Путин Сербия бош вазири ўринбосарини газ етказиб беришни муҳокама қилишга таклиф этди
Александр Вулиннинг Владимир Путин билан учрашуви олдидан Европа Иттифоқи Сербияни Украинада давом этаётган уруш фонида Москва билан алоқаларни сақлаб қолиш салбий жиҳатлари ҳақида огоҳлантирди.
Россия президенти Владимир Путин 4 сентябр, чоршанба куни Владивостокдаги Шарқий иқтисодий форум доирасида Сербия бош вазири ўринбосари Александр Вулин билан учрашди. Кремл веб-сайтида эълон қилинган суҳбат стенограммасига кўра, Путин Вулинга Россия газини Сербияга кейинги етказиб беришни муҳокама қилишни ва 2025 йил март ойида тугайдиган тегишли шартномани янгилашни таклиф этди.
Бундан ташқари, Путин Россия ва Сербия ўртасида саноат ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдирди ҳамда Москва Сербия президенти Александр Вучичга BRICS давлатлари раҳбарларининг Қозондаги учрашувига таклифнома юборганини айтди.
Ўз навбатида, Александр Вулин Сербия «Россиянинг стратегик ҳамкори» эканлигини ва у «Ғарб босимига қарамай» «ҳеч қачон НАТОга аъзо бўлмаслигини», Россия Федерациясига қарши ҳеч қачон санкциялар қўлламаслигини таъкидлади.
Вулиннинг Путин билан учрашуви ҳақидаги эълонга ЕИ муносабати
Сербия Европа Иттифоқига кириш учун номзод давлат ҳисобланади. Вулин ва Путиннинг бўлиб ўтган учрашуви арафасида, 3 сентябр куни Европа Иттифоқи раҳбарияти Украинада давом этаётган уруш фонида Москва билан алоқаларни сақлаб қолиш ЕИ қадриятлари ва Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнига мос келмаслигини эслатди.
«Европа Иттифоқи ўз шерикларига Украинага қарши асоссиз ва тажовузкор урушдан кейин Россия билан муносабатлар одатдагидек қолиши мумкин эмаслигини жуда аниқ тушунтирди, - дея маълумот берди Брюссел. - Европа Иттифоқи барча номзод мамлакатларга умумий тамойиллар, қадриятлар ва хавфсизлик масалалари бўйича ишончли Европа шериклари сифатида қарашни хоҳлайди».
Шу билан бирга, Сербия бош вазири Милош Вучевич 3 сентябр куни журналистларга Путин ва Вулин ўртасидаги бўлажак учрашувни шарҳлар экан, унда «қандайдир даҳшатли нарсани» кўрмаётганини айтди. «Биз Россия билан дипломатик алоқаларни узганимиз йўқ, унинг вакиллари билан учрашиш ҳеч кимга тақиқлангани йўқ», - деди Вучевич, аммо у Сербия Украинадаги урушни қўллаб-қувватламаслиги ҳамда бу давлатнинг ҳудудий яхлитлиги бузилишини ёқламаслигини билдирди.
Мавзуга оид
12:57
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
07:55
WP: Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024