Жаҳон | 12:04 / 11.09.2024
24600
10 дақиқада ўқилади

«Агар Трамп президент бўлганида, Путин ҳозир Киевда ўтирган бўларди». Номзодларнинг илк дебати қандай ўтди?

АҚШ президентлигига номзодлар Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп ноябрдаги сайловлар олдидан ABC News жонли эфирида илк, эҳтимол, ягона теледебатни ўтказишди. Дебатлар сайловга икки ойдан камроқ вақт қолганида бўлиб ўтди.

Номзодлар саҳнага чиқиб келганида Ҳаррис рақибига ҳурмат кўрсатди

Муҳокаманинг биринчи қисми ва ABC бошловчиси Дэвид Мюирнинг илк саволи иқтисодиётга бағишланди. «Сизлар америкаликлар тўрт йил олдингидан яхшироқ яшаяпти деб ишонасизми?» — дея сўраган у.

Ҳаррис биринчи бўлиб жавоб қайтарган ва «имкониятлар иқтисодиёти»ни қуришни режалаштираётгани ҳақида гапирган. У турар жой нархлари муаммосини ҳал қилиш, ёш оилаларга ҳамда кичик бизнесга ёрдам беришни ваъда қилган.

Трамп демократлар тўрт йил давомида иқтисодиётни яксон этишгани, Ҳаррис эса шунчаки Жо Байденнинг иқтисодий дастурини кўчириб олганини айтган.

«Доналд Трамп бизни Буюк инқироз давридан буён энг ёмон ишсизлик даражаси билан қолдирди. Биз [демократлар] қилган бор иш — Доналд Трамп ҳосил қилган тартибсизликни бартараф қилиш бўлди», — деган Ҳаррис.

Win McNamee / Getty Images

«Лойиҳа 2025» ва «марксист» Ҳаррис

Вице-президент Доналд Трампнинг янги муддати қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида гап кетадиган «Лойиҳа 2025»га алоҳида тўхталиб ўтган. Демократлар ўз дастурини мазкур ҳужжатга қарама-қарши қўйишади.

Қарийб минг саҳифага етувчи лойиҳа муаллифи Heritage фонди ҳисобланади. Собий президентнинг ўзи ундан масофа сақлашга ҳаракат қилади, лекин унинг иттифоқчилари ҳужжатни тайёрлашда иштирок этган.

Дебатлар чоғида собиқ президент яна бир бор «Лойиҳа 2025»га алоқаси йўқлигини таъкидлаб, уни ўқимагани ва ўқиш нияти ҳам йўқлигини билдирди.

Номзодлар бир неча мартадан бир-бирини ёлғончиликда айблашди. Муҳокама бошида Ҳаррис томошабинлар Трампдан «бир олам ёлғон, шикоятлар ва номларни эшитиши»ни айтиб ўтди.

Трамп Камала Ҳаррисни Стэнфорд университетида иқтисодчи сифатида дарс берган отасига боғлашга уриниб, уни «марксист» деб атади.

«Агар уни қачондир сайлашса, у барчасини ўзгартиради. Ва бу мамлакатимиз учун якун бўлади. У марксист, у марксист эканини барча билади. Унинг отаси — иқтисод соҳасида марксист профессор бўлган ва у қизини яхши ўқитган», — деган Трамп.

Ҳаррис бир неча бор Трампга юзланганида ва унинг сўзларини изоҳлаётганида «шармандалик» сўзини ишлатди.

«Жаҳон етакчилари Доналд Трампнинг устидан кулишади. Мен ҳарбий раҳбарлар билан гаплашганман, улардан айримлари сиз билан ҳам ишлашган ва улар сиз — шарманда эканингизни айтишади», — деган Ҳаррис собиқ президентга ўгирилиб.

«Путин сизни тушликка ейди»

Реклама учун танаффусдан кейин гап Украинадаги уруш ҳақида борди.

Трамп уруш тўхташи кераклиги ва у бунга эриша олишини айтган. У яна бир бор буни (агар сайловда ғалаба қозонса)лавозимга киришгунича ҳал қилишини такрорлаган.

У Владимир Путин ва Володимир Зеленскийни яхши билиши, улар ҳам уни ҳурмат қилишини айтиб ўтган.

