Хитой Африкага миллиардлаб сармоя киритмоқчи
Кузатувчилар фикрича, Хитойнинг Африкадаги сармоялари бозорлар ва фойдали қазилмалардан фойдаланиш, шунингдек, сиёсий қўллаб-қувватлов олиш истаги билан боғлиқ.
4 сентябр, чоршанба куни Пекинда Хитой-Африка ҳамкорлиги форуми (FOCAC) очилишида ХХР раиси Си Жинпинг Пекиннинг Африка давлатларига 360 миллиард юан (45,8 миллиард евро) миқдорида сармоя киритиш ниятини эълон қилди.
Келгуси уч йилда 210 миллиард юан (26,7 миллиард евро) кредит кўринишида, яна 80 миллиард юан (10,1 миллиард евро) турли ёрдам кўринишида берилиши режалаштирилган. Ниҳоят, Хитой корхоналари томонидан минтақага яна 70 миллиард юан (8,9 миллиард евро) сармоя киритилади.
Хитой томонининг маълум қилишича, Хитой-Африка ҳамкорлигига бағишланган форумда 50 га яқин Африка давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари иштирок этяпти. Унда Хитой ва Африка давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни таълим, савдо, қишлоқ хўжалиги, қайта тикланадиган энергия манбалари, шунингдек, ҳарбий соҳа каби йўналишларда кенгайтириш муҳокама қилинадиган асосий мавзулар бўлиши кутилмоқда.
Си айтганидек, Хитой Африка давлатлари билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказмоқчи, «яшил» энергия лойиҳаларини ишлаб чиқмоқчи, шунингдек, Африкага тиббиёт ходимларини юбормоқчи. Шу билан бирга, Пекин Хитой бозорини Африка давлатлари учун очиш ва улар билан келажакда божхона тўловларисиз савдо қилиш ниятида, дея қўшимча қилди Хитой раиси.
Си Жинпинг Ғарбнинг Африка ривожидаги ўрни ҳақида
Шу билан бирга, Си Ғарбнинг Африка тараққиётидаги ролини танқид қилди. «Модернизация билан шуғулланиш барча давлатларнинг ҳуқуқидир», деди у FOCAC очилишида нутқ сўзлаб. «Ғарбнинг модернизация қилиш жараёни кўплаб ривожланаётган мамлакатларга катта қайғу келтирди», — дея қўшимча қилди у. Форум очилишига бағишланган зиёфат маросимида Хитой раҳбари африкалик меҳмонлар билан суҳбатда, шунингдек, «Хитой ва Африка XX аср ўрталаридан бошлаб империализм, мустамлакачилик ва гегемонликка қарши елкама-елка курашиб келишди ҳамда улар тараққиёт, тикланиш ва модернизация йўлида бирга бориши керак», деди, деб ёзади dpa.
Ўз навбатида форумга фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Хитой ва Африка ҳамкорликни ривожлантиришда «БМТнинг тўлиқ кўмагига таяниши мумкинлигини» таъкидлади. Умумий мақсадлар тинчлик, ишлаб чиқаришни экологик хавфсиз ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир, дея қўшимча қилди у.
Шу билан бирга, Гутерриш баъзи Африка давлатларининг Пекин олдидаги қарзлари билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, минтақада ишлаб чиқаришни экологик хавфсиз ривожлантиришга сармоя киритишдаги қийинчиликларга эътибор қаратди.
Хитойнинг Африкадаги сармоялари
Ўтган йиллар давомида Хитой Африкадаги йирик инфратузилма лойиҳаларига миллиардлаб доллар сармоя киритди. «Кўп давлатлар бундан фойда кўрди, бироқ бошқалари Хитойга қарам бўлиб қолди, чунки улар олган кредитларини тўлай олмади», деб таъкидлайди dpa агентлиги бу борада. Минтақага сармоя киритиш орқали Пекин Африка бозоридан, шунингдек, Африкада мавжуд фойдали қазилмалардан фойдаланишга ва халқаро майдонда Африка давлатларини қўллаб-қувватлашга умид қилмоқда, дея тушунтиради нашр.
Хитой-Африка ҳамкорлик форуми 2000 йилдан бери ҳар уч йилда бир марта ўтказиб келинмоқда. 2024 йилда у Пекинда 4-6 сентябр кунлари бўлиб ўтяпти.
Мавзуга оид
21:52
Хитойда 2027 йил охирига бориб 5G алоқа тармоғидан фойдаланувчилар улуши 85 фоизга етказилади
17:07
Хитойнинг Ўзбекистон билан савдо айланмаси ҳажми камайди
23:24 / 23.12.2024
Хитойда мураккаб вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди
22:10 / 23.12.2024