарба вақтида она ва уч қиз зинапояда бўлгани, ота эса квартирага қайтгани ҳақида хабар қилган.

Фотодаги қизлардан бири Даря Базилевич Украина католик университети талабаси бўлган.

Университетнинг фейсбукдаги саҳифасида қолдирилган ҳамдардлик постида қиз ҳақида маълумотлар келтирилган. У университетнинг гуманитар фанлар факултети «Маданиятшунослик» дастури иккинчи курсида ўқиётганди.

У фаол талаба бўлган, «Кўнгиллилар лабораторияси»да устозлик қилган, театр студиясида шуғулланган, актёрлик санъатини ўрганган.

Даря Базилевичнинг суратини у ўқиган Украина католик университети эълон қилган

Унинг опаси — Ярина Базилевич (Ондрий Садовой эълон қилган суратда у энг орқада) — 21 ёшда эди.

У «Лвив — Европа ёшлар пойтахти 2025» офиси дастурлар менежери бўлиб ишлаган. «У Ёшлар маркази ташкил этилганидан буён, кейин эса ТВОРИ! тармоғида биз билан бирга ишлаган» — дейилади Украина католик университети баёнотида.

Ярина Базилевич 21 ёшда эди, у «Лвив — Европа ёшлар пойтахти 2025» офисида ишлаган

BBC Украина хизмати мухбири Жанна Безпятчук фожиадан олдинроқ Ярина билан гаплашган, улар ҳамкорлик тўғрисида келишиб олишганди.

«Ярина шаҳар ёшлари лойиҳалари дастури менежери эди. У „Молодвиж“ умумукраина фестивалини ташкиллаштирган ва медиа мустақиллиги бўйича муҳокамада иштирок этишга таклиф қилганди. Бу учрашув бир неча кундан кейин бўлиб ўтиши керак эди», — дейди журналист.

«Мен яқиндаги ёзишмамизга қараяпман ва Ярина энди ҳеч қачон жавоб қайтармаслигига ишона олмаяпман, — дея қўшимча қилган Безпятчук. — Шундай ёрқин, жуда ёш эди. Аммо аллақачон профессионал, чинакам ғайратли ва жуда самимий эди. Чексиз даҳшат ва оғриқ ҳис қиляпман».

Оила бошлиғи Ярослав Базилевич машҳур украин шоири ва жамоат арбоби, 19 аср охири ва 20 аср бошларида яшаган Иван Франконинг авлоди (Украина областларидан ва шаҳарларидан бири - Ивано-Франковск унинг шарафига номланган). У совет ошпази, қатор кулинар китоблар муаллифи Олга Франко (Билевич)нинг қариндоши бўлган Зорян Базилевичнинг набирасидир. Бу маълумотни Лвивдаги «Франко уйи» музейи директори тасдиқлаган.

Украина католик университети сайтида айтилишича, Ярослав Базилевич критик ҳолатда қолмоқда.

Украинадаги скаутлар ташкилоти «Пласт»нинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзилишича, она ва уч қиз унинг фаол аъзолари бўлишган.

Евгения, Ярина ва Даря Украинадаги «Пласт» скаутлар ташкилотининг фаол аъзолари бўлишган

Украина католик университети проректори София Опацкая BBC Украина хизматига қизларнинг онаси Евгенияни 20 йилдан ошиқ вақтдан буён танишини айтган. У 2001 йилда Лвив менежмент институтида унинг талабаси бўлган.

Бу «Украина анъаналарига эга бўлган ажойиб оила эди», дейди Опацкая.

Евгения ижодкор аёл бўлиб, бўш вақтларида заргарлик буюмларини ясаш билан шуғулланган.

Инстаграмдаги фойдаланувчилардан бири сторизида бу оилани яхши таниганини айтган. «Ғазаб ва умидсизликдан шунчаки бақиргим келяпти», — дея ёзган аёл.

«Европа марказида Россия украинларни бутун оиласи билан яксон қилмоқда», — дея ёзган Ондрий Садовой.

Унинг пости остида одамлар оила ҳалокати бўйича ҳиссиётли изоҳлар қолдиришган.

Лвивга йўлланган зарбалар оқибатида жами 7 киши ҳалок бўлиб, 50 дан ортиқ киши яраланган. Ундан олдинроқ Россиянинг Полтавадаги Алоқа институтига зарбаси оқибатида 53 киши ҳалок бўлиб, 298 киши яраланган.

Мавзуга оид