Жаҳон | 19:44 / 12.09.2024
1893
7 дақиқада ўқилади

Ерости ва ерусти иншоотлари: Дания пойтахти тошқинлардан ҳимояланиш учун улкан инфратузилма қурмоқда

Иқлим ўзгариши туфайли яқин ўн йилликларда Копенҳаген кучли ёғингарчиликлар остида қолади. Шаҳар шиддатли сел-ёмғирларга дош бериш учун қандай чораларни кўрмоқда?

Фото: Euronews

2011 йил 2 июлда Копенҳагенга “минг йиллик ёмғир” ёғди. Бир неча дақиқада кўча ва биноларни сув босиб, қарийб бир миллиард евро зарар етказди.

“Ўша йили иқлим ўзгариши Копенҳагенга жиддий таъсир қилишини англадик ва содир бўлган ҳодисанинг оқибатларини чуқур таҳлил қилдик. Ёғингарчилик миқдори 30 фоизга ошиши, жала қуйиш ҳолатлари кўпайиши кутилмоқда, бу эса шаҳарга кенг кўламли таъсир кўрсатади”, — деб тушунтирди Копенҳагенда иқлим ўзгаришига мослашиш режасини амалга ошириш лойиҳаси директори Ян Расмуссен.

10 йилдан кўпроқ вақт муқаддам Копенҳагенда кучли ёмғир сувини бошқариш бўйича кўп миллиард евролик режа ишга туширилди. Шаҳар вайронкор ёмғирларга (30 дақиқада 15 миллиметрдан ортиқ) қарши курашни яхшилашга қаратилган режани амалга оширишга киришди. Пойтахтнинг “жала сувларини бошқариш режаси” бир қатор кичик ва йирик ечимларни ўз ичига олади: техник ва табиатни муҳофаза қилиш, ерусти ва ерости.

Шаҳарда сув қочириш тизимининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш учун бир нечта ерости туннелларини қуриш бошланди. Улардан бири Копенҳагеннинг ички кўлларини узоқ бандаргоҳ билан боғлайдиган 1,3 километр узунликдаги туннел бўлиб, унинг қурилиши 2026 йилда якунланади.

Копенҳагенда ёмғир сувини чиқариб юбориш учун қурилаётган туннелнинг насос станцияси.

“Шаҳарда ёғингарчилик кўп бўлганда, туннелни сув омбори сифатида тўлдиришимиз мумкин. Кейинчалик уни сув тозалаш иншоотига йўналтирса бўлади. Кучли жала пайтида эса туннелдаги сув бандаргоҳга оқизилади ва иншоот транспорт вазифасини бажаради”, — деди йирик режаларни амалга ошираётган HOFOR компаниясининг иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича мутахассиси Дитте Райнҳолд Енсен.

Копенҳаген марказида ёмғир сувларини олиб кетиш учун қурилаётган 2-3 метр кенгликдаги туннел.

Туннелнинг қиймати 43 миллион еврога баҳоланмоқда. “Қурилиш харажатлари биз олдини олаётган зарарни қоплайди”, — дейди Дитте.

HOFOR хабарига кўра, Валби ҳудудидаги бундай туннел 2024 йил 4 август куни ёғган ёмғир пайтида ўз самарадорлигини исботлаган.

Сув ресурсларини бошқариш учун ер усти ечимлари

Копенҳагенда ер усти ечимлари ҳам амалда синаб кўрилди, жумладан, аҳоли яшайдиган ҳудудларда ёмғир сувини йиғувчи майдончалар қурилди. Бундан ташқари, сув ўтказадиган асфалт турлари ҳам синовдан ўтказилди.

Айрим парклар бўронли об-ҳавога тўлиқ мослаштирилди. Қарийб аср аввал бунёд этилган тарихий Энгаве боғи 22 600 метр куб сувни сиғдирадиган омборга айлантирилди, бу саккизта Олимпия бассейнига тенг.

Ёмғир пайтида ортиқча сув боғдаги футбол майдонига оқиб тушади.

