Жамият | 18:09 / 13.09.2024
5683
2 дақиқада ўқилади

Андижонда ўқувчиларни жазо сифатида ўтириб-турғазган ходимга чора кўрилди

Шаҳар ММТБнинг хабарига кўра, дарсга кеч қолган 10-синф ўқувчи қизларини мактаб директори эмас, муассасанинг масъул ходими жазолаган. Ҳолат мактаб директори томонидан назоратга олиниб, ўқувчилар дарсга юборилган, масъул ходимга эса интизомий чора кўрилган.

Фото: Видеодан кадр

12 сентябр куни Андижон шаҳридаги 5-мактабда кечикиб келган ўқувчи қизлар ўтириб-туриш машқи билан жазолангани хабар қилинганди. Ҳолат юзасидан шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, воқеа ҳақиқатан ҳам шу санада мактабнинг 10-“З” синф ўқувчилари билан соат 9:20 да содир бўлган. Таъкидланишича, болалар мунтазам дарсга кеч қолишади, шу сабаб муассасанинг масъул ходими Д.Т. томонидан ўқувчилар тартибга чақирилган.

Ушбу ҳолат мактаб директори томонидан назоратга олиниб, ўқувчилар дарсларга киритиб юборилган ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари билан дарс жараёнлари 8:00 дан бошланиши ва ушбу вақтда ўқувчиларнинг мактабга келишларини таъминлаш зарурлиги юзасидан суҳбат олиб борилди.

Шунингдек, мактаб директори томонидан масъул ходим Д.Т.га ўқувчилар билан педагогик этика қоидаларига риоя этган ҳолда муносабатда бўлиши юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, унга нисбатан интизомий чора қўлланди”, – дейилади расмий изоҳда.

Эслатиб ўтамиз, сайтда эълон қилинган хабардан сўнг Болалар омбудсмани ва Мактаб вазири Ҳилола Умарова вазият назоратга олинганини, буни оқлаб бўлмаслигини билдиришганди.

Маълумот учун, 5-мактабдаги жазолаш – 2022 йил июлда вазир буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари”га зид ҳисобланади.

Мавзуга оид