Ғазодаги БМТ мактабига зарба, Путиннинг навбатдаги дағдағаси ва француз полицияси билан ҳамкорлик қилаётган Telegram — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
БМТ бош котиби Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш бўйича Яқин Шарқ агентлиги — UNRWA'нинг мактабига Исроил ҳужуми натижасида БМТнинг 6 нафар ходими ҳалок бўлганини хабар қилди.
Мазкур мактаб Ғазонинг марказий қисмидаги Нусайрат қочқинлар лагерида жойлашган.
Гутерришнинг таъкидлашича, Ғазода содир бўлаётган воқеаларга мутлақо тоқат қилиб бўлмайди. Исроил 12 минг киши жон сақлаётган мактабга ҳаводан зарба берган.
Гутерриш халқаро ҳуманитар ҳуқуқни бундай даҳшатли тарзда топташга зудлик билан чек қўйиш заруриятини таъкидлади.
Ғазо сектори фуқаролик мудофааси хизмати «Ал-Жауний» мактабига ҳужум натижасида яна 18 киши ҳалок бўлгани, 20 га яқин одамлар жароҳатлангани, уларнинг аксариятини ёш болалар ва аёллар ташкил этганини хабар қилган.
Исроил армияси Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида жойлашган ҲАМАС бригадасини тор-мор этди ва унинг 2308 нафар жангчисини йўқ қилди. Бу ҳақда Times of Israel хабар берди.
«Рафаҳ бригадаси мағлуб этилди. Унинг тўртта баталйони йўқ қилинди ва биз шаҳар ҳудудини назорат қилиш операциясини якунладик», деган генерал Ицик Коэн.
Ҳарбийлар бир-бирига боғланган 203 та ерости туннелини ҳам аниқлаган. Улар Мисрдан Филаделфия коридоригача чўзилган. Ҳарбийлар ўтиш йўлакларининг кўпини вайрон қилган.
Исроил томони маълумотларига кўра, ҲАМАС биринчи навбатда Филаделфия коридоридаги туннеллардан қурол олиб ўтиш учун эмас, балки узоқ масофага учувчи ракеталарни сақлаш учун фойдаланган.
Ғазодаги қирғинбарот босқиннинг 342-кунига келиб, эксклавда қурбон бўлганлар сони 41 минг 118 кишига етди. Ярадорлар сони 95 минг 125 нафар.
Сўнгги сутка ичида Исроил армиясининг ҳужумларидан 34 киши ҳалок бўлган, 96 киши яраланган.
Боррелдан хафа Исроил
Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел ўзининг Исроилга режалаштирилган ташрифини бекор қилди. Айни пайтда Боррел минтақа бўйлаб сафар қилмоқда ва унинг доирасида Миср ва Ливанда бўлди.
У Исроилнинг Ғазо секторида олиб бораётган қирғинбарот уруши ортидан минтақада келиб чиққан тарангликни йўқотиш учун музокараларда иштирок этмоқда.
Юқори мартабали европалик дипломат Исроилнинг Европа Иттифоқидаги элчиси Ҳаим Регевга маълум қилишича, Исроилга мўлжалланган ташрифнинг бекор қилинишига сабаб Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац давлат ташрифи билан бормоқчи бўлган Боррелни қабул қилишни истамаган, деб ёзади Исроилнинг Yedioth Ahronoth нашри.
Жозеп Боррел Ғазодаги уруш тўғрисидаги фикрлари, шунингдек, фаластинликларга нисбатан нафратга йўғрилган гапларни мудом такрорлаб турувчи Исроилнинг ултраўнг нацист вазирлари Итамар бен Гвир ва Бецалел Смотричга нисбатан санкциялар жорий этиш тўғрисидаги чақирувчилари сабаб Исроилда танқид ўқлари остида қолган эди.
«Урушгача Ғазо очиқ осмон остидаги жаҳоннинг энг катта қамоқхонаси эди. Бугун эса бу очиқ осмон остидаги энг катта қабристонга айланди. Бу ерда нафақат ўн минглаб одам кўмилди, шунингдек ҳуманитар ҳуқуқнинг кўпраб муҳим принциплари ҳам дафн этилди», — деган эди Боррел.
Украинадаги навбатдаги зарбалар
Украинада Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг ходимлари ҳалок бўлди.
Донецк областининг ўққа тутилиши натижасида Халқаро Қизил хоч қўмитасининг уч нафар ходими ҳалок бўлган. Бу ҳақда қўмита Х ижтимоий тармоғидаги аккаунтида маълум қилган.
Баёнотга кўра, фронтнинг олд чизиғида жойлашган аҳоли пунктларидан бирида инсонпарварлик ёрдами тарқатилаётганда уларга қарата ўт очилган. Уч киши ҳалок бўлган, яна икки киши яраланган.
«Бу — Россиянинг урушдаги яна бир жинояти», деб ёзган Украина президенти Володимир Зеленский.
Украина президенти Володимир Зеленский россиялик ҳарбийлар Қора денгизда Миср учун мўлжалланган ғалла ортилган юк кемасига ракета зарбасини берганини маълум қилди.
«Жаҳоннинг бу борадаги муносабатини кутамиз. Ғалла ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳеч қачон ракеталар нишонига айланмаслиги керак», — деган Зеленский.
