Ҳарбий контрразведка: Россия Германияга қарши жосусликни кучайтирди
Германия ҳарбий контрразведка хизматининг янги йиллик ҳисоботида қурол-яроғ ва ўқ-дориларни етказиб бериш йўллари, Украинадаги урушдаги оператив тактика, шунингдек, Россия разведка хизматлари томонидан амалга оширилган диверсиялар ҳақида сўз боради.
Германия ҳарбий контрразведка хизмати - MAD Россия разведка хизматларининг Германиядаги жосуслик фаолияти шакллари кучайиши ва ўзгаришини қайд этди. 12 сентябр, пайшанба куни чоп этилган янги йиллик MAD ҳисоботида қурол ва ўқ-дориларни етказиб бериш йўллари, Россиянинг Украинага қарши урушидаги оператив тактикаси, шунингдек, Германиядаги диверсиялар ҳақида сўз боради.
MAD маълумотларига кўра, ҳозирда Россия саъй-ҳаракатлари Германиянинг Киевга ҳарбий ёрдами тафсилотларини аниқлашга қаратилган: транспорт таъминоти йўллари, шунингдек, ўзини Россия ҳарбий агрессиясидан ҳимоя қилаётган Украина ҳудудида Ғарб қурол-яроғ тизимларини жойлаштириш координаталари.
Натижада, Россия махсус хизматларининг Берлин ҳарбий сиёсати ва стратегиясига бўлган қизиқиши асосий стратегик хусусияти тобора тактик соҳага ўтмоқда. «Россия томони учун ўз қуролли кучларига жанг майдонида устунлик берадиган маълумотларни олиш ҳал қилувчи рол ўйнайди», дейилади ҳужжатда.
Россиянинг Германиядаги диверсиялари таҳдиди жиддийлигича қолмоқда
MAD ҳисоботига кўра, Германия қуролли кучлари - Бундесвернинг Германия Федератив Республикасини ҳимоя қилиш имкониятлари яна Россия разведкаси диққат марказида бўлиб турибди. «Германиядаги инфратузилма ва мудофаа учун муҳим иншоотларга қарши эҳтимолий диверсиялар жиддий қабул қилиниши керак бўлган таҳдид бўлиб қолмоқда», дейилади ҳисоботда. MAD президенти Мартина Розенберг таъкидлаганидек, «мавжуд таҳдидлардан ҳимояланиш қобилиятимизни кучайтириш учун катта вазифа бор» ва «асосий мақсад Бундесверни ҳарбий ҳаракатларга яроқли ҳолга келтиришдир».
Ҳисоботда, шунингдек, россиялик немислар оиласидан чиққан ёки рус миллатига мансуб ҳарбий хизматчилар орасида Россия президенти Владимир Путин курсини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги хавотирлар борлиги қайд этилган.
MAD нима билан шуғулланади?
Бош офиси Кёлнда жойлашган Германия Ҳарбий контрразведка хизмати немис разведка хизматларининг энг кичиги ҳисобланади, у тузилмавий жиҳатдан Германия Мудофаа вазирлигига бўйсунади. Унинг вазифаларига, хусусан, қуролли кучларни жосусликдан ҳимоя қилиш ва экстремизмга қарши курашиш киради. 2024 йил 1 январ ҳолатига кўра, MAD ходимлари сони 2131 кишини ташкил қилган, бу ўтган йилга нисбатан 160 нафарга кўп.
Мавзуга оид
22:22 / 23.12.2024
Россиянинг Суриядаги базалари: улар ёпилса, нима бўлади?
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
20:41 / 23.12.2024
Россияда YouTube трафиги кескин камайди
19:55 / 23.12.2024