Жаҳон | 13:51 / 13.09.2024
3317
3 дақиқада ўқилади

АҚШда тўрт америкалик Россия учун ишлаганликда айбдор деб топилди

Қўшма Штатлардаги ҳакамлар ҳайъати америкаликларни Россия манфаатларига қарши ноқонуний фаолиятда айбдор деб топди. Улар "Россия аксилглобалистик ҳаракати" раҳбари, мухолифат матбуотига қарши аризалар муаллифи Александр Ионов билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Фото: AP

Қўшма Штатлардаги ҳакамлар ҳайъати тўрт америкалик фуқарони Россия манфаатларини кўзлаб АҚШда ноқонуний фаолият юритиш мақсадида фитна уюштирганликда айбдор деб топди. Бу ҳақда 12 сентябр, пайшанба куни АҚШ Адлия вазирлиги пресс-релизни тарқатди.

Айбланувчилар 82 ёшли Омали Йешитела, 78 ёшли Пенни Хесс ва 34 ёшли Жесси Невел (учаласи ҳам Сент-Луисда яшайди), шунингдек, 38 ёшли кичик Огастес Ромейндир, у Атлантада истиқомат қилади. Йешитела, Хесс ва Невел Африка халқ социалистик партияси (АХСП) ёки унинг филиаллари раҳбарлари эди. Кичик Ромейн ҳам АХСП аъзоси бўлган, аммо 2018 йилда партияни тарк этди ва Жоржияда "Қора дубулға" гуруҳига асос солди, дейилади пресс-релизда.

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, айбланувчилар АҚШда камида 2015 йилнинг майидан 2022 йилнинг июлигача Кремл манфаатлари йўлида ҳаракат қилган. Масалан, Хесс БМТга АҚШ ҳукуматини Африка халқлари геноцидида айблаб, петиция тузди ва чоп этди. Кейинчалик бу петиция Россия оммавий ахборот воситаларида фаол тарғиб қилинди. Ромейн 2022 йил феврал ойи охирида Россиянинг Украинага ҳужумидан кўп ўтмай, Калифорнияда ижтимоий тармоқлардан бири штаб-квартираси олдида "россияпараст қарашларнинг бостирилиши"га қарши намойиш уюштирди.

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, бу ҳаракатларга Кремлга яқин "Россия аксилглобалистик ҳаракати" раҳбари, Россиянинг мухолиф ОАВга қарши бир қатор аризалар муаллифи Александр Ионов раҳбарлик қилган ва молиялаштирилган. Хусусан, "Медуза" ва The Bell нашрлари Ионовнинг аризаларидан кейин Россия Федерациясида "чет эл агентлари" деб тан олинган. АҚШ расмийлари Ионовни Россия номидан таъсир кампаниясини олиб боришда, жумладан сайловларга аралашиш ва Америка фуқароларини ёллашда айбламоқда. 2022 йилнинг июлидан бери у АҚШ санкциялари остида.

Йешителе, Хесс, Невел ва Ромейн беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Уларнинг жазо муддати ҳали белгиланмаган. Терговга АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) раҳбарлик қилмоқда.

Мавзуга оид