Украина Ҳарбий-денгиз кучларига кўра, ҳужумга учраган AYA кемаси Сент-Китс ва Невис байроғи остида сузади. Россия ҳарбийлари томонидан учирилган ракета чап бортга шикаст етказган. Кема бортида ҳеч кимга зарар етмаган. Россия томони ҳозирча ҳолатга ҳеч қандай муносабат билдирмади.
Путиннинг янги дағдағаси
Россия президенти Владимир Путин НАТО давлатларида ишлаб чиқарилган қуроллардан Россия ичкарисига чуқур зарба беришга рухсат берилаётгани тўғрисидаги хабарларга изоҳ берди.
Путиннинг сўзларига кўра, Украина Ғарб давлатларидан келтирилган юқори аниқликдаги қурол-яроғлардан Россия ичкарисига зарба бериш «салоҳиятига эга эмас». Бундай қурол-яроғлардан самарали фойдаланиш учун Украина қуролли кучларига АҚШ ва Европа Иттифоқининг сунъий йўлдошларидан туширилган маълумотлар керак бўлади, шунингдек, «ракета тизимларига парвоз вазифаларини фақат НАТО давлатлари ҳарбий хизматчилари юклай олади».
Шунинг учун Владимир Путин Киевга узоқ масофаларга парвоз қила оладиган ракеталардан фойдаланишга рухсат берилиши эҳтимолини Шимолий Атлантика алянсининг Россияга қарши урушда «тўғридан тўғри иштироки» деб атаган.
«Бу НАТО мамлакатлари, жумладан АҚШ ва Европа давлатлари Россия билан урушаётганини англатади», — деган Путин.
Путин агар Киевга Россияга қарата ғарб қуроллари билан зарба беришга рухсат этилса «яратилаётган таҳдидлардан келиб чиққан ҳолда тегишли қарорлар қабул қилиниши»ни таъкидлаган.
Аввалроқ Буюк Британия Украинага Россия ҳудудига ҳужум учун 550 км олисликка уча оладиган Storm Shadow қанотли ракеталаридан фойдаланишга рухсат беришга қарор қилди, деб хабар берган эди The Guardian газетаси.
Дебатда ютқазган Трамп
АҚШ президентлигига номзод Доналд Трампнинг молиявий донорлари унинг дебатдаги чиқишидан мутлақо қониқмаган.
Республикачилар собиқ президент Доналд Трамп Камала Ҳаррис билан илк сайловолди дебатида муваффақиятсизликка учраганини тан олмоқда. Республикачилар партиясининг бир қатор мансабдорлари, ҳомийлари ва маслаҳатчилари Трамп очиқчасига чиқишни барбод қилганини таъкидлашган. Гарчи собиқ президент ўз чиқиши «ўта ёрқин» бўлганини таъкидлашдан чарчамаётган бўлса ҳам.
Трампнинг энг кўзга кўринарли иттифоқчиси республикачи сенатор Линдси Грэҳэм Трампнинг чиқиши жуда ёмон бўлганини омма олдида таъкидлаган партиянинг кам сонли етакчиларидан бири бўлди.
«Йўқотилган имконият», — деган бир сўз билан Грэҳэм Трампнинг дебатдаги чиқишини. Унга кўра собиқ президент диққатини жамлай олмаган ва ўз муваффаиятлари билан мақтаниш имкониятини бой берган.
Трампнинг собиқ иттифоқчиси Крис Кристи Камала Ҳаррис дебатга «жуда яхши» тайёргарлик кўргани, Трамп эса тайёргарликсиз чиққанини таъкидлаган.
Сешанба куни Филаделфияда бўлиб ўтган телевизион дуэлни дастлабки маълумотларга кўра америкаликларнинг 60 фоизи томоша қилган. Бу сайловолди кампаниясида Трампнинг зарарига хизмат қилувчи янги бурилиш нуқтаси бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Financial Times нашри томонидан ўтказилган сўровда донорлар гарчи Трампнинг чиқишидан норозилигини билдирган бўлса-да, дебат унинг сайловолди кампаниясини барбод қила олмаслигини таъкидлаган. Республикачи номзод ҳамон сайловда иккиланувчи етти штатнинг тўрттасида етакчилик қилмоқда.
Дуровни «кўндиришди»
Теlegram Франция полиция сўровларига жавоб беришни бошлади, деб ёзмоқда Франциянинг Liberation нашри. Павел Дуров Парижда ҳибсга олингач, мессенжер француз полициясининг юридик сўровларига жавоб беришни бошлаган.
Liberation нашри манбаларига кўра, Теlegram Франция полициясининг вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси (OFMIN) сўровига кўра, бир қанча тергов жараёнларида гумонланувчини идентификация қилиш имконини берувчи маълумотларни тақдим қилган.
«Эшиклар ростдан ҳам очилмоқда», — деган Париж прокуратураси вакили Жоанна Брус. Ушбу маълумот Франциядаги барча прокуратуралар орасида тарқалмоқда. Уларга Теlegram билан боғлиқ музлатиб қўйилган жиноят ишлари терговини қайта бошлаш тавсия қилинган.
Ушбу тенденция Белгияда ҳам кузатилган. «Биз бир қанча вақт давомида Теlegram суд ҳокимияти билан ҳамкорликка мойил бўлганини қайд этдик», — деган Белгия федерал прокуратураси.
Мавзуга оид
13:18 / 23.12.2024
Оташкесимга яқин келган Ғазо, пулини ўзгартираётган Эрон ва немис журналистларига босимлар — кун дайжести
13:59 / 21.12.2024
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024
Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести
13:16 / 19.12.2024