Танзила Норбоева: «Қўшни мамлакатлар билан ўзаро савдо айланмаси 7 йилда деярли уч баробарга ошди»
Сенат раисининг таъкидлашича, минтақа мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти 450 млрд долларга яқинлашган, минтақанинг ўсиш суратлари бутун дунёнинг ўртача ўсиш суратларидан деярли икки баробарга юқори.
Хива шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг иккинчи парламентлараро форуми ўз ишини давом эттирмоқда. Форумда Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева минтақани Европа темир йўллари тармоғи билан боғлашга мўлжалланган «Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон» темир йўл магистрали қурилиши тўғрисида битим тузилиши Марказий Осиё учун транспорт-транзит йўналишларини диверсификация қилишда катта ютуқ бўлганини қайд этди.
Олий Мажлис Сенати раиси Ўзбекистон ташаббуси туфайли минтақанинг барча мамлакатлари билан чегараолди савдо зоналарини ташкил этиш ишлари бошланганини таъкидлади. Ҳозирги вақтда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон билан бундай ҳудудларни шакллантириш механизми йўлга қўйилган.
Биргина Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан ўзаро савдо айланмаси сўнгги 7 йилда деярли 3 баробарга ошган (2017 йилдаги 2,7 млрд доллардан 2023 йилдаги 7,2 млрд долларгача).
Умумий ўзгаришлар орасида сув, сув-энергетика ва экология масалалари билан боғлиқ йўналишда ҳам кўплаб ижобий натижалар кузатилмоқда.
2023 йилда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида 1-Қамбарота ГEСини биргаликда қуриш, Тўхтағул сув омборидан сувни оқизиш, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида Баҳри Тожик (Қайроққум) сув омборининг вегетация даврида ишлаш режими бўйича келишувга эришган.
Шунингдек, минтақа халқларининг нафақат иқтисодий, балки маданий-гуманитар алоқаларини ҳам кучайишига хизмат қилувчи туризм соҳасининг ривожида ҳам Марказий Осиё минтақаси аҳамияти катта экани қайд этилди.
Жумладан, бугун Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг 80 фоизга яқини қўшни мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу борада Марказий Осиё давлатларининг туризм салоҳиятини ошириш, минтақа бўйлаб оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқишга қаратилган «Бир тур — бутун минтақа» лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.
«Бу ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чоралар, албатта амалиётда ҳам ўз аксини топмоқда. Жумладан, минтақадаги савдо ҳажми 4,4 баробар, қўшма корхоналар сони 5 баробар, ўзаро инвестициялар ҳажми қарийб 2 баробар ошди», — дейди Танзила Норбоева.
Таъкидланишича, бугун Марказий Осиё иқтисодий ўсишнинг муҳим марказларидан бирига айланиб бормоқда. Минтақа мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти 450 миллиард долларга яқинлашган, минтақанинг ўсиш суратлари (4,8 фоиз) бутун дунёнинг ўртача ўсиш суратларидан (2,6 фоиз) деярли икки баробарга юқори.
Мавзуга оид
23:49 / 20.12.2024
Ўзбекистоннинг миграция сиёсатини ишлаб чиқишда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳам иштирок этади
16:51 / 12.12.2024
Америкалик таҳлилчилар Трампга Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирмасликни таклиф қилди
18:38 / 11.12.2024
Марказий Осиёда одам савдоси кўрсаткичлари пасаймаяпти – БМТ
16:43 / 07.12.2024