Лойиҳа шаҳарнинг турли ҳудудларида сув оқимини ўрганишга қаратилган кенг қамровли тадқиқотлар натижаси ҳисобланади. Парк Карлсберг туманидан қуйироқда жойлашган бўлиб, 3000 куб метр сувни ўзида сақлай олади. Ҳаддан ташқари кўп ёмғир ёғганда, ортиқча сув оқим бўйлаб пастга, ушбу паркка оқиб тушади.

“Дастлаб сув футбол майдонини, кейин кўлни тўлдиради. Ундан кейин гулзорга тушади. Агар бу етарли бўлмаса, боғ дарвозаси ёпилади ва бутун парк сувга тўлади”, — деб тушунтирди Ян Расмуссен.

Парк дарвозаларидан бири

Лойиҳа ташкилотчилари таъкидлашича, паркда сақланиб қолган кўл, футбол майдони ва дарахтзорлар туфайли бу жой кўринишидан сув ғамлаш иншоотлари мажмуасига ўхшамайди.

“Ушбу лойиҳани шаҳар меъморлари билан муҳокама қилганимизда, боғни албатта сақлаб қолиш зарурлигини айтдик ва бунга эришдик. Бу боғ сув омборига мутлақо ўхшамайди”, — дея қўшимча қилди Расмуссен.

Боғ ўзининг асл қиёфасини сақлаб қолган, масалан, у ерда мана бундай кўл бор.

Энгаве боғининг қуйи қисмидаги сувдан кўчаларни ювиш учун фойдаланиш мумкин. “Иссиқлик кучайиши ҳам кутилмоқда, шу сабабли барча масалаларни ягона режага бирлаштиряпмиз”, — деди Ян.

Унинг айтишича, Дания пойтахти иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ўз тажрибасини улашиш мақсадида C40 ва яна қатор ташкилотлар орқали бошқа шаҳарлар билан ҳамкорлик қилмоқда.

“Бу масала устида бошланган ишлар энди хотиржам бўлишимиз мумкинлигини англатмайди. Келажакдаги ёмғирларни енгиш учун доимий равишда ҳаракат қилиш керак”, — дейди HOFOR ходими Дитте Рейнхолд Енсен.

Янада тизимли ёндашув йўлида

Апрел ойида Европа атроф-муҳит агентлиги 2024 йилда шаҳарларнинг иқлим ўзгаришига мослашиши бўйича ҳисоботини эълон қилди, унга кўра шаҳарлар иқлим хавфларидан ҳимояланиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши ва шаҳар жамияти барқарорлигига сармоя киритиши керак.

Копенҳагеннинг аҳоли яшовчи ҳудудида яратилган ёмғир йиғувчи майдонча.

“Бугунги кўплаб ҳаракатлар ҳали ҳам лойиҳалар доирасида амалга оширилмоқда. Биз уларни янада тизимли қилишимиз керак. Бу шаҳарлар учун мураккаб вазифа, аммо вақт ўтиши билан янада кўпроқ ишлар қилишга тўғри келади”, — дейди агентликнинг иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича эксперти Вотер Ваневил.

У шаҳарларда ёғингарчилик сувларининг тўпланиб қолишига қарши туриш учун яшил ўсимликлар сонини кўпайтиришга, шунингдек, сувни фавворалар ва каналлар шаклида сақлашга чақирди.

Копенҳагендаги Европа атроф-муҳит агентлиги эксперти Вотер Ваневилнинг таъкидлашича, Европада иқлим хатарлари кучаяди.

Агентлик маълумотларига кўра, 2021, 2022 ва 2023 йиллар экстремал об-ҳаво ҳодисалари, хусусан, сув тошқинлари туфайли энг катта иқтисодий йўқотишларга дуч келган даврлар қаторига кирди.

“Ер юзида жуда кўп воқеалар содир бўлмоқда. Йирик шаҳарлар йиллар давомида режалар ишлаб чиқади ва амалга оширади. Аммо энди махсус жамоа тузишга етарлича ресурси йўқ кичик шаҳарлар учун ҳам уларни амалга оширишга киришиш вақти келди. Кўп ишлар қилиб бўлинган, бироқ ҳали бундан ҳам кўп вазифаларни бажариш керак”, — дея хулоса қилди Европа атроф-муҳит агентлиги эксперти.

Мавзуга оид