«Улар мени ҳурмат қилишади, Байденни эса йўқ. Унинг нимасини ҳурмат қилишсин?» — деган у.

Ҳаррис бунга жавобан Трампга у сайловда Байден билан эмас, у билан курашишини эслатиб ўтган.

«Бизнинг НАТО бўйича иттифоқчиларимиз сиз энди президент эмаслигингиздан жуда миннатдор, — деган Ҳаррис Трампга мурожаат қилиб. — Агар Доналд Трамп президент бўлганида, Путин ҳозир Киевда ўтириб, Полшадан бошлаб бутун Европага кўз тикаётган бўларди».

Унинг сўзларига кўра, Путин — «[Трамп]ни тушликка еб қўядиган диктатор».

Трамп Ҳаррисни «тарихдаги энг ёмон вице-президент» деб атаган ва вице-президент эканида урушнинг олдини ололмаганини эслатган.

Номзодлар яна нималар дейишди?

Аборт: Трамп АҚШда чақалоқ туғилганидан кейин ҳам аборт қилиш қонуний бўлган штатлар борлигини айтди, унинг бу гапи дебатлар бошловчиси томонидан рад этилди. Трамп абортларни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасига вето қўйиши борасидаги саволга жавобан собиқ президент буни муҳокама қилишдан маъно йўқлиги, чунки бундай қонун Конгрессда қўллаб-қувватланмаслигини айтди. Ҳаррис аборт қилишга конституцион ҳуқуқ тикланишини ёқлади, штатлар ҳомиладорликни тўхтатишга қарши ўз чекловларини ўрната бошлаганидан кейин аёллар дуч келаётган қийинчиликлар ҳақида гапирди. У Трампнинг абортлар соҳасидаги сиёсати америкалик аёлларни ҳақоратлашини таъкидлади.

Миграция: Миграция тўғрисидаги саволга жавоб бераркан, Трамп шу кунларда айрим республикачилар тарқатаётган фитна назариясини такрорлади — унга кўра, АҚШда мигрантлар гўёки уй жониворларини еб қўяётгани айтилади. Бошловчи гапга қўшилиб, Трампнинг гапида келтирилган Оҳайо штати Спрингфилд шаҳри сити-менежери миш-мишларни рад этиб, ўзи бундай гапни айтмаганини айтиб чиққанини эслатган. Бу эса собиқ президентга умуман ёқмади. Трамп гапираётганида Ҳарриснинг микрофони ўчиқ эди, шунинг учун у фақат бош чайқаб, кулимсираб турди.

Трамп манзилига айбловлар: Калифорниянинг собиқ бош прокурори бўлган Ҳаррис Трампнинг «мигрантларнинг жиноятлари» ҳақидаги сўзларига жавобан унинг жиноий ўтмиши мавзусини кўтарди. «Бу гапни миллий хавфсизлик, иқтисодий жиноятлар, сайловларга аралашув бўйича жиноий жавобгарликка тортилган одам айтмоқда», — деган у. Бунга жавобан Трамп унга қарши очилган ишларнинг барчаси — сохта эканини айтган.

Капитолий штурми: Трамп олдинги сайловдаги мағлубиятини тан олишдан бош тортиб, у туфайли 2021 йил 6 январида Капитолий штурм қилинганидан афсусланмаслигини билдирган. «Мен қарийб 75 млн овоз олдим, бу қачондир ҳар қандай амалдаги президент олганидан кўпроқ», — деган у. Трамп шунингдек Вакиллар палатаси собиқ спикери Нэнси Пелосини Капитолий штурми чоғида хавфсизликни таъминлай олмаганликда айблаган.

Исроилнинг Ҳамас билан уруши: Ҳаррис бу масаладаги олдинги баёнотларидан айримларини такрорлаб, Исроил ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига эгалиги, аммо у буни қандай амалга ошириши муҳимлигини таъкидлади. «Бу уруш якунланиши керак. Унга зудлик билан барҳам берилиши лозим», — деган у. Трамп эса агар мен президент бўлганимда, можаро ҳеч қачон бошланмаган бўларди деб айтди. «У Исроилдан нафратланади. Агар у президент бўлгудек бўлса, Исроил икки йилдан кейин мавжудлигини йўқотади деб ҳисоблайман», — деган Трамп.

