12 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Камбағалликни қисқартириш бўйича янги чора-тадбирлар, Тошкентда хўрандаларнинг оммавий заҳарланиши, собиқ вазирнинг ёпиқ кўриладиган суди ва ўзгаришсиз қолган асосий ставка — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Камбағалликни қисқартириш бўйича чоралар
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш сиёсати бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бош вазир ўринбосари бошчилигида камбағалликни қисқартириш масалалари билан шуғулланувчи комиссия тузилиши белгиланди.
9 та иқтисодий тадқиқот марказлари ва ОТМлар илмий ёндашувлар асосида камбағалликни қисқартириш масалалари билан шуғулланади.
Ижтиимоий ҳимоя агентлиги директори ушбу комиссия раҳбарига ўринбосар бўлади. Вилоят ва туман комиссияларига ҳокимлар бошчилик қилади.
Комиссия ҳар бир вилоятда биттадан тумандаги ишларни ҳафталик муҳокама қилиб, бириктирилган раҳбарлар фаолиятига баҳо беради. Жойларда кўтарилган масалаларни зудлик билан ҳал қилиб боради. Камбағалликни қисқартириш бўйича режалар ижроси юзасидан ҳар ойда президентга ахборот киритади.
Шунингдек, Бош прокурорнинг камбағалликни қисқартириш сиёсатига масъул ўринбосари тайинланди. У туманларга бориб, камбағал оилаларни реестрга киритиш ва чиқаришнинг ҳаққонийлигини ўрганади, берилаётган маблағлар етиб боришини назорат қилади.
Президент топшириғига кўра, ҳар бир камбағал оиланинг камида бир аъзоси олий маълумотли бўлиши учун шароит яратилади.
ОТМ, коллеж, техникум талабаларининг ўзлаштириш кўрсаткичи камида 80 фоиз бўлса, уларга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити берилади. Камбағал оила фарзандларига қўшимча грантлар ажратилади.
Шавкат Мирзиёев камбағал аҳолини ишли қиламан деган тадбиркорларнинг лойиҳаларини молиялаштириш бўйича янги тизим яратишни топширди. Эҳтиёжманд одамларни ишга оладиган корхоналар молиявий қўллаб-қувватланиши белгиланди.
Бу борадаги вазифалар ижросини мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юкланди.
Тошкентдаги хўрандалар оммавий заҳарланди
Тошкентдаги “Muhteshem Doner” ресторанида оммавий заҳарланиш юз бергани айтилмоқда. 23 нафар жабрланувчилар шифохонага ётқизилган.
Kun.uz’га мурожаат қилган жабрланувчилардан бири бу ҳодиса 5 сентябр куни содир бўлганини айтди. Улар овқатдан заҳарланиш белгилари билан 6 сентябр куни Тошкентдаги юқумли касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига ётқизилган.
5 сентябр куни тушлик қилгани “Muhteshem Doner” ресторанига 6 нафар ҳамкасбим билан бирга чиқдик. Кечга бориб бирин-кетин ҳаммамизнинг аҳволимиз ёмонлаша бошлади. 6 кишидан 5 нафаримиз ҳозир касалхонадамиз. Бир нафар ҳамроҳимиз биз истеъмол қилган соусдан емаган эди. Унда бу ҳолат кузатилмади”, деган у.
Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабековга кўра, 5-6-7 сентябр кунлари овқатдан заҳарланиш белгилари билан жами 23 нафар шахс шифохоналарга мурожаат қилган.
Бугунги кунга келиб “MUHTESHEM DONER” кафеси фаолияти вақтинча тўхтатилган, истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларидан намуналар олиниб, лаборатория текширувлари давом эттирилмоқда.
Азиз Воитов суди ёпиқ тарзда кўрилади
Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна 49 кишига оид жиноят иши кўриб чиқилаётган судда даъвогарнинг суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш бўйича илтимосномаси қаноатлантирилди.
Суд мажлиси аввалида раислик қилувчи Сардор Содиқов тарафлардан илтимоснома бор-йўқлигини сўраган. Фуқаровий даъвогарлардан бири Ғофур Маҳкамов томонидан суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш ҳақидаги илтимоснома киритилган.
Судя суд мажлисининг бошқа иштирокчиларидан бунга муносабатини сўраган. Бир неча адвокатлар буни қўллаб-қувватламасдан, икки хил ҳолатда — давлат сири ва жинсий зўравонлик билан боғлиқ ҳолатларда ёпиқ суд мажлислари бўлишини таъкидлаган. Бошқа адвокатлар эса судга ҳавола қилишини айтган. Айрим судланувчилар ҳам суд мажлиси ёпиқ тарзда кўрилишига қаршилигини маълум қилган.
Судя хизмат доирасидан фойдаланиш мумкин бўлган маълумотлар янграшини инобатга олган ҳолда шундай қарорга келганини маълум қилиб, суд мажлиси ёпиқ тарзда кўрилиши бўйича илтимосномани қаноатлантирган. Раислик қилувчи журналистларга буни тўғри тушунишни айтгандан сўнг ОАВ вакиллари суд залини тарк этган.
Асосий фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банк бошқаруви 2024 йил 12 сентябрда асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Марказий банк расмий пресс релизига кўра, умумий инфляция сўнгги 3 ойда сезиларли ўзгаришсиз сақланиб, августда йиллик 10,5 фоизга тенг бўлди.
«Январ-июл ойларида иқтисодиётда юқори ишлаб чиқариш фаоллиги кузатилган, ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги тафовут қисқармоқда. Саноат ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари ва хизматлар соҳасида реал ўсиш суръатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори шаклланди.
Ижобий тенденциялар савдо ва пулли хизматлар, экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари ҳажмининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ошишида ҳам кузатилди», — дейилади расмий хабарда.
Импорт қилинган электромобиллар
Статистика агентлиги Ўзбекистон 2024 йилнинг 7 ойида қанча электромобил импорт қилганини маълум қилди.
Январ-июл ойларида хориждан қиймати 156 млн АҚШ долларига тенг бўлган 10 минг 542 та электромобил импорт қилинган.
7 ойда Ўзбекистон энг кўп электромобил импорт қилган давлатлар орасида Хитой биринчи ўринни эгаллаб турибди. Автомобилларнинг 10 минг 447 таси Хитойдан келтирилган.
Шунингдек, Ҳонгконгдан 14 та, Германиядан – 11 та, Бирлашган Араб Амирликларидан 10 та электромобил импорт қилинган.
Мавзуга оид
21:21
25 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:11 / 24.12.2024
24 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:14 / 23.12.2024
23 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:16 / 20.12.2024