Ўзбекистондаги мактаб ва университетларда ишлаш учун АҚШдан яна 20 нафар ўқитувчи келди
Америкалик 20 нафар ўқитувчи Ўзбекистонга 10 та ҳудуддаги мактаб ва университетда инглиз тилидан дарс бериш учун келди.
Янги ўқув йилида Ўзбекистондаги мактаб ва университетларда 20 нафар америкалик инглиз тили ўқитувчиcи иш бошлади.
Улар 2024−2025 ўқув йилида Ўзбекистоннинг 10 та вилоятида инглиз тилини ўқитиш ва ўрганишга ёрдам беради. 2019 йилдан буён мамлакатда 21 та давлат мактаби ва 30 дан ортиқ университетда 98 нафар америкалик инглиз тили ўқитувчиси ишламоқда.
Америкалик мутахассислардан фойдаланган ҳолда инглиз тилини ўргатиш ташаббуслари 2019 йилда АҚШ элчихонаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва технологиялар вазирлиги томонидан бошланган.
«Лойиҳа АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда инглиз тили таълимини кучайтириш, жумладан, бутун мамлакат бўйлаб 18 мингдан ортиқ инглиз тили ўқитувчисини тайёрлаш борасидаги улкан мажбуриятларининг фақат бир қисмидир», — дейилади хабарда.
2018 йилдан буён АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда инглиз тили ўқитиш ва ўрганишга 31,2 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган.