Азиз Воитов ва бошқаларга оид судда журналистларга фото ва видеога олиш тақиқланди
Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна 49 кишига оид жиноят иши кўриб чиқилаётган судда судя адвокатнинг ОАВ фаолиятини чеклаш бўйича илтимосномасини қисман қаноатлантирди. Унга кўра, журналистлар суд жараёнидан фото-видео ва аудиоёзувлар ёзиб олиши тақиқланди.
6 сентябр кунги суд мажлиси аввалида адвокат Абдураимов судга ОАВ вакиллари иширокини тақиқлаш ҳақида илтимоснома киритди. Ишга раислик қилаётган судя Сардор Содиқов суд мажлисининг бошқа иштирокчиларидан бунга муносабатини сўради.
Бир неча адвокатлар ва судланувчилар журналистлар иштирокини тақиқлаш бўйича илтимосномани қўллаб-қувватлади. Адвокатлар бунга сабаб сифатида суд мажлисидан нотўғри маълумотлар чиқиб кетиши мумкинлигини келтирди.
Суд мажлисида қатнашган Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, айрим адвокатлар буни қўллаб-қувватламасдан, фото-видео ва аудиоёзувларни амал оширишга эътирози йўқлигини, фақат тайёрланадиган материалларда журналистлар томонидан шарҳ бўлмаса кифоя эканини билдиришган.
Суд мажлисида судланувчилардан бирига сўз навбати берилганда, мазкур ишлар ҳақида интернетда хабарлар чиққандан кейин уни ҳам қамаб қўйишгани, судланувчи 7 ой қамоқда бўлишига журналистлар сабабчи эканини айтган. Бошқа судланувчилар ва давлат айбловчиси томонидан ҳам илтимоснома қўллаб-қувватланган. Судда журналистларга сўз берилмаган ва уларнинг фикрлари эшитилмаган.
Маслаҳатхонага кирган судя адвокатлар илтимосномасини қисман қаноатлантирганини айтиб, суд мажлисида журналистларнинг фото, видео ва аудиоматериаллар олишини тақиқлаган. Журналистлар суд мажлисида иштирок этиши мумкинлиги, маълумотларни фақат қўлёзма тарзида ёзиб олиши ва шу тарзда ёритиши мумкинлиги белгиланган. Шундан кейин журналистлар суд залини тарк этган.
Журналистлар суднинг ушбу қароридан норози бўлишмоқда.
“Адвокатлар кеча қатнашган журналистлар суд жараёнини бўрттитиб материал тайёрлаган деб иддао қилди. Агар биз видео ва аудиоёзувларни қила олмасак, қандай қилиб фактларга асосланган материал тайёрлашимиз мумкин. Суд жараёнини қоғозга ёзиб боришга улгурмаймиз. Бу орқали судя хато қилишимизга мажбур қиляпти”, дейди журналист Миролим Исажонов.
Жараёнларда иштирок этган яна бир журналист Мўътабар Нурмуҳаммедова ҳам ҳолатга ўз муносабатини билдирди:
“Илтимоснома бўйича тарафларга сўз берилганда биз, журналистларга ҳам навбат берилишини кутгандик, лекин ундай бўлмади. Судя маслаҳатхонадан чиқиб, илтимосномани қисман қаноатлантиргандан сўнг навбат берилди. Кейин гапирганимизни нима фойдаси бор? Бу судда иштирок этаётган адвокатларнинг аксарияти журналистларни танимас, билмас экан. Шундай бўлса-да, бизни ҳуқуқий билимсизликда айблашгани шахсан мени хафа қилди. Агар қайси журналист хато қилса, чора кўрсин, лекин судда иштирок этмай хабар чиқараётганлар учун судларни доимий ёритиб борадиган профессионал журлалистлар жабр кўриши мумкин. Менинг назаримда судя очиқ судни ёпиққа айлантириш учун айнан адвокатлардан, уларнинг фикрларидан қурол сифатида фойдаланди”, деди у.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур жараёнларга ўз муносабатини билдириб, мазкур суд мажлиси президентнинг тегишли фармони талаблари асосида жамоатчилик учун очиқ тарзда ўтказилиши мақсадга мувофиқлигини маълум қилган эди.
5 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқаларга (жами 50 киши) оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланганди.
Мавзуга оид
16:19
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
15:29 / 11.12.2024