Ҳаррис ўз сўзи якунида яна бир бор Демократик партиянинг август ойидаги қурултойида айтган гапини такрорлади: «Биз ортга қайтмаймиз». У яна бир бор барча америкаликлар президенти бўлишни истаётганини айтди. Ҳарриснинг сўзларига кўра, у ва Трампнинг Америка бўйича қарашлари буткул фарқланади.

Трамп эса сўзи охирида яна бир бор Ҳаррисга ташланди ва унинг сиёсий дастури ҳеч нарсани англатмаслигини ва у вице-президент лавозимидаги тўрт йилда ҳеч қандай иш қилмаганини айтди. «Сиз америкаликлар ишонмайдиган нарсаларга ишонасиз, — деган у. — Биз — жиддий пасайиш ҳолатидаги мамлакатмиз. Бутун дунёда устимиздан кулишмоқда».

Brian Snyder / Reuters / Scanpix / LETA

АҚШнинг собиқ президенти, 78 ёшли Доналд Трамп Республикачилар партиясининг июл ойидаги қурултойида расман президентликка номзод сифатида кўрсатилганди.

АҚШнинг амалдаги вице-президенти, 59 ёшли Камала Ҳаррис Жо Байден сайлов пойгасидан чиқиши ортидан, август ойи бошида Демократик партиянинг президентликка номзоди сифатида кўрсатилди — амалдаги президент июн ойида Трамп билан дебатда муваффақиятсизликка учрагани туфайли номзодини қайтариб олишига тўғри келганди.

Сешанба куни Байден журналистларга дебат арафасида Ҳаррис билан гаплашгани ҳақида айтди. «У хотиржам, совуққон ва фикрини жамлаган. Ўйлайманки, у буни аъло даражада уддалайди. Ва мен унга қандай маслаҳат берганимни сизга айтмоқчи эмасман», — деган у.

Трампнинг штаби вакиллари журналистларга собиқ президент дебатдан олдинги кунларни Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида ўтказаётгани ва «жуда яхши кайфиятда экани»ни билдирганди.

CNN телеканалининг демократлар штабидаги манбаси Ҳаррис сешанба кунини жамоа билан дебат давомида бўладиган савол ва мавзуларни, шунингдек эҳтимолий сценарийларни муҳокама қилиш билан ўтказганини айтган.

Сўровларга кўра, дебатлар арафасида икки номзодни қўллаб-қувватлаш даражаси тахминан бир хил эди.

Трамп учун бу илк марта 2016 йилги сайловларда номзодини қўйганидан буён еттинчи сайловолди дебатлари бўлди. Ҳаррис учун эса бу илк тажриба. Қолаверса, икки номзод ҳам шу вақтга қадар ҳеч қачон шахсан учрашмаган ва бир-бири билан гаплашмаганди.

Дебатлар Филаделфиядаги (сайловларда ҳал қилувчи штатлардан бири саналган Пенсилваниянинг энг йирик шаҳри) Конституцияни ўрганиш бўйича миллий марказда ўтказилди ва икки марта реклама танаффуслари билан биргаликда 90 дақиқа давом этди.

Дебатлар формати июндагидан ўзгармади — студияда томошабинлар йўқ эди, саволларни ABC бошловчилари Дэвид Мюир ва Линси Дэвис бериб туришди, номзодлардан бири гапираётганида, унинг муқобилининг микрофони ўчириб қўйилди.

Бундан ташқари, номзодлар ўзи билан олдиндан тайёрланган матнларни олиб киришига рухсат берилмади, реклама вақтида эса штаблар ходимлари улар билан мулоқот қилолмасди. Шунингдек, дебат иштирокчилари бир-бирини саволга тута олмасди, бу иш билан фақат бошловчилар шуғулланди.

Номзодлар сайловга қадар яна бир бор дебат ўтказиш-ўтказмаслиги номаълум. Икки штаб ҳам бундай эҳтимолни истисно этмаган. Трамп  навбатдаги раундни сентябрда ўтказишни таклиф этган, Ҳарриснинг кампанияси баёнотида октябр ҳақида гап боради.

Бу вақтда CNN телеканали ўтказган сўров иштирокчиларининг кўпчилиги (63 фоиз) демократлар номзоди Камала Ҳаррис ғалаба қозонганини айтишган. 

Мавзуга оид